“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси негизида “Озиқовқатсаноат” уюшмаси ташкил этилади
Савдо саноат палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш мақсадида ушбу таклифни билдиришган.
Президентнинг тегишли қарори лойиҳаси билан “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси негизида, унинг ҳуқуқий вориси бўлган “Озиқовқатсаноат” уюшмасини ташкил этиш таклиф қилиняпти.
Бунда, Уюшманинг таркиби унга ихтиёрий аъзо бўлган ёғ-мой, ун-ёрма, нон-макарон, гўшт-сут ва консерва саноати, қандолат маҳсулотлари, салқинлатувчи ва алкоголсиз ичимликлар ҳамда бошқа озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ва кўмакдош-таъминотчи корхоналардан ташкил топади.
Шунингдек, Уюшма ижро этувчи аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш, уюшма раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш Таъсисчилар умумий йиғилиши қарори билан амалга оширилади.
Уюшмани сақлаш ва фаолиятини молиялаштириш унинг таркибига кирган корхоналарнинг аъзолик бадаллари, Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Республика озиқ-овқат саноати корхоналарини ягона миллий бренд остида сиёсат юритувчи тизимга бирлаштириш ҳамда корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга кенг тарғиб қилиш, маркетинг тадқиқотларини олиб бориш ва янги бозорларни топишда корхоналарга кўмаклашиш каби қатор мақсадлар Уюшма фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0