Болаларни ўғриликка ким ўргатяпти? — Тадбиркор пойтахтда кўзга ташланаётган жиддий муаммодан хавотирда
Тошкентлик тадбиркор шаҳар марказида жойлашган дўконларда бир неча бор ёш болалар томонидан ўғрилик содир этилганини маълум қилди.
“Toshkent city” бульвари ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркор Юлдуз Мавлонова билан суҳбатимизда у бир ойча аввал дўконига кирган шахслар, ўғирланган буюмлар, ички ишлар органларига қилинган мурожаат ва сўнгги вақтларда шу каби ҳолатлар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолавҳалар ҳақида гапирди.
— Биз ишхонамизда 15 йилдан бери фаолият юритамиз. Шу вақт мобайнида бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаган. Шунинг учун дўконда хавфсизлик масаласига ҳам одатдагидек муносабатда бўлганмиз. Қолаверса, ҳудуд қўриқланади, видеокузатув камералари бор. Ҳеч ким бундай жойга киришга журъат қилмайди, деб ўйлардик, — дейди Юлдуз Мавлонова.
Унинг сўзларига кўра, дўкон эшигидаги занжирли қулфни бузиб, 10-11 ёшлар чамасидаги бола ўғриликка кирган. Дўконга кириб, аввало, пул қидирган. Нақд пул топа олмагач, планшет ва телефонни олиб чиқиб кетган. Қизиғи, воқеа жойида ўзи билан бир нечта соатни ҳам унутиб қолдирган. Тадбиркорнинг айтишича, ушбу соатлар ҳам аввалроқ ўғирланган буюмлар бўлиши мумкин. Воқеа аниқлангач, зудлик билан 102 рақамига қўнғироқ қилинган. Тегишли ходимлар келиб, ариза қабул қилган, бармоқ излари олинган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, дўконнинг ойнасида боланинг қўли билан суриб кирган излари ҳам бўлган.
— Ҳатто ҳожатхоналарда ҳам қон излари бор эди. Эҳтимол, бола қўлини қаердадир кесиб олган. Иккинчи қаватдаги сейфни ҳам очишга уринган, аммо сейф электрон паролли бўлгани учун оча олмаган. Ҳамма жойни титкилаб чиққан, — дейди у.
Тадбиркорга кўра, дўконнинг ташқи камераларидаги ёзувлар Шайхонтоҳур тумани ички ишлар ходимларига тақдим этилган. Бироқ воқеадан кейин ҳозиргача у билан ишнинг натижаси бўйича қайта боғланилмаган. Тадбиркорни энг кўп ўйлантираётган жиҳат эса ўғриликнинг ўзи эмас, балки унда ёш болалар иштирок этаётгани. Унинг айтишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда шу каби ҳолатлар акс этган бир нечта видеоларни кўрган.
— Мен ҳозир болалар билан содир бўлган учинчи ёки тўртинчи видеони кўряпман. Бульвардаги бошқа дўконда ҳам худди шундай ҳолат бўлган экан. У ерда болалар кийимлари дўкони бўлган. Мен аниқ биладиганим бир нечта дўконда шунга ўхшаш ўғрилик содир бўлган. Ҳар бирида ёши кичик болалар кўринади, — дейди тадбиркор.
Унинг фикрича, бундай ҳолатларнинг такрорланаётгани ортида болаларни муайян тарзда йўналтираётган катталар бўлиши эҳтимоли ҳам текширилиши керак.
— Бу болалар қаердан киришни, қаердан нима қидиришни қаердан билади? Полкаларни титкилаб, ҳамма жойни ағдар-тўнтар қилиб чиқишган. Кимдир уларни кузатиб, дўкон қачон ёпилишини, қаердан кириш мумкинлигини ўрганган бўлиши ҳам мумкин. Агар бу болалар ҳақиқатан ҳам шу ишга жалб қилинаётган бўлса, уларни ким ўргатаётганини аниқлаш керак, — дейди у.
