“Афв ҳаётимни бошдан бошлаш имконини берди”
Вокзалда поезд кутиб ўтиргандим. Ёнбошимдаги йигит соат неча бўлганлигини сўради. Яқин ўн йилда ҳеч кимдан бундай савол эшитмаганим учун унга ҳайрон бўлиб қарадим. Сочи тақирлаб олинган, ўн саккиз -ўт тўққиз ёшлардаги оғзингина йигит, ишшайиб ўтирарди. Унинг нимадандир қаттиқ хурсандлигини англаш қийинмасди. Нуқул атрофга боқиб ишшаяр, қўлидаги қора пакетини айлантирарди.
Туйқус ҳаёлимга бу йигит қамоқдан келмаяптимикин деган ўй келди. Истиҳола қилиб, “Армиядан қайтяпсизми?” деб сўрадим. Йигитча ким биландир гаплашгиси келиб ўтирганми, шартта жавоб қайтарди.
“Зонадан қайтяпман. Афвга тушдим. Ўн етти йилга кесилгандим. Тўрт йилда чиқяпман. Президентимизга раҳмат. Ўн етти йил қамоқда ўтирганимда умрим ўтиб кетган бўларди. Энди ҳаётимни бошдан бошлаш имконига эгаман”.
Поезд келгунча гаплашиб ўтирдик. Хато қилганини, пушаймонлигини, орзулари кўплигини айтди.
— Кутмагандим, тўрт йилда чиқаман деб, ҳеч ўйламагандим. Уйдагиларга сюрприз қилмоқчиман. Ўн етти йил қаёқда-ю тўрт йил қаёқда?! Афвга тушиш осонмас. Қоидаларни бузмасдан, тартиб-интизомга риоя қилиш керак. Бундан кейин ёмон йўлга юрмайман. Қайта қамалишни истамайман.
Йигитчадан пул-мулингиз борми, деб сўрадим. “Бор, уйга етиб олишимга етарли пул беришди”— деди у. Ҳар на деб озроқ пул, поездда еб кетишга ул-бул бердик. Бизни кузатиб турган бир-икки киши ҳам егулик узатди. “Шартмас, раҳмат”, — кўрсатилаётган озгина эътибор, меҳрдан йигитчанинг мамнунлигини порлаётган кўзлари фош қиларди.
Поезд келди. Биз йигитга омад тилаб, хайрлашдик.
Вагонга чиқиб, жойлашиб олгач, Президентнинг афв ҳақидаги фармонини изладим.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида 852 нафар шахс афв этилган. Уларнинг 604 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 115 нафари муддатидан илгари шартли озодликка чиқарилди, 52 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилиб, 81нафар маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилди.
Демак, жиноят содир қилган 852 нафар элдошимиз ўз ҳаётини қайта бошлаш, яқинларининг меҳридан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлди. Умид қиламизки, улар бу имкониятдан ўринли фойдаланадилар.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz




0/50
0
0
0
0