Ҳар баҳорда шу бўлар такрор: пул йиғиш ноқонуний, бироқ... “ремонт” масаласида чорасиз қолаётган ўқитувчилар
Мактабларда ўқув йили ҳам охирлашиб қолди. Ҳадемай болалар таътилга чиқиб, синфлар ҳувиллаб қолади. Шу аснода долзарб ва азалий муаммо кўтарилади: хоналарни енгилроқ бўлса ҳам таъмирдан чиқариш керак. Бу масала аввалдан турли муҳокамаларга сабаб бўлиб келган. Лекин ҳалигача “ремонт” масаласида аниқ механизм йўқ. Оғирлик ва ташвиш барибир ўқитувчининг гарданига келиб тушмоқда.
Ўзбекистондаги давлат мактабларида таълим жараёни мутлақо бепул. Ҳеч ким ўқувчини харажатга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Бепул таълим жараёни асосий қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Лекин, Ўзбекистон мактабларида синф хоналарини ҳар йили таъмирдан чиқариш кўзда тутилмаган. Бу жараён бюджетдан молиялаштириб берилмайди. 10-15 йилда маҳаллий ҳокимият қарори билангина капитал ремон қилиниши мумкин (бу муддат ичида синфхоналар минглаб ўқувчиларнинг таълими учун хизмат қилади). Тўққиз ой давомида болаларнинг шўхлиги, тўполонига дош берган синфнинг йил охиридаги ҳолатини тасаввур қилиб кўринг (ўзимиз 2-3 та боламиз сабаб уйимизни таъмирлашга мажбур бўламиз, битта синфхонада эса ўртача 25-30 та ўқувчи кун давомида таҳсил олади).
Бу масала аввалдан оғриқли бўлиб келган, аммо интернет ривожлангач янада кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Энг ёмони, оғиз йиртиб қонундан гапирадиган, таъмирга пул йиғиш ноқонуний дейдиган, ўқитувчини бот-бот ёмонлайдиган тоифа пайдо бўлди. Тўғри, пул йиғишга мажбурлаш керак эмас. Аммо ўйлаб кўринг, нега синф таъмири масаласида фақат ўқитувчи ўйлаши керак ва масалани ечиши керак? Ахир мактаб ўқитувчининг иш жойи бўлса, бизнинг болаларимиз таълим оладиган, келажакда яхши одам бўлиб шаклланиши учун замин ҳозирланадиган маскан ҳам эмасми? Биз кўпчиликмиз, ўқитувчи эса битта!
Боласи тоза-озода синфларда ўқишини ҳамма ҳам хоҳлайди. Шу билан бирга яхши таъмирни сақлаб/янгилаб туриш ҳам ўзига яраша харажат талаб қилишини унутмаслигимиз шарт. Буни ҳам тўлиқ давлатга юклашнинг ёмон томонлари бор: мулкка муносабат кескин ёмонлашади, ажратилган пуллардан ўғрилик кўпаяди, катта эҳтимол билан сифат кўпчиликни қониқтирмайди...
Тўғри, йиғимлар ёмон. Ким учундир оғир ҳам. Лекин битта чойхонада бундан кўп сарфлаётганларни, тўйда жилпанглаган раққосанинг устидан пул сочаётган эркакларни, битта соч турмагига фалон юз минг берадиган аёлларнию туппа-тузук юриб турган машинасига бир неча миллионга қўшимча безаклар ўрнатаётган олифталарни, ана шундан кейин мактабдан арзимас пулларни қизғонаётганларни, ўқитувчилар билан тортишиб, боласини изза қилаётган ота-оналарни тушунмай ўтиб кетсак керак. Эътибор берсангиз, ҳаётимиз ўзгариб бормоқда: авваллари кафе-ресторанда овқатланиш, чойхона деган гаплар ойда-йилда бўларди. Бугун кунига чойхона уюштираётганларни, 3-4 талаб гуруҳда гап-гаштаклар ташкил этаётганлари бот-бот кўрмоқдамиз (биттагина дастурхонга бир хонанинг енгил таъмири харажати кетиб қолиши алоҳида масала). Аммо шўрлик ўқитувчи йил охирида таъмир масаласини кўтарса, 30 йил аввалги муносабат ҳечам ўзгармагандек: “Нега биз қилиб беришимиз керак, давлат қаёққа қараяпти, ўқитувчи еб кетади...” деган гаплар.
