Бахтсиз аёллар армиясини ким тарбиялаяпти?
Ҳар йили 9 май арафасида шаҳарларимиз марказидаги «Мотамсаро она» ҳайкаллари пойига гуллар қўяр эканмиз, хаёлимизда биргина қиёфа гавдаланади: юзлари ажин, кўзлари ёш, муштипар ва жабрдийда ўзбек аёли. Телевидение экранларида «Илҳақ» каби фильмлар орқали беш ўғлини урушга бериб, умр бўйи йўл қараб ўтган оналар қисмати бот-бот намойиш этилади. Бу тимсоллар биз учун муқаддас хотира. Аммо бугунги замонавий жамият нуқтаи назаридан қараганда, биз ўзбек аёли деганда нега фақат мусибат ва эзилганликни тасаввур қилишга одатланиб қолдик, деган савол кўндаланг бўлаверади.
Оналаримизнинг юзларига боқар эканмиз, уларда меҳнатда ўтган умрнинг оғир изларини кўрамиз. Улар ўзи емай едирган, киймай кийдирган ва энг ачинарлиси, мана шу «қурбонлик» ҳолатидан бахт туядиган қилиб тарбияланган. Аслида, инсон ўзи бахтли бўлмас экан, атрофидагиларга, хусусан фарзандларига ҳақиқий бахтни ўргата олиши мумкинми? Биз шоирларимиз шеърларигача сингдириб юборган бу «муштипарлик» идеологияси аслида қизларимизни англанмаган бахтсизликка дастурлаётгандек туюлади.
Уруш йилларида нафақат ўзбек аёли, балки бошқа мамлакатлар аёллари ҳам худди биздагидек мусибатларни, очарчилик ва жудоликларни бошидан кечирган эди. Бироқ биз негадир фақат ўзимизга хос бўлган жабрдийдалик образини қаҳрамонлик даражасига кўтариб, уни янги авлод қизларига прототип сифатида тақдим этишдан тўхтамаяпмиз. Бир нарсани тан олайлик: уруш даврида аёллар эркаклар ўрнини эгаллашга мажбур эдилар. Биз мана шу фавқулодда ҳолатни тинчлик даврида ҳам норма сифатида қабул қилдик. Қизларимизга «эркакшода» ёки жабрдийда бўлишни қаҳрамонлик деб ўргатдик, ваҳоланки тинчлик даврининг қаҳрамонлиги — аёлнинг ўз латофатини сақлаган ҳолда маърифат тарқатишидадир.
Бир мисол, турк киноижодкорлари биргина Хуррам султон образи орқали аёл кишининг назокати, ақли ва таъсир кучини бутун дунёга намойиш этаётган бир пайтда, биз ўз тарихимиздаги буюк аристократ аёлларни унутиб қўйгандекмиз. Амир Темурнинг суянчи бўлган Бибихоним, Бобур Мирзодек даҳони тарбиялаган ва давлат ишларида маслаҳатгўй бўлган Қутлуғнигор хоним, нафис санъат ва сиёсатни уйғунлаштирган Нодирабегим каби сиймолар биз учун ҳақиқий ўзбек аёли тимсоли эмасми? Абдулла Қодирий асарларидаги Ўзбекойим ёки Офтобойимлар ҳам аслида хонадонида талай хизматкорлари бўлган, ўз қадр-қимматини баланд тутувчи, кийиниши ва муомаласида назокат барқ уриб турган хонимлар эди-ку. Нега биз мана шу «Аристократ ўзбек аёли» прототипини ёшларга кўрсатмаймиз? Нега бизга фақат далада кетмон чопаётган ёки муштипарликдан қадди букилган аёл қаҳрамон бўлиши керак?
Биз жабрдийда образини тарғиб қилиб, аслида жамиятга «бахтсиз аёллар армияси»ни тайёрлаб бераётганимизни наҳотки тушунмасак.
Бугунги кун ўзбек аёлининг энг катта фожиаси аслида аёл қандай бўлиши кераклигини билмаслигидадир. Қайноналар ҳам, келинлар ҳам аёллик латофатини эмас, балки рўзғорнинг оғир аравасини тортишдаги «эркакча» чидамлиликни асосий мезон деб биладилар. Аёл киши жисман аёл бўлса-да, руҳан ва феълан эркаклаша бошлагани сари, унинг ёнидаги эркак табиий равишда юмшоқлашиб боради. Эркак киши ўз уйида иккинчи бир «эркак» билан яшашни истамайди, бу эса оилада «ким устун» қабилидаги баҳсларга, хиёнатларга ва охир-оқибат ажримларга сабаб бўлади.
Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Аёлнинг назокат чегараларидан чиқиб, ҳаётнинг заҳматли юкларини ўз елкасига ортиши фақат унинггина айби ёки танлови эмас. Бу, аввало, ёнидаги эркакнинг ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмаслиги, ҳимоячи ва таъминловчилик вазифасини унутиши натижасидир. Зеро, аёлнинг кўзидаги нур — ёнидаги эркакнинг унга бўлган муносабати, эътибори ва муҳаббати акс этадиган тиниқ кўзгудир. Бироқ бугун негадир кўпчилик эркаклар бу ҳақиқатни тан олишни, аёлни ўз тахтида ўтирган «хоним» сифатида кўришни истамайдилар. Балки бунга уларнинг ҳам қалбига сингдирилган «аёл — бу хизматкор» деган эскирган стереотиплар ёки масъулиятдан қочиш, қулайликка интилиш истаги сабаб бўлаётгандир. Чунки аёлни «хоним» даражасига кўтариш эркакдан юксак маданият, руҳий қувват ва мардлик талаб қилади. Аёлнинг заифлигидан фойдаланиб, уни рўзғорнинг оғир меҳнатига қўшиб қўйиши эса жуда осон. Демак, қарс икки қўлдан чиқмоқда: бир томонда жабрдийдаликни олий мақом деб билган аёллар, иккинчи томонда эса аёлини хонимга айлантира олмаётган эркаклар.
Хулоса шуки, ўзбек аёлига ёпиштирган жабрдийда, эзилган, эркакшода ва муштипар ёрлиғини олиб ташлаш вақти келди. Бизга фарзандининг йўлига интизор бўлиб, кўз ёши тўкаётган она эмас, балки фарзандларига ҳаётнинг гўзаллигини, ўз қадрини англашни ва бахтли яшаш санъатини ўргатадиган мунаввар аёл образи керак. Унутмаслик керакки, қалбан мажруҳ оналар ҳеч қачон соғлом ва бахтли авлодни вояга етказа олмайди.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“ИШОНЧ”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0