19,9 миллиард сўмлик назоратсизлик
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда коррупция ҳақидаги хабарларни кўп ўқияпмиз. Деярли ҳар куни қайсидир соҳада пора, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки бюджет маблағини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ошкор этилмоқда.
Демак, мамлакатимизда бу балога қарши кескин кураш олиб борилаётгани рост. Аммо…
Жамоатчилик бундай хабарларга кўникиб ҳам қолди. Айнан шуниси хавотирли. Зеро, ҳар бир ўзлаштирилган сўм – халқники. Бу мактаб, шифохона, йўл, ичимлик суви ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож инсоннинг ҳақидир.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва «Texnopark» масъулияти чекланган жамиятининг айрим масъул шахслари электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар жараёнида 19,9 миллиард сўм бюджет маблағини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганликда гумон қилинмоқда. Шунингдек, 273 та газ ҳисоблагичи истеъмол ҳажмини кам кўрсатгани оқибатида давлат манфаатларига 861,1 миллион сўм зарар етказилгани айтилмоқда.
Ҳозирча бу – терговга қадар текширув натижалари, холос. Албатта, кимнинг айби қай даражада экани қонуний тартибда аниқланади. Аммо эълон қилинган рақамларнинг ўзиёқ жамоатчиликни ҳушёр торттириши керак. Қарийб 20 миллиард сўм бир кунда ёки бир кишининг хоҳиши билан сарфланиб кетадиган маблағ эмас. Техник хизмат ҳақиқатан бажарилганми, унинг ҳажми ва нархи ким томонидан текширилган, ҳисоботларни ким қабул қилган, тўловларга ким рухсат берган? Демак, маблағ шунча босқичдан осонгина ўтган бўлса, қаердадир назорат сустлашган.
Бугун давлат ташкилотларида ички аудит, комплаенс назорати ва рақамли мониторинг тизимлари жорий этилган. Уларнинг вазифаси қонунбузилиш содир бўлгач, ҳисобот тайёрлаш билан чекланмайди. Асосий мақсад – шубҳали операцияни олдиндан кўра билиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишига йўл қўймаслик. Модомики, назорат фақат қоғозларда акс этаётган бўлса, энг замонавий комплаенс дастури ҳам иш бермайди.
Газ ҳисоблагичига оддий қурилма сифатида қаралмаслиги керак. У истеъмол қилинган ресурс ҳажмини белгилайди, фуқаро тўлайдиган маблағни ҳисоблайди ва давлат билан истеъмолчи ўртасидаги молиявий муносабатга асос бўлади. Ҳисоблагичдаги носозлик ёки унинг маълумотларига аралашув бир томон учун асоссиз қарз, иккинчи томон учун эса ҳисобга олинмаган истеъмолни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, гап миллионлаб истеъмолчиларнинг ишончи ҳақида ҳам боряпти.
Бош прокуратура маълумотида муаммо 273 та ҳисоблагичга боғланган. Табиийки, бу рақам аниқланган ҳолатнигина акс эттиради, холос. Муаммонинг тизимли экани аниқланса, бутун мамлакат бўйлаб техник аудит ўтказиш, ҳисоблагичларни мустақил экспертизадан ўтказиш ва назорат механизмларини қайта кўриб чиқиш керакдир? Чунки охирги пайтларда газ ҳисоблагичлари бўйича аҳолидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Шундай экан, нега ички аудит хавфни олдинроқ кўрмади, нима учун комплаенс хизмати сукут сақлаган, қоғозда бажарилган ишлар амалда текширилмаган, деган саволларга жавоб изламасак, сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашаверсак, коррупцион ҳолатлар такрорланаверади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижро ҳокимияти билан ўтказилаётган ҳар бир йиғилишда коррупцияни ислоҳотлар кушандаси, қонун устуворлиги ва жамият ишончига раҳна солувчи хавф сифатида баҳолаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг ушбу даъвати ҳар бир раҳбар учун кундалик фаолиятнинг олтин қоидасига айланиши зарур. Бюджет маблағи – халқнинг пули. Уни талон-торож қилиш яхшиликка олиб келмайди. У одамларнинг ислоҳотларга, қонунга ва давлат идораларига бўлган ишончини емиради.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ «ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0