Одамлар нима деркан: ўзбеклар қачон ўзи учун яшайди?
Ўзбек жамиятида “Одамлар нима дейди?” каби иборалар кўп ишлатилади. Гоҳи ошкор, гоҳи яширин хаёлимизда фаромуш бўлиб туради. Бу каби саволлар қўрқуви бир қарашда оддий риторик саволдек туюлса-да, лекин амалда миллионлаб қарорларимизга, ҳаётимизнинг катта-ю- кичик босқичларига сезиларли таъсир қилади. Тўй қиламизми, уй сотиб оламизми, турмушга чиқамизми, ишдан кетамиз ёки қоламизми, машина сотиб оламизми ёки либос танлаймизми — барчасида “Атрофдагилар нима дер экан?”, деган ўй ҳозир-у нозир.
Одамлар нима дейди: ўзбеклар қачон ўзи учун яшайди?
Чекка қишлоқда яшовчи танишим бор. Хотинининг укаси қиммат машина олган экан. “Қудалар олдида паст келаманми?”, деган хаёлга берилиб, кредитга чет эл машинаси сотиб олди. Энди эса қарздан бош кўтара олмаяпти. Ёки дугонам – Дилфуза (исми ўзгартирилган), 29 ёшда. Унинг иши ўзига ёқмайди. Яхшироқ ишга таклиф қилишди, лекин рад қилди. Чунки “Қўни-қўшни, қариндошлар нима дер экан? Яқиндагина ишга кирганди, ишни эплай олмабди, ёки феъли чатоқми, урушиб қолгандир, деб ўйлашади”, деб қўрқади.Тошкентдаги бир дўстим кичик тўй қилмоқчи бўлганининг гувоҳи бўлдим, лекин ёшлар қариндошлар ва маҳалла кўйнинг босими сабаб анъанавий, қиммат тўй қиладиган бўлишди. Йигитнинг отаси: “Одамлар “ўғлига арзон тўй қилибди демасин”, деб уялибди. Қизнинг онаси эса: “Бизнинг ҳам орзу ҳавасимиз бор”, дебди.
Сарвиноз Маманова, журналист:
“Менимча, бизнинг жамиятда бола туғилганиданоқ унинг онгига "Одамлар нима дейди?", деган тушунча сингдирилади. Эсимда, болалик йилларим мурғак қалбим билан бу ибора маънисини англаб - англамай, изза бўлишдан қочишни бошлаганман. Ана, қўшни бола ёки қўшни қиз устингдан кулади, тез овқатингни е, йиғлама, яхши ўқи ва ҳоказо... Энди ўйлаб қарасам, яхши ўқиш, даромадли ишда ишлаш – буларнинг ҳаммаси ўшанда одамлар мен ҳақимда яхши фикрда бўлиши учунгина керакдай туюлган. Тан олиш керак, изза бўлиш, уятга қолиш баъзилар учун ўлим! Кимдир юзингга ҳеч ким йўқ жойда тарсаки тортса, чидашинг мумкин, аммо жамоа олдида бу иш содир бўлса, шармандалик оғриғини енгиш қийин. Аммо “Одамлар нима дейди?”, деган хавотирни мутлақо ёмон ҳам дея олмайман. Қайсидир вазиятларда “Одамлар нима дейди?”, деган ижтимоий босим билан суицид ёқасидаги одамлар бу фикридан қайтиши мумкин. Баъзилар қариндош-уруғ, қўни-қўшнининг гап-сўзидан чўчиб, ажрим ёқасидаги оиласини сақлаб қолади. Кимдир одамларнинг изза қилгани учун ҳам кескин ҳаракат қилиб, катта мақсадларга эришади. Лекин бу босимнинг яхши тарафидан кўра, ёмон тарафи кўп. Масалан, кимлигини кўрсатиб қўйиш, эл оғзига тушиш учун бир -биридан ўтказиб тўй қилиш, қайта-қайта умра сафарига бориш, турли исрофгарчиликлар шулар жумласидан... Бир дугонамнинг оиласи нотинч, эри уради. Камига ичкиликка рўжу қўйган. Қиз ота уйига қайтиб борса, унинг ота-онаси қизни тағин куёвнинг уйига қайтариб юборибди. Ахир “қиз қайтиб келса, одамлар нима дейди?!”
