Халтурадан Джураевгача: нега исм-шарифимизни хато ёзамиз?
Сўнгги ўн йилликларда тўғри ёзиш масаласи Ўзбекистонда жиддий муаммога айланди. Албатта, сабаблар бор: алифбо борасида ўлда-жўлда ислоҳотлар, мактаблардаги таълим сифати ва ҳоказо. Аммо инсон ўз исмини тўлиқ ва тўғри ёза олмаслиги жуда ачинарли. Афсуски, русча талаффузда бузилган ўзбекча исмлар ҳали-ҳануз орамизда кўп учраб турибди.
Фарзандларга чиройли исм бериш динда ҳам, жамиятда ҳам энг муҳим вазифалардан саналади. Ҳарҳолда киши исм-шарифини бир умр кўтариб юради, мактабда, университетда, оилада, умуман деярли ҳамма жойда ундан кенг фойдаланади. Афсуски, тушунмовчилик деймизми, саводсизлик деймизми, ёзма манбаларда айрим исм-фамилиялар жуда хато ва қўпол кўринишга келиб қолади.
Масалан, туғилганлик гувоҳномасида фамилияси Джураев, Вахидов, Абдураззакова, Иргашев ва бошқа шаклларда (айнан шу фамилияли инсонларга мурожаат қилмоқчи эмасмиз, улар тасодифан танланди, лекин орамизда йўқ дея олмаймиз) ёзилганлар паспортда ҳам шундай ёздиради, ҳатто унга айримлари унга шундай дея мурожаат қилишни сўрайди. Лекин инсон бир миллатга мансубми, ўз исми-шарифини аввало ўз она тилисида тўғри ва аниқ қилиб ёзиши керак. Алифбо борасидаги камчиликлар, катта авлоднинг кирилл алифбосидан фойдаланиши, ёшроқ авлод лотинда савод чиқаргани, турли ҳарфлар, ҳарф бирикмалари ҳам турли ноаниқликларни келтириб чиқарган. Бундан бир неча йиллар аввал Полатова Джамила Шагайратовна Болалар гематологияси илмий маркази директори лавозимига тайинланди, деган хабарни ўқигандим. Ёки Исҳоқов деган туппа-тузук фамилия русча аралаштириб Ishakov ёзилгани учун бир жойда Ишаков деб ўқилганини, эгаси қизариб қолганини кўрганман.
Муаммонинг яна бир жиҳати кўпчилик ижтимоий тармоқларда ўз исм-шарифларини кулгили даражада нотўғри ёзади. Кирилл-лотин аралашуви, русчалашув, “ҳ” ва “х” ҳарфлари алмашинуви ёки шунчаки хато ёзишлар ортидан жуда ғалати исмлар келиб чиқади ва уларнинг эгалари бундан хижолат ҳам бўлишмайди. Уларнинг аксарияти исм-фамилиялари паспортда шундай ёзилганини важ қилишади, лекин ижтимоий тармоқлар нотариус эмаслиги, ҳужжат бўйича ёзишни талаб қилмаслигини ҳисобга олишмайди.
Келинг, айрим мисоллар келтирай: Менинг виртуал дўстларим орасида Ксусниддин (менимча Ҳусниддин), Xucanboy (Ҳусанбой), Урок (Ўроқ), Джахангир (Жаҳонгир), Halik (Холиқ), Ahundjan (Охунжон), Садик (Содиқ) каби инсонлар бор.
Бугун мамлакатимизда (асосан ёшлар) инглиз тили ҳам кенг ўрганилмоқда. Шу аснода аввал рус тили билан кузатилган қатор муаммолар инглиз тили билан ҳам юз бермоқда. Шулардан бири исмларни тўғри ёзиш масаласидир.
Агар хорижий ташкилотлар, чет элликлар сизни исм-шарифингизни инглиз тилида бузиб айтишса, балки уларни тушуниш мумкиндир. Лекин баъзи ёшларимиз атайлаб, ғирт ўзбек бўла туриб исмларини инглизча сўзларга менгзаб ёзишади. Масалан, Abduvakhobov, Ishmuhammedov, Kilichev қабилида ёзишлар пайдо бўлди. Албатта, чет эллик кишилар суҳбатлашганда шундай шаклда тақдим этиш тўғридир, аммо тармоқда аудиторияси фақат ўзбеклардан иборат бўлганлар, инглиз тилида салом-аликдан нарёғига ўта олмайдиганлар ҳам аксарияти номини ғарбча ёзишга уринади.
Кўпчилик исмларнинг бу даражада бузилиб кетишига ФҲДЁ органларида аввал русийзабон кишилар ишлагани ва собиқ Иттифоқнинг таъсирини сабаб қилиб келтиради. Айтишларича, совет даврида исм ва фамилияларни иложи борича рус тилига яқинроқ қилиб ёзиш омили ҳам бўлган. Аммо яқинда мустақил бўлганимизга 35 йил тўлади. Барча ҳуқуқларимиз қатори исталган жойда ўз она тилимизда сўзлашиш имконияти ҳам қайтариб берилди. Хўш, нима учун бу имкониятдан тўлиқ фойдаланмаяпмиз?
Озгина ҳафсала қилсак, бир пайтлар кимларнингдир айби билан нотўғри ёзилган исмимизни тўғрилаб олишимиз мумкин. Қонунга кўра, барча кишилар бемалол ўз исм-фамилияларини ўзгартиришга (тўғрилаш)га ҳақли. Албатта, бунда бир қатор ҳужжатлар ва юридик жараёнлар талаб этилади. Фамилияни, исмни ва отанинг исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи ўн олти ёшга тўлгандан кейин фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан, ушбу шахснинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдан қатъи назар, кўриб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганча, исм инсоннинг юзи. Шу сабабдан чиройли юзни ҳеч қачон қийшиқ қилиб кўрсатмаслигимиз керак. Шу ўринда, бошқаларга ҳам мурожаат қилиб қолардим: агар шерингингиз илмсизлик ёки бошқа сабабданми, исми-фамилиясини хато ёзиб юрган бўлса, унга ётиғи билан тушунтиринг. Тилимиз софлигини сақлашга, гўзал ва маъноли исмларимиз борлигини тушунишга ёрдам беринг. Бир пайтлар Холтўра исмли шахснинг ҳужжатига ўрисчалатиб Халтура деб ёзишганини, камлик қилгандек шу исмли одам ҳамма жойда исмини шундай ёзиб юрганини эшитгандим. Ҳар бир ўзбекча исм – бу ўзбек халқининг юзидир. Бизнинг кичкина хатоимизни деб, бошқалар устимиздан кулмасин. Хўш, сиз бу фикрга нима дейсиз?
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0