Сувда чўкаётган болалар
"Ҳар йили юзлаб инсонлар, жумладан болалар, эҳтиётсизлик туфайли сувда ҳалок бўлмоқда. Сув хавфсизлиги — ҳар бир оила ва жамият учун долзарб масала."
Ёз — болалар энг интиқлик билан кутадиган, қувончга тўла фасл. Айниқса, жазирамали кунларда чўмилиш болалар учун энг ёқимли машғулотлардан бирига айланади. Аммо шуни унутмаслик керакки, чўмилиш ҳар доим кутилганидек қувонч билан якун топмайди. Юзага келадиган биргина хатолик — қайтариб бўлмас фожиа билан якунланиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикаларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 300 мингга яқин киши чўкиб ҳалок бўлади. Бу ҳолатларнинг деярли 25 фоизи 5 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади. Чўкиш 1–4 ёшли болалар ўлимининг тўртинчи, 5–14 ёшли болалар ўлимининг эса учинчи асосий сабабидир. Афсуски, сўнгги йилларда юртимизда ҳам болалар ва вояга етмаганлар ўртасида очиқ сув ҳавзаларида, ҳатто ариқларда чўкиб кетиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Кўпчилик фақат катта дарё ёки бассейнларда чўкиш мумкин деб ўйлайди. Аммо ҳақиқат шуки — энг кўп фожиавий ҳолатлар оддий ариқлар ва каналларда юз беради. Айниқса, шаҳарнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқларда сузиш ҳавзалари мавжуд эмас ёки етарли эмас. Жазирама кунларда ариқ ва каналлар болалар билан тўлиб-тошади. Кўзга оддий ва хавфсиз кўринган бу жойлар аслида ниҳоятда хавфли.
Кўплаб ариқлар чуқур, лойқа, баъзиларининг деворлари бетон билан қопланган бўлиб, тушиб қолган бола мустақил чиқиб кета олмайди. Каналлар эса ундан-да хавфли — суви кучли оқимли, туби эса тошга тўла. Болани оқим осонликча олиб кетади. Энг ачинарлиси, бундай жойларда огоҳлантирувчи белгилар ҳам, хавфсизлик панжаралари ҳам мавжуд эмас.
Ота-оналарга МУҲИМ эслатма:
1. Назоратни ҳеч қачон қўлдан бой берманг
Фарзандингиз ҳатто ҳовлидаги ваннада, товоқда ёки ариқ бўйида ўйнаётган бўлса ҳам, назоратдан четда қолдирманг. Яна бир бор эслатамиз — 30–40 сантиметрли сув ҳам болани чўктиришга етади, айниқса у бош билан сувга қулаб тушса ёки қўрқиб, ваҳимага тушиб қолса.
2. Аввало ўзингиз чўмилиш қоидаларини билиб олинг
Сувда қандай нафас олиш, чўкаётган одамга қандай ёрдам бериш, биринчи ёрдам кўрсатиш — ҳар бир ота-она буни билиши зарур. Бола чўмилишни ўрганишдан аввал, хавфсизлик қоидаларини ўрганиш муҳим.
3. Бормоқчи бўлган сув ҳавзаларини текширинг
Маҳаллий ҳовузлар ва дам олиш масканларида хавфсизлик чоралари — камералар, қутқарувчилар борлигига ишонч ҳосил қилинг. Бассейн чуқурлиги ва чеккаларининг сирпанчиқ эмаслиги муҳим. Болалар учун махсус хавфсиз зоналар бўлмаса, уларни сузишга рухсат берманг.
4. Сунъий бассейнлар — алоҳида эътибор талаб қилади
Сўнгги йилларда шишириладиган бассейнлар оммалашди. Улар кичик кўринса-да, хавфсизлик нуқтайи назаридан муаммо туғдириши мумкин. Қуёш остида қизиб кетган сув, электр асбобларига яқин жойлаштирилган бассейнлар, чуқурликнинг назорат қилинмаслиги — барчаси хавф туғдиради. Бола шундай бассейнда ҳам ҳеч қачон ёлғиз қолдирилмаслиги керак.
5. Болага “сув — ўйинчоқ эмас” деган тушунчани сингдиринг.
Сув бўйида болаларнинг бир-бирини итариб, сув сепиб ўйнаши кулгили туюлади. Аммо бундай ўйинлар оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бола мувозанатини йўқотиб, сувга тушиб кетиши, чўкиши ҳеч гап эмас.
Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари ҳар йили ёз мавсумида тарғибот ишларини кучайтиради. Мактаблар, маҳалла фаоллари орқали огоҳлантирув ишлари олиб борилади. Аммо бу етарли эмас. Энг асосий ва самарали чора — бу ота-онанинг ўз фарзандига бўлган эътибори, ҳушёрлиги ва ўз вақтида берилган сабоғидир.
Фарзанд — ҳаётдаги энг катта омонат. Сувда бир лаҳзалик бепарволик — бутун умрга етадиган пушаймонликка айланиши мумкин.
Севинч Туропжонова,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети
2-босқич талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0