ЧИҚИНДИ КИМНИНГ ВИЖДОНИДА? — Чирчиқ бозори атрофидаги бир кунлик кузатув
Тоза шаҳарда яшашни ҳамма хоҳлайди. Аммо уни озода сақлаш масъулиятига келганда кўпчилик бу вазифани коммунал хизматлар зиммасига юклайди. Чирчиқ шаҳри марказидаги бозор атрофида ўтказган кузатувларимиз чиқинди муаммосининг асосий сабаби фақат техника ёки контейнерларда эмас, балки инсоннинг экологик маданиятида эканини яққол кўрсатди.
Ҳар тонг такрорланадиган манзара
Эрталаб соат саккизлар атрофи. Чирчиқ шаҳар марказидаги бозор атрофида ҳаёт одатдагидек қайнайди. Харидорлар шошади, савдо-сотиқ қизийди. Аммо бозор ёнидаги кўчада дарахтлар тагида сочилиб ётган чиқиндилар, тўлиб кетган латоклар ва атрофга тарқалган нохуш ҳид бу манзарага мутлақо бошқа тус беради. Бу манзаранинг сабабини шу ерда савдо қилаётган бир неча тадбиркордан сўрадик. Улар буни контейнерлар йўқлиги билан изоҳлашди.
– Ҳар куни шу аҳвол, – дейди йўл четида кийим-кечак сотиб ўтирган аёл. Мана, атрофимизда “телефончилар” бор, ўшалардан сўранг, ҳамма чиқитлар ўшалардан чиқариляпти!
Шундан сўнг бир муддат четда туриб кузатдик. Телефон дўконидан чиққан бир йигит қадоқ ва салафан пакетни дарахт тагида тўпланган чиқинди устига ташлаб кетди. Ортидан ўтаётган яна бир неча киши ҳам қўлидаги чиқитларни худди шу ерга ташлади. Бундай уюмлар эса бир нечта эди.
“Мен ижарани тўлаганман, сиз ҳам ишингизни қилинг...”
Кўчанинг бошидан бошлаб лоток ичлари-ю, дарахт тагларини тозалаб, чиқиндиларни бирма-бир олиб келаётган икки ободонлаштириш ходимларини гапга тутдик.
– Мен супураман, икки шеригим аҳлатларни йиғиш шаҳобчасига ташийди, – дейди улардан бири. – Аммо уч киши бўлиб ҳам улгурмаймиз. Айрим савдогарларга танбеҳ берсак, “Мен ижарани тўлаб қўйганман, сиз ҳам маошингизни оляпсиз, ишингизни қилинг”, дейишади. Шу ёшга кириб, болам тенгилардан бундай гап эшитиш оғир. Чиқинди ташлашгани камдек, баъзан “атрофни чанг қилиб юборяпсиз” деб яна биздан норози ҳам бўлишади...
Унинг ҳамкасби эса яна бошқа бир муаммони тилга олди.
– Йўлакларда мева-сабзавот сотадиганлар ташлаб кетган қолдиқлар кун иссиғида чириб кетади. Айниқса, чиқиндиларни пакетга солмасдан сочиб ташлашлари оғир аҳволни келтириб чиқаради.
Кузатувимиз бўйича, баъзи дўконлар ёнига катта махсус идишлар қўйилган экан. Йўлакнинг ёқаларидаги бу 8 та енгил конструкцияли дўконларни ижарага берган “Буюк инъом” МЧЖ иш юритувчиси Линур Сейрановга кўра, чиқинди ташиш хизмати билан шартнома тузилмаган. Лекин ҳар битта дўкон атрофига катта идишлар ўрнатилган, улар тўлгач, пулли хизмат орқали бу ердан олиб кетилади.
Маълум бўлишича, манзилдан 30-40 метр узоқликда маҳаллага қарашли чиқинди йиғиш шаҳобчаси мавжуд. Бундан ташқари, бозор ҳудудининг ўзида ҳам контейнерлар ўрнатилган. Демак, муаммо контейнер етишмаслигида эмас...
“Эрталаб тозаланган жой кечқурун яна ифлосланади”
Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Музаффар Турсунбоевнинг айтишича, ташкилотда 200 нафардан зиёд ходим меҳнат қилади. Уларнинг асосий қисми шаҳар тозалиги билан шуғулланади.
