Ичан қалъа – “Минг бир кеча” эртагига менгзаш сеҳрли манзил
Ўтган йили Ичан қалъага ташриф буюрган жами 526 мингга яқин сайёҳнинг 200 минг нафардан зиёди хорижлик меҳмонлардир. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида ташриф буюрган 200.872 сайёҳнинг 58.124 нафарини чет элликлар ташкил этди. Улар орасида айниқса Россия, Франция, Испания, Италия, Туркия, Германия, Англиядан ташриф буюраётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Нафақат сайёҳлар, балки хорижий мамлакатлар раҳбарларининг Хива заминига эътибори ва қизиқиши баланд. Кейинги даврда Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Татаристон президентларининг қадимий Хивага ташрифи ва музей шаҳар нуфузи эътироф этилаётганлиги ифодасидир.
Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Хива бугунги кунда дунё сайёҳлари нигоҳида турган қадимий шаҳардир. Албатта, бу бежиз эмас. Кўплаб тарихий-меъморий обидалар яхлит жойлашган Ичан қалъага ташриф буюрган киши ўзини қадим замонларга, худди “Минг бир кеча” эртакларида тасвирланган сеҳрли бир манзилга тушиб қолгандай ҳис қилади. Ўзгача тасаввурлар ва завқ қанотида мўъжизавий оламга сайр қилгандай бўлади.
Хивада илк музей фаолият бошлаганига 106 йил бўлди. 1920 йил 27 апрелда Хоразм Халқ Республикасининг 1-қурултойи қарори билан хонлар қароргоҳи бўлган Кўҳна Аркда иш бошлаган дастлабки ихчам музей бугунги музей-қўриқхонанинг асоси бўлган эди.
Музейни ташкил этишда жадидчилик ҳаракати фаолларидан ҳисобланган, ўша даврда маориф ва маданият нозири бўлган Мулла Бекжон Раҳмон ўғли ва Ёш хиваликлар ҳаракати йўлбошчиси Мулла Жуманиёз Султонмуродовлар ташаббус ва ташкилотчилик кўрсатишган.
1967 йилда Хива тарихий-меъморий қўриқхона деб эълон қилинган. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар дея эътироф этилган Ичан қалъа ва унинг бағридаги музей Ўзбекистон Вазирлар кенгашининг 1969 йил 21 июлдаги қарори билан бирлаштирилиб “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасига айлантирилган. 1990 йил 12 декабрда эса музей-қўриқхона халқаро ЮНЕСКО ташкилоти қарорига мувофиқ умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди.
Умумий майдони 26 гектарни ташкил этувчи Ичан қалъа ҳудудида бугунги кунда 58 та тарихий-меъморий обида мавжуд. Музей қўриқхонадаги турли соҳа ва йўналишларга оид 16 бўлим, 28 та экспозицияда минглаб нодир экспонатлар ташриф буюрувчиларга намойиш этилмоқда.
Музей-қўриқхона фондида 57.370 дан зиёд экспонатлар мавжуд бўлиб, улардан тўрт мингдан зиёд нодир осори-атиқалар кўргазма ва экспозицияларда намойиш этилмоқда.
Илмий изланишлар, археологик тадқиқотлар асосида улар сони йил сайин бойитиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Маданий меросга менинг ҳиссам!” лойиҳаси асосида фуқаролар томонидан музей-қўриқхонага ноёб тарихий буюмларни беғараз туҳфа қилиш тадбирлари ҳам амалга оширилаётир. Шу лойиҳа йўналишида жорий йилнинг ўтган даврида элдошларимиз томонидан 57 та тарихий ашёлар туҳфа этилди.
Шунингдек, Тошҳовли саройида “Меҳмонхона” интерьери, “Миллий либосларимиз – қадриятларимиз безаги” экспозицияси, тарихий обида - Янги услуб мактаби биносида Ўрта Осиёда биринчи фото ва кино тасвирчи Худойберган Девонов ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган кўргазма, “Хоразм мусиқа тарихи” бўлимида хоразмлик машҳур санъаткорларга бағишланган кўргазмалар ташкиллаштирилди.
Туризм жозибадорлигини ошириш мақсадида “Тунги Хива” дастури, шунингдек, санъатнинг турли йўналишларида маданий хизматлар йўлга қўйилгани меҳмонларга манзур бўлмоқда.
Хоразм вилояти қўғирчоқ театри ижодкорлари, шаҳар ва туман маданият бўлимлари қошидаги ашула ва рақс ансамбллари ҳамда фольклор жамоалари ижросидаги “Хон қабули” деб номланган саҳнавий томошалар, кўнгилочар миллий концерт дастурлари сайёҳларга чексиз таассурот бағишламоқда.
Бундан ташқари Ичан қалъа ҳудудида ўтказилаётган Халқаро “Рақс сеҳри”, “Бахшичилик”, “Лазги” рақс, фестиваллари, Қовун сайли, спортнинг кураш, камондан ўқ отиш, шахмат, шашка, карате, бокс ва бошқа турлари бўйича ўтказилаётган вилоят, республика миқёсидаги мусобақалардан сайёҳлар баҳраманд бўлишаётир.
“Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг туризм соҳасига доир халқаро анжуманлар ва ярмаркалардаги иштироки йил сайин кенгаймоқда, республика ва хорижий давлатлардаги музей жамоалари билан ҳамкорлиги ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Франциянинг жаҳонга машҳур Лувр музейида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ташкил этилган кўргазмада музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган нодир экспонатлар намойишга қўйилди. Шунингдек, ўтган йили Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида ва Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган халқаро туризм ярмаркаларида ҳам хивалик музей ходимлари ўз кўргазмалари ва тарғибот жамламалари билан муваффақиятли иштирок этишди. Кўплаб сайёҳлик ташкилотлари, шу йўналишдаги тадбиркорлар билан шартномалар имзоланди.
Отабек ИСМОИЛОВ, журналист.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0