Мақолани ёзар эканмиз, бу масалада ўқитувчиларнинг фикри билан қизиқдик. Уларнинг айтишича, ремонтга пул йиғиш масаласи аллақачон табу мавзуга айланиб улгурган. Яъни ўқитувчи таъна-дашном ва шикоятлардан қўрқиб қолган. Ўқитувчи таъмирга пул йиғишга мажбурлади дея, 25-30 минг сабаб порталга мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам (!) учраяпти экан. “Ўтган йили синф хонамнинг таъмирига бир миллион сўм атрофида пул сарфладим. Бу пулни тўлиқ ёнимдан ишлатдим. Яхшиямки, озроқ устачиликдан хабарим бор. Ишни ўзим битирдим. Расман бу ишга бизни ҳеч ким мажбурламайди. Аммо эртага комиссия, текширув келиши бор, ўқувчиларни ўқитиш масаласи бор. Таъмирламасак бўлмайди. Ота-оналар орасида бир-иккита кўнгилли чиқиб ёрдам бериши ҳолатлари ҳам учраб туради. Аммо жуда кам. Одамларда бу ишни ўқитувчи қилиш керак деган тасаввур шаклланиб қолган, аслида биз ҳам мажбур эмасмиз”, дейди педагоглардан бири.
Шу ўринда бир статистикани келтириб ўтмоқчиман. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ-март ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6,8 млн сўмдан ошган. Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари энг кам маош оладиган тоифага киради. Таълим тизимида меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларнинг ўртача маоши 4 млн 615,9 минг сўмни ташкил этган. Энг паст кўрсаткич тиббиёт ва ижтимоий хизматлар соҳасида кузатилди — ўртача 4 млн 111,6 минг сўм. Демак, ўқитувчилар энг кам даромадга эга тоифага киради. Тасаввур қилинг, энди уларга бизнинг боламиз таълим оладиган хона таъмирини ҳам юклаб қўйсак қай даражада адолатли бўлади?
Хўш, бу жараёнда муаммони ҳал этишнинг қандай йўллари бор? Энг аввало мактаб ва ота-оналар, умуман аҳоли билан муваффақиятли алоқа йўлга қўйиш керак деб ўйлаймиз. Таъмирга пул ажратишнинг қонуний асослари йўқ экан, кўнгиллилар вазиятдан келиб чиқиб ташаббусни қўлга олиши лозим. Таъмир мажбурий эмас (қоғозда), аммо қилиниши зарур. Масалан, ҳомийлик ва краудфаундинг тизимини йўлга қўйса бўлади. Мактаб маъмурияти муваффақиятли битирувчиларга билан боғланиб, улар билан кўнгилли асосда ҳамкорлик йўлга қўйиш мумкин.
Ёки Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги қонун чиқарувчилар билан келишган ҳолда бу масала бўйича ҳуқуқий асосни яратиши мумкин. Масалан, мактабларда таъмир масаласида фонд жорий этилиши, истаган киши кўнгилли ва ихтиёрий тарзда унга пул ўтказиши мумкинлигини таъминлаш керак. Агар жараён ҳалол ва шаффоф бўлса, ишонамизки аҳолининг ҳам фикри ўзгаради. Ҳозир интернет асри, қаерда қанча пул айланаётганини акс эттирадиган дастурлар бор.
Яна бир вариант – бирорта хорижий давлатнинг илғор тажрибасини олиб кириш. АҚШ ва Канадада мактабларни таъмирлаш бевосита ўша мактаб жойлашган ҳудуддаги аҳолининг мулк солиғига (property tax) боғланган. Жамғарилган солиқларнинг маълум бир қисми автоматик равишда маҳаллий мактаб округи бюджетига тушади. Агар мактабга катта таъмирлаш ёки янги бино керак бўлса, маҳаллий ҳокимият “School Bonds” (Мактаб облигациялари) чиқаради. Бу масала маҳаллий аҳоли ўртасида овозга қўйилади. Аҳоли рози бўлса, давлат қарз олиб мактабни таъмирлайди ва кейинчалик солиқлар ҳисобидан бу қарзни узади. Ота-оналардан алоҳида пул сўралмайди.
Европа мактабларда тез-тез ярмаркалар (унда ўқувчилар ясаган маҳсулотлар ҳам сотилиши мумкин) концертлар ёки спорт мусобақалари ташкил этилади. Бу тадбирларга маҳаллий аҳоли таклиф қилинади ва чипта ёки маҳсулотлардан тушган фойда мактаб фондига (масалан, синфларни таъмирлаш ёки жиҳозлашга) ўтказилади. Германия ва Жанубий Кореяда катта-катта бизнес компаниялари мактабларни оталиққа олиши ҳолатлари учраб туради. Бу ҳаракат уларнинг имиджлари учун ҳам яхшидир (болаларнинг илм олиши учун ҳисса қўшиш қадрланади).
Бизнинг ҳам ўз қадриятларимиз бор. Ўзбеклар илмни қадрлайдиган, устозни эҳтиром қиладиган миллат. Фақат бу масалада бошимизни бириктирувчи, низо ва ғавғони ўртадан аритувчи ташаббускорлар керак, холос. Шундоқ ҳам оз маош, қийин ва асабий кун тартибидан хуноб бўлиб турган, ёш авлодга таълим бериб соғлиғидан кечаётган ўқитувчиларни таъмир масаласида ёлғиз қолдириш бизга ярашмайди.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0