Ногиронлиги бўлган шахсни "сокрашения" қилиш мумкинми?
Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ жавоб беради:
— Қонунчиликда ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, деган тақиқ йўқ. Яъни, ногиронлиги бўлган шахс билан (ногиронлик гуруҳидан қатъи назар) қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш мумкин, масалан, қисқаришга тушириш мумкин.
Унда нега бундай саволлар берилади?
Мана шу қоидага жуда кўпчилик чалғийди. МК 425-моддаси 3-қисмига кўра, ногиронлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахс билан меҳнат шартномаси тузишни ёки ишда унинг юқори лавозимга кўтарилишини рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосасига кўра ногиронлиги бўлган шахснинг соғлиғи ҳолати, касбий вазифаларини бажаришга монеълик қиладиган ёхуд унинг ёки бошқа шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, меҳнат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳоллар мустасно.
"У билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди" деган жумлани нотўғри таҳлил қилмаслик керак.
Ногиронлиги бўлган шахс билан айнан унинг ногиронлиги сабабли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Лекин ногиронлиги бўлган шахс қисқаришга тушса, қонунчиликда белгиланган тартибда қисқартириш мумкин.
Агар ходимнинг айнан ногиронлиги ишни давом эттиришига тўсқинлик қилса, у ҳолда меҳнат шартномаси МК 143-моддаси 2-қисми, 168-моддаси 1-қисми 5-бандларидан бирига кўра ҳам бекор қилиниши мумкин.
Демак, ногиронлиги бўлган шахс (гуруҳининг аҳамияти йўқ: 1,2,3) билан меҳнат шартномасини қонунчиликда белгиланган тартибда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш мумкин. Фақат МК 163-моддасидаги ҳамда бошқа бир қатор чекловларга риоя қилиш ҳам эсдан чиқмасин. Масалан, агар ногиронлиги бўлган ходим ҳомиладор бўлса, 3 ёшгача боласи бор аёл ёхуд 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) бўлса қисқаришга тушириб бўлмайди! Шунигдек, МК 167-моддасининг 2-қисмига кўра, ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда ногиронлиги бўлган шахсларга афзаллик берилади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0