Ҳайвонларга нисбатан зўравонлик – жамият муаммоси
Ekolog.uz сайтининг хабар беришича, самарқандлик фуқаролар яна бир бор расмийлардан ёрдам сўрашмоқда: шаҳар кўчаларида итларни тутишда қўлланилаётган зўравонлик усуллари жамоатчиликни хавотирга соляпти.
Маҳаллий фаоллар ва ҳайвонларга бефарқ бўлмаган одамлар ижтимоий тармоқларда кўплаб мурожаатлар билан чиқишди.
Бугун ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз, ҳаттоки аянчли ҳолатларни акс эттирувчи хабар ва видеолар тарқатилаётганини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат нафақат юракни эзади, балки жамиятимизда муҳим ахлоқий қадриятлар емирилаётганидан дарак беради.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 2,3 миллиондан зиёд итлар ва 46 мингдан ортиқ мушуклар мавжуд. Уй ҳайвонлари эгалари томонидан уларни рад этиш, шунингдек, назоратсиз кўпайиш натижасида қаровсиз ҳайвонлар сони йил сайин ортиб бормоқда.
Расмий маълумотларга кўра, аҳоли пунктларида ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2021 йилда 10,5 мингта бўлган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 142,6 мингтага ошган.
Шунингдек, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони ҳам ортиб бормоқда: 2020 йилда 105 та, 2021 йилда 190 та, 2022 йилда эса 325 тадан ортиқ ҳолат қайд этилган.
Одамларга нисбатан зўравонлик, шафқатсизлик аллақачон кундалик ҳаётимизнинг аччиқ ҳақиқатига айланган бўлса, энди бу каби ёвуз муносабатлар ҳайвонларга ҳам қаратилди. Айниқса, уларга нисбатан зўравонлик қилаётганларнинг аксарияти ёшлар эканлиги масаланинг салбий жиҳатидир.
Ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, журналист Наргис Қосимова ҳар куни кўчада яшовчи кучук ва мушукларни ўзининг ойлик маошидан боқиб келаётганини кўриб таъсирландим. Шунингдек, таниқли актриса Луиза Расулова ва хонанда Манзура ҳам ҳайвонларга меҳр кўрсатиб, Тошкент вилоятидаги итларни махсус боқиш жойларига доимий модддий ёрдам бериб келади.
Парадоксни қарангки, бугун ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликни тарғиб қилувчи контентлар ҳам кўп топилади. Хўш, уларни тарқатаётган ва қийнаётган шахсларга нисбатан қандай қонуний жазо бор? Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида биз “Эколог” жамоат бирлашмаси директор ўринбосари Гулчеҳра Эргашева билан суҳбатлашдик.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки ғайриинсоний ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, — БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, — БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ҳар бир жонзотга меҳр кўрсатиш, инсонни инсон қилиб турувчи хислатлардан биридир. Бугун мамлакатимизда табиатни асраш, экологик муаммоларни ҳал қилиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Аммо ҳануз давлат миқёсида қаровсиз қолган ҳайвонларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни асрайдиган махсус жойлар ташкил қилинмаган. Ваҳоланки, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир жамиятда қаровсиз қолган уй ҳайвонларини парваришлаш учун махсус масканлар мавжуд.
Ҳар бир уй ҳайвони табиатдаги барча тирик жонзот сингари меҳрга муҳтож. Буни унутмаслик лозим!
Даврон Эргашев
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0