Аббос Султонов, журналист, 28 ёш:
Шахсан мен “Одамлар нима дейди?, деб яшамайман. Одамлар қандай қарор қилсангиз ҳам гапиради. Сиз у ҳолда, ўз ҳаётингнизнинг хўжайини бўла олмай қоласиз. Бундай босимда яшаш одамга руҳий оғирлик қилади. Инсон ўз танловини ҳурмат қилиши керак. Одамлар фикри билан умр кечириш кўпроқ қишлоқ жойларда ва катта ёшли авлодда сақланиб қолган. Ҳозир ўзбек ёшлари ҳам интернет орқали глобал дунё билан алоқада. Улар ўз шахсий қарорларини ҳурмат қилиш, одамларнинг гап-сўзига эътибор қилмаслик ва ўз фикри билан яшашни ўрганяпти. Мен ҳам шулар жумласиданман.
Ижтимоий психологларнинг таъкидлашича, инсоннинг “одамлар фикри”га боғлиқлиги эволюцион ҳимоя механизми саналади. Инсонлар илк пайдо бўлган пайтда гуруҳдан ажраб қолиш ҳаёт учун хавфли эди. Шунинг учун “гуруҳдан четлашмаслик” инстинкти ҳануз сақланиб қолган. Ўзбек жамиятида эса бу ҳис маҳалла, қўшничилик ва қариндошчилик муносабатлари билан янада мустаҳкамлангандай. Болаликдан бошлаб, “Эл орасида обрўйингни йўқотма”, “Гап-сўзга қолма”, “Қўшнидан ўзиб кет”, “Уят бўлади”, каби иборалар онг остимизга мустаҳкам ёзилган ва катта ёшда ҳам бу иборалар қарорларимизга таъсир қилади. Ушбу жараён кўп ҳолларда эрта ёшдан шаклланади. Оқибатда боланинг онгида ички назоратчини пайдо қилади. Кейин катта бўлганда ҳам атрофда ҳеч ким йўқ бўлса-да, одам гўё кимдир кузатиб турган каби қарорлар қабул қила бошлайди.
Кимдир биз ҳақимизда яхши сўз айтсин, мақтасин, деган интилиш ҳар биримизга хос. Лекин ҳар бир нарсанинг меъёри бўлганидек, бу истакнинг ҳам чегараси бор. Бизнинг жамиятда эса у меъёрдан ошиб кетгандек туюлади. Ўзини кўз-кўз қилиш, кимлигини исботлаш, шу билан бирга “уят” ва “иззат” деган тушунчалар жуда кучли.
Албатта, бу ҳолат жамият ахлоқий меъёрларини тартибга солувчи ижобий куч ҳам бўлиши мумкин. Аммо ҳаддан ошганда, бутун ҳаётни издан чиқаради. Одамлар кулмаслиги, маломат этмаслиги учун биз, ўзбеклар, ортиқча фидокорлик қилаётгандекмиз. Йиллар давомида Россияда меҳнат қилиб, данғиллама тўй қилиш ёки одамларнинг оғзини ёпмоқ учун уй-жой қуриш – нимага керак?
Одамлар нима деркин деб, ўз орзуларимиздан воз кечиш – ҳаёт аталмиш бебаҳо неъмат учун катта қурбонлик эмасми? Биз умримизни гўё саҳнада, томошабинлар олқиши учун рол ўйнаб ўтказаётгандекмиз. Савол туғилади: қачон биз бошқалар эмас, балки ўзимиз учун яшаймиз?
Мафтуна Каримова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0