Яхшидан боғ: Сергелида мактаб ўқувчилари ота-оналари билан биргаликда кўчат экди
Шу кунларда оддий хонадондан тортиб, корхона ва ташкилотлар, ўқув масканларида ҳам кўчат экиш, яшилликни кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Зеро, яшнаш ва яшариш, ободлик фасли баҳор — айни кўчат экиш учун қулай мавсум.
Бугун Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимига қарашли Сергели туман ихтисослаштирилган мактабида ҳам 6- “А” синф ўқувчиларининг ота- оналари билан биргаликда ҳашар уюштирилиб, мактаб атрофи ва ҳовлисига турли мевали-манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Мактабда 512 нафар ўқувчилар таълим олиб, уларга 48 нафар педагоглар билим беришмоқда. Шу кунгача мактаб атрофига 2000 туп гул кўчатлари экилиб, айни пайтда улар очилиб маскан ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.
Бугунги тадбирда эса павлония, чинор, катальпа, сакура, олма ва шафтоли каби 80 та дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Эътиборлиси, ўқувчиларнинг ота-оналари ва Сергели ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ҳашарда ўқувчилар катта иштиёқ билан қатнашишди.
Катталарнинг яратиш, кўчат экиш борасидаги ҳаракати ёшларга яхши намуна бўлди.
Зебо НАМОЗОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0