– Сиз кўрган бозор атрофига уч нафар ишчи бириктирилган. Айниқса, чиқиндиларнинг асосий қисми кечқурун, ишчилар кетганидан кейин ташланади. Камига йўлдан ўтган аҳоли ҳам қўлидаги нарсани ўша ерга ирғитади. Эрталаб келганимизда латоклар ичи, дарахтлар таги яна тўлиб ётган бўлади, – дейди у.
Масъулнинг таъкидлашича, уларни ким ташлаганини аниқлаш мушкул, чунки айнан муаммо кузатилаётган нуқталарда кузатув камералари етарли эмас. Шунингдек, банкоматлар ёнидаги чеклар учун қўйилган идишлар атрофида ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Агар ушбу жойлардаги камералардан самарали фойдаланилса, ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва жарима қўллаш имкони янада кенгаяди.
Жарималар бор, аммо натижа-чи?
Муаммо бўйича Чирчиқ шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими инспектори Шаҳбоз Тиллахоновнинг фикри ҳам қизиқ бўлди.
– Белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик бўйича мунтазам рейдлар ўтказамиз, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борамиз, – дейди у. –Шу йил бошидан буён айнан шу турдаги 89 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 58 миллион сўмдан ортиқ жарима қўлланилди.
Инспекторнинг айтишича, қонунбузарлар орасида турли ёшдаги фуқаролар, ҳатто пенсионерлар ҳам бор.
– Қизиқ, атроф-муҳитни асраш, чиқиндини белгиланган жойга ташлаш ҳам алоҳида ўргатилиши керакми? Бу аввало инсоннинг виждони ва маданияти билан боғлиқ эмасми? – дейди яна масъул.
Маълум бўлишича, шаҳарда 70 га яқин чиқинди йиғиш шаҳобчаси ва ўнлаб махсус контейнерлар мавжуд. Энди яқин муддатлар ичида энг муаммоли ҳудудларга ҳуқуқбузарларнинг юзини аниқлайдиган замонавий кузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилган.
Техника ҳаммасини ҳал қилмайди
Чиқиндиларни ташиш хизмати билан шуғулланувчи “Зангиота ободон” МЧЖ вакили Улуғбек Маъмуров ҳам мавжуд муаммони яшириб ўтирмади. Унинг айтишича, эрталаб соат 6:00 дан ва кечки соат 17:00 дан бошлаб чиқиндилар мунтазам олиб кетилади. Ҳатто ташкилот тунги иш режимига ҳам ўтган. Бироқ, Чирчиқ шаҳрида бугун 230 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Мавжуд техникалар эса, борган сари кўпайиб бораётган ташландиқлар ҳажмига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Айни пайтда 11 та махсус техникадан учтаси таъмирда. Шу боис, ташкилот яна 5-6 та махсус техника ва мотороллерлар жалб қилишни режалаштирган.
Биз кузатган – бозор атрофидаги манзилда фаолият юритувчи 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузилган. Албатта, ундан ташқари шартнома тузмаган ва чиқиндиларни бемалол кўча ёқасига чиқариб ташлаётганлар ҳам йўқ эмас.
Шу билан бирга, хизмат ҳақларининг ўз вақтида тўланмаслиги оқибатида қарийб 1 миллиард сўм дебиторлик қарзи ҳам йиғилиб қолган
Тозалик аввало виждондан бошланади
Кузатувлар шуни кўрсатдики, Чирчиқ бозори атрофидаги чиқиндилар муаммосини фақат техника етишмаслиги ёки коммунал хизматлар фаолияти билан изоҳлаб бўлмайди. Ҳа, ўз вақтида ташиб кетиш учун қўшимча техника, кучайтирилган назорат ва замонавий кузатув тизимлари зарур. Бироқ бу омиллар ҳам инсоннинг ўз бурчига бепарво муносабатини ўзгартира олмайди.
Энг ачинарлиси, чиқинди ташлаш учун контейнер ва махсус жой бўла туриб, айримлар унинг ёнигача боришни ҳам ўзига эп кўрмайди. Қўлидаги қоғоз ёки пластик идишни дарахт тагига ирғитишни оддий ҳол деб билади. Оқибатда эса бир неча соат меҳнат қилган ободонлаштириш ходимининг саъй-ҳаракати бир неча дақиқада йўққа чиқади. Экологик маданиятни жарима билан ҳам, кузатув камераси билан ҳам тўлиқ шакллантириб бўлмайди. У аввало инсоннинг ўзидан, тарбиясидан ва атроф-муҳитга бўлган муносабатидан бошланади.
Холида Эгамбердиева,
ISHONCH




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0