+28C

+28C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Чўгирмани нега отасиз?

Яқинда Хоразмда VI Паҳлавон Маҳмуд халқаро баҳодирлар ўйинлари бўлиб ўтди. Мусобақада полвонлар икки йўналиш – чўгирма отиш ва мўйноқлангарини тортиш шартлари бўйича беллашдилар.
Спорт
89 11:50 | 20.06.2026 11:50

Бу турдаги мусобақалар биринчи марта 2019 йилда ўтказилган ва унда баҳодирлар миллий нақшли устунларни кўтариш ва ушлаб туриш, оғир тошларни устунларга ўрнатиш, мевалар билан тўлдирилган аравани кўтариш, поезд локомотивини 20 метрга тортиш ва бошқа шартлар бўйича ўзаро куч синашганлар. Чўгирма отиш шарти эса 2024 йилдан бош­лаб қўшилган.


Хоразм азалдан ўз қадриятлари, урф-одатлари ва миллий рамзлари билан юртимиз маданий меросида алоҳида ўрин тутиб келади. Бу диёрнинг ҳар бир ашёси, ҳар бир анъанаси ортида асрлар давомида шаклланган ҳаёт тарзи, халқ тафаккури ва маънавий дунёси мужассам. Ана шундай муқаддас рамзлардан бири чўгирмадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, чўгирмани отиш нечоғлиқ мантиқли? Чунки у оддий буюм эмас, аксинча, Хоразмнинг иқлими, аҳолининг характери ва асрлар давомида шаклланган турмуш тарзининг инъикоси ҳисобланади.


Ушбу бош кийим ўзига хос табиий термос хусусиятига эга бўлиб, ёзнинг жазирамасида бош­­га салқинлик, қишнинг аёзли кунларида эса иссиқлик бахш этади. Қадимдан чўгирма кийган эркак мард, вазмин ва оиланинг мустаҳкам устуни сифатида қадрланган. Унинг ерга тушишини ор билишган. Шундай экан, миллий бош ­кийимнинг спорт беллашувида отиладиган ашёга айлантирилиши қанчалик тўғри?


Халқимиз тафаккурида полвон деганда, аввало, ор-номус, ғурур ва юксак инсоний фазилатлар тимсоли гавдаланади. Айниқса, унинг номига атаб, халқаро мусобақа ўтказилаётган Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўзининг тантилиги, саховати ва юксак ғурури билан тарихда қолган шахсдир. У кишининг маънавий мероси улуғланаётган тадбирда чўгирма отиш адолатданми? Ёки полвонлар куч ва маҳоратини намоён қилишлари учун бошқа беллашув турлари йўқми?


Миллий қадриятлар халқнинг маънавий таянчи, унинг тарихи ва ғуруридир. Туризмни ривож­лантириш, меҳмонларни ҳайратга солиш яхши, албатта. Аммо ҳар қандай ташаббус, аввало, халқнинг қадриятлари ва миллий ифтихорига таяниши лозим. Зеро, меҳмонга ёқиш учун ўзлигимиздан кечишга ҳақимиз йўқ.


Спорт вазирлиги ва Туризм қўмитаси мазкур масала юзасидан муносабат бериши зарур.


Муҳаббат ТЎРАБОЕВА


«ISHONCH»



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Спорт
Кайфият фасли
0 2749 11:23 | 02.10.2023