Шафқатсиз саҳро: Ўлим водийсининг сири
Ўзбекистонда ҳозир жазирама иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Аммо юртимиз жазирамаси дунёдаги энг қаттиқ иссиқ эмас. Хусусан, Ўлим водийси иқлими олдида Ўзбекистон жаннатмонанд юртга тенглашиб қолади.2001 йилнинг ёзида Ўлим водийсидаги ҳарорат кетма-кет 154 кун давомида 38 даражадан ошди. Бу жой учун ҳарорат рекорди 56,7 даража бўлиб, 1913 йил 10 июльда қайд этилган.
Ўлим водийси. Бу номнинг ўзиёқ кишида нохуш таассурот қолдиради. Бу водий жуда иссиқ, куйдирувчи ва шафқатсиз. У Калифорниянинг Мохаве чўлида жойлашган бўлиб, Шимолий Америкадаги энг жазирама ва қуруқ жойлардан бири, ҳарорат баъзан Фаренгейтдан 130 даражага ошади. Бу ерга кам сув захираси билан ташриф буюрганлар ҳалокатга учраши мумкин, тарихда водийни забт этмоқчи бўлганлар ҳам даҳшатли қийинчиликларга дуч келишган. “Ўлим водийси” номи саёҳатчилар дуч келадиган хавфларни эслатиб туради гуё: баъзилар уни кесиб ўтишга уриниб ҳалок бўлгандилар.

Нима учун Американинг энг катта ва энг машҳур миллий боғларидан бири бундай даҳшатли ва нохуш номга эга? Бу саволга жавобни АҚШ тарихидан топиш мумкин. Аниқроқ айтганда, XIX асрнинг биринчи ярмида. Ўша пайтда Калифорнияни ушбу штат тарихидаги энг машҳур “олтин васвасаси” қамраб олган эди. Ҳозирги штат ўша пайтда мустақил республика эди. Штатда олтин топилиши биланоқ, саргузаштчилар ва бойлик изловчилар Калифорнияга оқиб келишди. Бир-икки йил ичида бу ерга 300 мингдан ортиқ одам кўчиб келди, бу минтақанинг ўз аҳолисидан 20 баравар кўп эди. Олтин ва аҳоли сонининг тез ўсиши туфайли Калифорния Қўшма Штатларга қўшилди ва штат мақомини олди.

Бироқ, олтин қазиб олишнинг рентабеллиги пасайиб, ўйинда фақат йирик корхоналар қолди. Аммо “олтин шов-шуви” авжига чиқди, олтин изловчилар улкан чўл бўйлаб қидирувга тушди. Ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одамларнинг кўпчилиги йўлда ҳалок бўлди. Бунинг сабаби ҳаддан ташқари юқори ҳарорат ва тоза сув захираларининг йўқлиги эди. Очликдан ўлмаслик учун қидирувчилар ҳаттоки от ва хачирларини пишириб ейишган. Олтин ва бойлик васвасасидаги одамлар ҳалокатидан сўнг “Ўлим водийси” номи пайдо бўлди.
Ўлим водийсининг жазирама ҳарорати бир қанча мураккаб омилларнинг натижасидир. Унга яқин ҳудудлар баланд тоғлар билан ўралган ва пастликда жойлашган ерлари иссиқ ҳавони ушлаб қолади, қалин қум ва тош қатламлари эса иссиқликни ўзига сингдиради ва кучайтиради. Водий Шимолий Америкадаги энг паст ерда жойлашган, у денгиз сатҳидан -86 метр қуйида. Бундан ташқари, бу ҳудудда йилига икки дюймли жуда кам ёғингарчилик тушади – бу одатга чўлларга ёғадиган ёғиннинг ўндан бир қисмига яқинидир. Ҳудуддаги миллий табиат боғи расмийлари саёҳатчиларга транспорт воситаларининг тасодифий қизиб кетишининг олдини олиш учун улардаги кондиционерни ўчиришни тавсия қилади, бу Ўлим водийсининг жазирама муҳити хавфсиз ташриф учун зарур эканлигини эслатади.
