Давлат тиббий суғуртаси барча хонадонларни қамраб олади – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган иккинчи миллий дастурнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Унга кўра, келгуси беш йилда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказилади.
Тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтиш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат тиббий суғуртаси мамлакатдаги барча хонадонларни қамраб олади.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида Ўзбекистонга дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келиш режалаштирилган. Мамлакатни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим ривожланган марказга айлантириш мақсад қилинган.
Президент нутқида сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 8 каррадан зиёд оширилганини ҳам қайд этди.
Ўтган даврда Ўзбекистонда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилган. Хусусий сектор учун имкониятлар кенгайтирилиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошган.
Шунингдек, илгари фақат хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун Ўзбекистонда ҳам бажарилаётгани маълум қилинди.
Давлат раҳбари келтирган маълумотларга кўра, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етган.
Гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи эса 4 баробар камайган. Президент бу натижаларни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим самараларидан бири сифатида қайд этди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0