Telegram — 12 йиллик тарих
Бугун, 14 август куни, Telegram’га расман 12 йил тўлди.
2013 йилда яратилган мазкур илова қисқа вақт ичида нафақат оддий хабар алмашиш воситаси, балки глобал ахборот, таълим, тадбиркорлик, ҳатто рақамли иқтисодиёт майдонига айланди.
Ғоя қандай туғилган?
Telegram’нинг асосчиси иқтидорли дастурчи ва IT-инвестори Павел Дуров ҳисобланади. У бу платформани яратиш ғоясига "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида олиб борилган фаолияти давомида келган. 2011 йили Павел ва у билан ҳамкорликдаги дастурчилар шахсий ва хавфсиз мулоқот учун мўлжалланган тезкор, реклама ва назоратдан холи мессенжер яратиш ғоясини илгари суришди.
Шу тариқа, 2013 йилнинг 14 август куни Telegram’нинг илк версияси App Store’da пайдо бўлди.
Дунё бўйлаб оммалашган платформа
Бугунги кунда Telegram 190 дан ортиқ мамлакатда фаол фойдаланилади. Илованинг аудиторияси 900 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчини ташкил этади. Унинг интерфейси 58 та тилда, жумладан ўзбек тилида ҳам мавжуд. Telegram ўзининг юқори хавфсизлик даражаси, тезкорлиги ва фойдаланувчи маълумотларини ҳимоя қилиш сиёсати билан алоҳида эътибор қозонган.
Кенг имкониятлар
Telegram нафақат шахсий мулоқот учун, балки контент яратиш ва тарқатиш, аудитория билан ишлаш ва бизнесни ривожлантириш учун ҳам қулай имкониятларни таклиф қилмоқда. Ушбу тармоқ орқали каналлар ва гуруҳларда юз минглаб одамлар билан ахборот алмашиш, ботлар — автоматлаштирилган сервислардан фойдаланиб,таълим олиш, мурожаат йўллаш, каналларда шарҳ қолдириш, овоз бериш орқали ўз фикрингизни билдириш ва бошқа интерактив функциялардан фойдаланиш мумкин.
Telegram дунё бўйлаб цензурадан холи, тезкор ва хавфсиз алоқа платформаси сифатида тобора ортиқ ишонч қозонмоқда. Павел Дуров ўз чиқишларида ҳар доим бу платформани эркин сўз, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва ахборотга тўсиқсиз етишиш ҳуқуқининг рамзи сифатида сақлаб қолишини таъкидлайди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0