Халқаро эътироф: «Бизнесни ривожлантириш банки» Euromoney ғолиби бўлди
«Бизнесни ривожлантириш банки» акциядорлик тижорат банки дунё молия соҳасидаги энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири ҳисобланган Euromoney Awards for Excellence 2026 танловида «Central Asia's Best Bank Transformation 2026» («Марказий Осиёдаги энг яхши банк трансформацияси – 2026») номинацияси бўйича ғолиб деб эътироф этилди.
Мазкур мукофот банк томонидан амалга оширилган кенг кўламли трансформация дастурининг халқаро миқёсдаги эътирофи бўлиб, унинг давлат молия институтидан замонавий универсал тижорат банкига айланиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш борасида эришган ютуқларини тасдиқлайди.
Euromoney халқаро нашри экспертлари таъкидлаганидек, ребрендинг ва бизнес моделининг тубдан янгиланиши натижасида банк замонавий молиявий институт сифатида шаклланиб, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кенг кўламли банк хизматларини тақдим этаётган универсал тижорат банкига айланди.
Трансформациянинг муҳим йўналишларидан бири банк хизматларини рақамлаштириш бўлди. Biznes 24/7 рақамли платформасининг жорий этилиши мижозларга масофавий банк хизматларидан фойдаланиш, ҳисобварақларни бошқариш ҳамда молиявий маҳсулотлардан тез ва қулай тарзда фойдаланиш имкониятини яратди.
Мукофот юзасидан фикр билдирган Банк Бошқаруви раиси Сахи Аннакличев шундай деди:
«Euromoney мукофотига сазовор бўлиш банкда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро даражадаги эътирофи ҳамда танланган тараққиёт стратегиясининг тўғри эканлигининг яна бир тасдиғидир. Биз тадбиркорлар эҳтиёжларига жавоб берадиган, инновацион технологияларга таянган ва юқори сифатли молиявий хизматларни тақдим этадиган замонавий банкни шакллантириш йўлида изчил иш олиб бормоқдамиз. Ушбу муваффақият банк жамоаси, мижозларимиз ва ҳамкорларимизнинг биргаликдаги меҳнати самарасидир.»
Шунингдек, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, инсон капитали салоҳиятини ривожлантириш, рискларни бошқаришнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш ва инновацияларга асосланган корпоратив маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур халқаро мукофот «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг эришган натижалари халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланганини тасдиқлаб, уни Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган молия институтларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Ушбу эътироф банкнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, рақамли молиявий хизматларни янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг барқарор иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи стратегик ташаббусларни изчил амалга оширишида муҳим рағбат бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун: Euromoney Awards for Excellence — 1992 йилдан буён Буюк Британиянинг Euromoney журнали томонидан ҳар йили ўтказиб келинаётган жаҳон молия соҳасидаги энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири ҳисобланади. Мукофот стратегия, инновациялар, мижозларга хизмат кўрсатиш сифати, барқарор ривожланиш, корпоратив бошқарув ва институционал трансформация йўналишларида юқори натижаларга эришган молия институтларига берилади. Ғолиблар мустақил халқаро экспертлар томонидан молиявий кўрсаткичлар, бизнес модели самарадорлиги, инновацион ёндашувлар ҳамда молия соҳаси ривожига қўшган узоқ муддатли ҳиссаси асосида аниқланади.
Манба




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0