Шу билан бирга, океандан келаётган булутлардан баъзан кузда ёғадиган кучли ёмғир водийда минглаб экзотик гулларнинг ўсишига олиб келади. Қумлар орасида ёввойи ҳайвонлар бошпана топадиган воҳалар бор. Хавфли номга қарамай, водийда кўплаб ҳаёт шакллари мавжуд. Мохаве чўли ва Буюк ҳавзасининг бир қисми бўлган бу жой Калифорниянинг шарқий қисмида Невада билан чегарадаги энг ажойиб ва гўзал маскан ҳисобланади. Қўшма Штатлардаги миллий боғлар орасида катталиги бўйича Ўлим водийси Аляскадан кейин иккинчи ўринда туради.
Ўлим водийсида бўлган сайёҳлар айтганидек, ҳудуд ташқаридан кимсасиз кўринади, аммо бу хато. Бу ердаги ландшафтлар ва ҳаёт шаклларининг хилма-хиллиги мавжуд. Буларга қумтепалар, гўзал канъонлар, ёввойи ҳайвонлар, баланд тоғлар, туз билан қопланган қуруқ кўллар, қадимги вулқон кратерлари ва тош шакллари киради. Ёзда бу ерда жон сақлаш осон эмас, термометр шкаласи Цельсий бўйича 50 даражага етади. Геологларнинг таъкидлашича, водий илмий меъёрларга кўра жуда ёш шаклланиш бўлиб, бир неча миллион йил олдин пайдо бўлган. Вақт ўтиши билан ва вулқон ва тектоник фаолликнинг бир неча даврлари таъсири остида у ўзгариб, ўзига хос кўринишга эга бўлди. Бугунги кунда бу ерда деярли ҳеч ким яшамайди, кичик ҳинду қабилаларидан бирининг вакиллари бундан мустасно. Буни археологлар томонидан мунтазам равишда топиладиган қоятош расмлари ва камин қолдиқлари тасдиқлайди.
Ўлим водийси майдони 1,5 миллион гектардан ортиқ. Водийдан 1,5 минг километр узунликдаги асфальт ва тупроқ йўллар ўтади. Улардан паркнинг чекка бурчакларига ҳам, сайёҳлар билан машҳур жойларга ҳам бориш мумкин. Водийнинг 91 фоизи дахлсиз чўл сифатида ҳокимият томонидан ҳимояланган. Бу ерда мобил алоқада узилишлар кузатилиши мумкин.
Агар водийга саёҳатингизни Невада штатидан бошласангиз, албатта Риолайт арвоҳ-шаҳрига ташриф буюришингиз керак (АҚШда минглаб шундай шаҳарлар бор). Илгари бу ерда кончилар яшаган: шаҳар кўчаларида уларга бағишланган ҳайкаллар ҳозиргача сақланиб қолган. Бу ерда учта темир йўл линиялари бирлашган. Бироқ, иқтисодий сабабларга кўра, шаҳар одамлар томонидан ташлаб кетилган ва бугунги кунда у хароба аҳволда ётибди.
Титус канъони. У Риолайт яқинида жойлашган. Бу қадимий қоялар Ўлим водийси ҳудуди тропик денгизлар остида қолиб кетган пайтда пайдо бўлган. Канонда оҳактош тош шакллари ва петроглифлар мавжуд. Бу ҳудудда турли хил гулли ўсимликлар, жумладан, “муқаддас датура” яшайди. Бу ерда чўл қўйларининг подаларини учратиш мумкин. Водийнинг шимоли-ғарбий қисмида сирли жой бор. Қуриган Раcетраcк Плая кўли тушунарсиз ҳодиса сифатида машҳур. Баъзан сув тоғлар билан ўралган кўл тубига тушади ва иссиқ қуёш остида бир зумда буғланади. Лой юза қуриб, тартибсиз шаклдаги олти бурчакли тошлар нақшини ҳосил қилади. Ва улар қандайдир куч таъсирида ҳаракатланадилар. Нафақат кичик тошлар, балки катта тошлар ҳам. Улар орқаларида из қолдирадилар, баъзан тошлар ағдарилади ва ғалати тарзда йўналишини ўзгартиради. Тошлар тирик мавжудотлар ёки кучли шамоллар ёрдамисиз ҳаракат қилади. 2013 йилгача ҳеч ким ушбу ҳаракатни камерага ёзиб олмади. Айтганча, тошларнинг шунга ўхшаш ҳаракатлари бошқа жойларда ҳам қайд этилган, аммо Плая Раcетраcк изларининг сони ва узунлиги бошқалардан ҳайратланарли даражада фарқ қилади.
