Газ камераси хавфига қарамай бир ўзбекни асраган немис оиласи
Яқинда Gazeta.uz сайтида BBC томонидан наманганлик Боқижон Акрамов ҳақида ёзилган мақолани ўқидим. Унда инсонийликнинг энг олий кўриниши ифодаланган, десам, адашмайман. Дунёни сақлаб турган нарса аслида урушларга сабаб бўлаётган ерлар, табиий бойликлар эмас, балки меҳр, раҳм-шавқат, ўзаро ҳурмат ва севги бўлса керак. Мақоладаги воқеалардан шундай хулоса чиқардим.
Иккинчи жаҳон уруши даврида немис лагерларидан қочган асирларга ёрдам берганларга газ камераларида ҳалок қилиш каби шавқатсиз жазолар қўлланилган. Шунга қарамасдан, германиялик фермер Жон Ле Бретон ва унинг аёли ўзбек йигити Боқижон Акрамовни икки йил давомида уйларида яширинча сақлаб келадилар. Воқеа уруш инсонларни шафқатсиз қилиб қўйса ҳам, уларнинг ўзаро меҳрини йўқ қила олмаганини, дунёни гўзаллик қутқаради деганда аввало, меҳр-оқибат назарда тутилганини кўрсатади.
Давлатлар ўртасидаги низолар, ҳудудий талашлар кўпинча саноқли йирик сиёсатчиларнинг бир-бирига ғарази, «Мен сендан кам эмасман» маъносидаги ўзгаларни менсимаслик туйғулари ортидан бошланади. Ўзгалар устидан ҳукмронлик қилиш истаги эса айрим давлат раҳбарларига сиёсий меросдек гўё. Ҳозир дунёда бўлаётган нотинчликларнинг келиб чиқишини кузата туриб, шундай хулосага ҳам боради одам.
Шуниси аниқки, урушда ютганлар бўлмайди. Икки томондан ҳам қанчадан қанча инсонлар – оналарнинг фарзандлари ҳалок бўлади. Шаҳарлар хонавайрон бўлади. Уруш уни бошлаганларнинг эмас, оддий одамларнинг ҳаётига азоб беради, кулфат келтиради.
Мақолада ёзилишича, Ле Бретонлар шарофати билан Боқижон Акрамов 12 соат тинмасдан яланг оёқ ҳолда конда тош қазиш ва қаҳратон қишда юпун кийимда ишлашдек азобдан қутилади. Немис оиласи унга ҳар куни нон, чой ва овқат беради. Тўғрироғи, бу наманганлик юртдошимиз учун озуқа эмас, ҳаёт туҳфаси бўлади. Кейинчалик Боқижон амаки Ўзбекистонга қайтиб, ҳаётини давом эттира олган. Фарзандлар, ҳатто набиралар кўрган. Уларнинг набираси Шамсиддин Охунбоевнинг кўз ёш билан айтган қуйидаги гаплари яққол мисол бўла олади: “Дулси, (Жон Ле Бретон ва Ле Бретонларнинг қизи) сиз каби яхши инсонлар шарофати билан у тирик қолган! Биз ҳаммамиз бу дунёда борлигимизга айнан сизнинг оилангиз сабабчи эканини энди билдик. Сизга раҳмат, гапиришга сўз тополмаяпман”.
Ҳа, инсониятни йўқ қилувчи уруш бўлса, бор қилувчи меҳрдир. Биз ирқимиз, динимиз, тилимиз ва қадриятларимиздан фарқли равишда ана шу туйғу олдида таъзим қиламиз. Германия вакилининг уларга қарши курашган ўзбек жангчисига марҳамат кўрсатиши замирида ҳам ана шу меҳр ётади. Шундай экан, яхшиликлар, яхши инсонлар ҳақида кўпроқ гапиришимиз, ёзишимиз керак. Зеро, бу оз бўлса-да, уларнинг хислатлари бошқаларга ҳам юқишига, дунёда яхшиликлар кўпайишига туртки бўлади.
Гулҳаё Примова,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0