+26C

+26C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Жонимизга оро кирувчи қурилма: кондиционер қандай ихтиро қилинганди?

Ўзбекистонда ёзнинг жазирамаси бошланди. Бугунги даврда кўпчилик иссиқ сабабли уй ва офисига кондиционер ўрнатган. Бу оммабоп маиший техника бизни жазирама иссиқдан қутқаради. Аллақачон ҳатто олис қишлоқларда ҳам кўпчилик унинг хизматидан баҳраманд бўлмоқда. Иқлим ўзгариши, аномал иссиқ ва бошқа сабаблар талабни янада кучайтириб юбормоқда. Хўш, кондиционерни ким ихтиро қилган ва қурилма қандай эврилишларни бошдан кечирган?
Ўзгача ракурс
40 11:35 | 18.06.2026 11:35

Дастлабки кондиционерлар жуда катта ва ноқулай эди, кейинчалик улар ихчамлашди ва ҳозирги кўринишга келди. Аввало бундай қурилмалар ихтиро қилинмасдан олдинам хонани сунъий йўл билан совутишга уринишлар бўлган. Америкалик шифокор Жон Горри безгак билан касалланган беморлар хонасини совутиш учун муз ишлаб чиқарадиган компрессорли қурилма яратганди. У кондиционернинг илк прототипи эди, лекин молиявий муаммолар туфайли лойиҳа кенг тарқалмади. Дастлаб турли хоналардаги ҳароратни ўзгартириш орқали ҳавони совутиш ғояси француз физиги Жан Шабаннесга тегишли эди. У XIX асрнинг бошларида “ҳавони совутиш ва турар жойларда керакли ҳароратни сақлаб туриш” усули учун патент олди.



Деярли бир аср ўтгач, XX асрнинг бошларида америкалик дизайнер Уиллис Кэрриер Жан Шабаннеснинг ғояларини қўллади ва ҳаво оқимлари ёрдамида совутиш учун янги қурилма ихтиро қилди. Қизиқ томони, Кэрриер бу қурилмани одамларга салқин ва қулай иқлим улашиш учун эмас, балки матбаа корхонасида фойдаланиш учун яратган эди. Бруклиндаги бир босмахонада ҳавонинг ҳаддан ташқари намлиги туфайли қоғозлар шишиб, ранглар сифатсиз чиқаётган эди. Кэрриер ҳаводаги намликни назорат қилувчи тизимни ўйлаб топди. У ҳавони совутилган қувурлар орқали ўтказди: ҳаво совиди ва ундаги ортиқча намлик сув томчиларига айланиб, пастга тушди. Натижада хона ҳам салқинлашди, ҳам намлик меъёрига келди. Ушбу қурилма биринчи марта Бостон босмахонасида ишлатилган ва иш хоналарида ортиқча намликни йўқотишга, босма сифатини яхшилашга сезиларли ҳисса қўшган.



Бу фойдали ихтиро бир неча ўн йиллар давомида, жумладан тўқимачилик фабрикалари томонидан статик электр муаммоларини ҳал қилиш учун ишлатилган. Қурилмалар устара, совун, гўшт маҳсулотлари ва ҳарбий техника ишлаб чиқаришда ҳам ишлатилган. Қўшма Штатлардан ташқаридаги биринчи кондиционер 1907 йилда Япониянинг Иокогама шаҳридаги ипак фабрикасида ўрнатилган. Кейин кондиционерлар устара пичоқлари ва целлюлоза плёнкалари ишлаб чиқарувчилари, фармацевтика капсулалари, тамаки компаниялари, гўшт қадоқлаш компаниялари, совун ишлаб чиқарувчилари ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчилари орасида ҳам тарқалди.



Муваффақият тўлқинидан илҳомланган Кэрриер ва унинг шериклари 1915 йилда Carrier Engeenering and Co. компаниясига асос солишди. 1922 йилда у марказдан қочма совутиш машинасини ҳам ихтиро қилди - бу анча катта майдонларни совутиш имконини берувчи янги ихтиро эди. Инсон қулайлиги учун биринчи кондиционер 1924 йилда Детройтдаги универмагда ўрнатилди. Доим иссиқ бўлган дўконнинг биринчи қаватида савдо кескин ошди ва бошқа қаватларга ҳам совутиш ускуналари ўрнатилди.