Тадбиркорнинг айтишича, қўриқланадиган ва одам гавжум ҳудудда бундай ҳолатларнинг содир бўлаётгани ҳам жиддий саволларни келтириб чиқаради.
— Энг қизиғи, дўконимизнинг ёнгинасида қўриқлаш хизмати хонаси бор. Ҳодиса тунги пайт, тахминан соат уч-тўртлар атрофида содир бўлган. Шунга қарамай, бу болалар камерага тушишдан ҳам қўрқмаган. Бир видеода болалардан бири ниқобда, бошқалари эса ниқобсиз кирганини кўрдим, — дейди у. Юлдуз Мавлонова ўзини аввало она сифатида бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланганини таъкидлайди.
–Ростини айтсам, ҳуқуқбузарликда катталар эмас, айнан болаларнинг иштироки мени ўйлантирмоқда. Бола ёшлигидан нимага ўргатилса, кўпинча шуни қабул қилади. У учун бу оддий ҳолатдек туюлиб қолиши мумкин, — дейди у.
Тадбиркорнинг фикрича, фарзанд тарбиясида ота-онанинг эътибори ва бола билан мулоқот жуда муҳим.
— Ҳаммамиз ишлаймиз. Мен ҳам ишлайдиган онаман, фарзандларимнинг отаси ҳам ишлайди. Лекин бола билан гаплашиш керак. «Ҳали кичик, ҳеч нарсани тушунмайди», деб ўйламаслик лозим. Ҳатто 4–5 ёшли болага ҳам ҳаётни ўз тилида тушунтириш мумкин. Нима учун ўқиш кераклиги, ҳалол меҳнатнинг аҳамияти, яхши ва ёмон ишнинг оқибати ҳақида гаплашиб туриш зарур. Унинг таъкидлашича, болаларни вақтида тўғри йўлга йўналтириш нафақат оила, балки жамиятнинг ҳам вазифаси.
— Ҳозир бу болалар кичик. Лекин эртага улар катта бўлади. Агар бугун «қилаверсам бўлади» деган тушунча шаклланса, эртага оғирроқ жиноятларга ҳам қўл уриши мумкин. Шунинг учун уларнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз керак. Уларни ўқишга, илмга қизиқтириш, улар билан суҳбатлашиш зарур, — дейди тадбиркор.
– Воқеадан сўнг дўконда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Қулфларни тўлиқ ўзгартирдик. Энди эшикни очишнинг иложи йўқ. Пастки қисмига ҳам, ўртасига ҳам қулф қўйдик.
Бироқ суҳбатда аниқ бўлдики, унинг хавотири ҳали ҳам тарқаган эмас.Тадбиркорнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда шу каби видеолар яна пайдо бўлмоқда. Унинг ўзига ҳам турли дўконлардаги шунга ўхшаш ҳолатлар акс этган видеолар юборилмоқда.
— Биз ҳали қанча ҳолат борлигини билмаймиз. Оммавий тармоққа чиқарилгани уч-тўрттаси бўлиши мумкин. Балки бошқа дўконлар бу ҳақда гапирмаётгандир. Ҳатто ён-атрофимиздаги айрим дўконларда ҳам шундай воқеалар бўлганини эшитдим, — дейди у.
Юлдуз Мавлонова ҳозирча ички ишлар органларининг ишига нисбатан кескин эътироз билдириш нияти йўқлигини, бироқ мурожаатидан кейин натижа ҳақида хабар берилмаганини айтди.
— Бир ой бўлди, ҳозирча бизга ҳеч қандай натижа ҳақида хабар беришмади. Балки қидирув ишлари давом этаётгандир. Мен уларга нисбатан ҳозирча даъво қилмоқчи эмасман. Фақат натижани билмаймиз, холос, — дейди тадбиркор.
Унинг фикрича, агар воқеалар ҳақиқатан ҳам бир нечта жойда такрорланаётган бўлса, бу ҳолатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Феруза Раҳимова
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0