2001 йилнинг ёзида Ўлим водийсидаги ҳарорат кетма-кет 154 кун давомида 38 даражадан ошди. Бу жой учун ҳарорат рекорди 56,7 даража бўлиб, 1913 йил 10 июльда қайд этилган.
Шунингдек, айрим машҳур кинокартиналарнинг тарихи ҳам Ўлим водийси билан боғлиқ. “Бир вақтлар ... Голливудда” фильмининг сюжети айнан шу ҳудудда кузатилган. 1948 йилда “Уч чўқинтирган ота” деб номланган фильм чиққан, унинг аксарият саҳналари ҳам водийда суратга олинган. Экстремал об-ҳаво шароитида бўлиб ўтган фильмни суратга олиш жараёнида бош рол ижрочиси Жон Уэйн қуёшда қаттиқ куйган ва касалхонага ётқизилган.
Режиссор Байрон Хаскин эса бу жойда жонсиз Марснинг кенгликларини кўрди. Шунингдек, Ўлим водийсида Жорж Лукас машҳур “Юлдузли урушлар” достонининг тўртинчи эпизодининг баъзи саҳналарини суратга олди.

Ҳудудга бормоқчи бўлганлар учун қимматли маслаҳатлар тўплами ҳам мавжуд. Ўлим водийсига боришни режалаштираётган саёҳатчилар аввало сув захирасини тўплашлари керак: бу ҳудудда сув ҳар доим етишмайди. Шляпа бўлиши жуда муҳим – қуёшдан ҳимоя қилувчи крем ҳам эсдан чиқмаслиги керак. Агар сиз миллий боғга машинада борадиган бўлсангиз, ёқилғини захиралаш яхшироқдир. Ва унутмангки, баъзи уяли алоқа операторлари водийнинг бутун ҳудудини қамраб олмайди. Сайёҳлик маршрутлари билан харитани ахборот марказидан олиш ёки олдиндан сотиб олиш мумкин. Ташрифдан олдин сиз йўлларнинг ҳолати ва улардаги қийинчиликлар мавжудлигини билиб олишингиз керак. Бу сизга вақтингизни оқилона тақсимлашга ёрдам беради. Энг қулай вақт баҳор ёки кузда эрталаб ёки кечқурун ҳисобланади. Кундузи ёзда даҳшатли жазирама туфайли чўл жонсиз ва зерикарли кўринади. Октябр ойида ҳаво ҳарорати пасайиши билан миллий боғда театрлаштирилган томошалар бошланади. Улар саёҳатчиларни Ўлим водийси тарихи, геологияси ва астрономияси билан қизиқарли тарзда таништирадиган инспекторлар томонидан олиб борилади. Лас-Вегасдан Ўлим водийсига тўлиқ кунлик автобус саёҳатини брон қилишингиз мумкин. Сайёҳлик агентликлари ушбу хизматни тақдим этадилар. Экскурсия давомида гидлар сизга барча асосий жойларни кўрсатадилар. Бир киши учун ўртача нарх 250 долларни ташкил қилади. Шунингдек, машина ижарага олишингиз мумкин. Бу машинага қараб кунига 30 доллардан бошланади. Жип сафари тахминан 270 доллар туради, Ўлим водийсининг ўзида тўртта меҳмонхона мавжуд. Ушбу меҳмонхоналарда хоналарни олдиндан брон қилиш лозим.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0