Бюджетни тўлдиришнинг муқобил йўллари кўп…
Солиқ қўмитаси картадан картага пул ўтказмаларининг солиққа тортилганлиги ёки тортилмаганлиги бўйича ўрганишлар бошлабди. Яхши. Бунда бир адолат бор. Тадбиркорлар тушумларни касса орқали эмас, шахсий карталарига ўтказишга ҳаракат қилмоқдаларки, солиқ бунда четда қолиб кетмоқда. Бу амалиёт билан солиқлардан қочишга маълум даражада чек қўйиш мақсад қилингани тушунарли.
Бироқ бошқа – солиқ тушумларининг бундан каррасига ошишига олиб келиши мумкин бўлган бир амалиёт йўқ бизда, биласизми нима у?
Бизда миллиардлаб солиқ имтиёзига эга бўлган юридик шахслар бор, хўш, улар тушумлар ва даромадларни шаффоф кўрсатмоқдами, давлат бюджети зарарига берилаётган имтиёзлардан мақсад истиқболда ўша даромадларнинг бир неча баробар ошиши даражасига етишига кўмак бериш, қўллаш бўлса, бу жараёнда қандайдир силжиш борми?Миллиардлаб маблағлар қаерга, нимага сарфланяпти, бу харажатларнинг самарадорлиги борасида ким бош қотирмоқда?
Уларнинг бу жараёнда «соя»да юрмаслиги назоратдами? Ўша солиқ имтиёзлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ниҳоят, давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш мақсадларига нечоғли хизмат қилмоқда, нега буларни текширмайсиз, ўрганмайсиз, таҳлил қилмайсиз ва оқибат, булар ҳақида ҳисоботлар тайёрлаб кенг жамоатчиликни хабардор қилмайсиз?
Солиқ қўмитасида бундай амалиёт ва унинг фойдалилик коэффициенти ҳақида кимдир азиз бошини қотирмоқдами?




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0