Кондиционерлар, айниқса, кинотеатрларда ва бошқа жамоат жойларида машҳур эди. Масалан, 1925 йилда Кэрриер Нью-Йорк шаҳридаги машҳур Риволи театрида кондиционерларни ўрнатиш бўйича буюртма олди. Янги ускуналар ишга туширилган куни театр реклама қилинган “cool comfort”ни бошдан кечиришни истаган мижозлар билан тўлган эди, гарчи кўпчилик ҳар эҳтимолга қарши қоғоз вентиляторларни олиб келишган бўлса ҳам. 1930 йилга келиб, Америка бўйлаб уч юздан ортиқ кинотеатрларда кондиционерлар бор эди. Улар иссиқ даврда ҳам мухлислар билан гавжумлаша бошлади. 1920-йилларда бошқа саноат компаниялари кичикроқ қувватли совутиш мосламалари устида ишлай бошладилар. Биринчи маиший хона кондиционерларидан бири 1929 йилда General Electric томонидан чиқарилган ва аммиак билан ишлаган. Хонада заҳарланишнинг олдини олиш учун сақлаш манбаи хонадан ташқарига кўчирилди. Бу мослама замонавий сплит тизимли кондиционерларга ўхшаш эди. Аммо 1931 йилда зарарсиз совутгич фреон ихтиро қилинди ва кондиционернинг узоқ вақт давомида бозорда ҳукмронлик қилган прототипи вужудга келди.



1965 йилга келиб, совутиш мосламалари Америка уйларининг 10 фоизида бор эди. 1995 йилга келиб улар 75 фоизга етди ва АҚШнинг жанубида бу кўрсаткич янада юқори - 90 фоизгача миқдорни ташкил қилди. Узоқ вақт давомида Америка компаниялари шамоллатиш ва кондиционерлаш соҳасидаги сўнгги ишланмаларда етакчиликни эгаллаб келишган. Бироқ, 1950-йилларнинг охири ва 1960-йилларнинг бошларида япон компаниялари бозорни забт эта бошладилар ва асосий тенденцияларни белгилаб олдилар.


1958 йилда япон компанияси Daikin биринчи иссиқлик насосини ишлаб чиқди, бу кондиционерларга нафақат хонани совутиш, балки иситиш имконини берди. 1961 йилдан бошлаб япон компанияси Toshiba иккита блок - сплит тизимлар билан кондиционерларни оммавий ишлаб чиқаришни бошлади. Уларнинг иккита муҳим афзаллиги бор эди: компрессор хонадан ташқарида жойлашганлиги сабабли шовқин даражасининг пасайиши. Иккинчи афзаллик эса, деразага боғланмасдан, жиҳозни керакли жойга жойлаштириш имконияти эди.



1969 йилда Daikin бир нечта ички блокларни битта ташқи блок билан бир вақтнинг ўзида ишлайдиган қурилмани ишлаб чиқарди - булар кўп сплит тизимлар деб аталди. Инвертер кондиционерлари жуда муҳим ихтирога айланди. 1981 йилда Toshiba узлуксиз ўзгарувчан қувватни бошқаришга қодир биринчи сплит-тизим тизимини тақдим этди ва 1998 йилга келиб инвертерлар Япония бозорининг 95 фоизини эгаллади.



Ниҳоят, 1982 йилда Daikin компанияси томонидан бутун дунё бўйлаб энг машҳур кондиционер тури - VRV тизимлари тақдим этилди. Марказий ақлли VRV тизимлари 100 метргача ажратилиши мумкин бўлган ташқи ва ички блоклардан иборат. Юқори технологияли VRV тизимларини ўрнатиш осонроқ ва иш тугагандан сўнг ҳам, агар керак бўлса, офис фаолиятини тўхтатмасдан ҳам ўрнатилиши мумкин. Аксинча, анъанавий марказий кондиционер тизимлари қурилиш босқичидан бошлаб лойиҳалаштирилиши керак эди.



Бир қатор ноёб афзалликлари туфайли VRV тизимлари анъанавий марказий кондиционер тизимларига жиддий рақобатчи бўлиб қолди ва баъзи мамлакатларда, масалан Японияда уларни бозордан деярли бутунлай сиқиб чиқарди. Иқлимни бошқариш ускуналари ривожланишда давом этмоқда, дизайн ва функционалликда янгиликлар пайдо бўлмоқда.



Таъкидлаш керакки, йилдан йилда Ўзбекистон ва дунёда кондиционерларга талаб кескин ўсиб бормоқда. Миллий статистика қўмитасининг уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларига асосан, 2025 йилда Ўзбекистонда 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган кондиционерларнинг ўртача сони 67 донани ташкил этган. Таъкидлаш керакки, 2015 йилда бу кўрсаткич 32 дона, 2020 йилда эса 40 донани ташкил қилган. 2025 йилнинг етти ойида эса Ўзбекистонга 270 мингдан ошиқ совутиш қурилмаси импорт қилинган. Унинг мутлақ катта қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади.



Аброр Зоҳидов


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс