Янги Навоий шаҳарчаси барпо этилади
Навоий шаҳрида Янги Навоий шаҳарчаси бунёд этилиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов раҳбарлигидаги масъуллар, нуронийлар, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президентининг республика ҳудудларида “Businees city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 августдаги 3895-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Шаҳарчанинг умумий майдони 1098 гектарни ташкил этиб, биринчи босқичда 450 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилади. Навоий шаҳри марказининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш, инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, замонавий объектлар қуриш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашни мақсад қилган лойиҳа “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашади.
Лойиҳа Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилиб, бунинг учун махсус “Янги Навоий шаҳарчаси” ишбилармонлик маркази дирекцияси” давлат муассасаси ташкил этилди. Дирекция раҳбари этиб Хожи Мамедов тайинланди. Янги Навоий шаҳарчаси йирик замонавий бизнес ва турар-жой биноларидан ташкил топган инфратизим бўлиб, ундан кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари, йирик кутубхона, кўнгилочар ва истироҳат боғлари, сунъий кўл, ҳунармандчилик устахоналари ва ҳоказо биноҳамда иншоотлар ўрин олиши кутилмоқда. Шунингдек, республика бўйлаб барча тадбиркорларимиз учун мазкур шаҳарча қурилиши жараёнида иштирок этиш ва шаҳар қиёфасининг янада жозибадор бўлишига ўз ҳиссасини қўшиш имкони ҳам мавжуд. Бунинг учун улар айни пайтда e-auksion.uz платформаси орқали эълон қилинган 20 га яқин лотлар харидида иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун эса Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Янги Навоий шаҳарчаси” ишбилармонлик маркази дирекцияси” давлат унитар корхонасининг телефон рақамларига (95) 246-70-70, (95) 248-70-70 қўнғироқ қилишлари мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0