Бир мурожаат ортидан 132,6 миллион сўм меҳнат ҳақи ундирилди
Қарши шаҳри ва Косон туманида яшовчи тўрт нафар фуқаронинг “Қашқадарё пармалаш ишлари” АЖда тўланмай қолган иш ҳақи ва меҳнат таътили пулларини ундириш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилди. Аброр ва Алишер Шомаматовлар, Назокат Яхёева ҳамда Раъно Жуманазарова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти Кенгашига мурожаат қилган. Мурожаатни ўрганиш давомида “Қашқадарё пармалаш ишлари” АЖда мурожаатчиларнинг иш ҳақлари ўз вақтида тўланмагани, шунингдек, айрим ходимларга фойдаланилган меҳнат таътили учун ҳақ берилмагани аниқланди.
Хусусан, 2011 йилдан буён жамиятда таъмирловчи чилангар бўлиб ишлаб келаётган Алишер ва Аброр Шомаматовларнинг ҳар бирига 11 миллион 954 минг 250 сўм, иш ҳақи тўланмаган. 2015 йилдан жамиятнинг хўжалик бўлимида ЭҲМ оператори бўлиб ишлаётган Раъно Жуманазарованинг 14 миллион 590 минг 909 сўм, 2026 йил 18 майдан бошқарув аппарати котибаси вазифасида ишлаб келаётган Назокат Яхёеванинг эса 9 миллион 142 минг 500 сўм иш ҳақи берилмаган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти Кенгаши ходимлар манфаатини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суднинг 2026 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилди. Қарорга кўра, тўрт нафар ходим фойдасига жами 132 миллион 662 минг 557 сўм миқдорида тўланмай қолган иш ҳақи ҳамда фойдаланилган меҳнат таътили пулларини ундириш белгиланди.
Шамсиддин САТТОРОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Қашқадарё вилояти кенгаши ҳуқуқ инспектори




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0