Тошкент халқаро инвестиция форумида 99 мамлакатдан 8 мингдан ортиқ иштирокчи кутилмоқда
Эртага - 16–18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бешинчи халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Нуфузли тадбирда дунёнинг 99 мамлакатидан 8 мингдан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Форум доирасида қатор йирик инвестиция келишувлари имзоланиши ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари халқаро ҳамжамиятга кенг тақдим этилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевга форумга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида ахборот берилди. Таъкидланишича, мазкур майдон сўнгги йилларда мамлакатнинг инвестиция салоҳиятини намойиш этиш, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу йилги форумда 3,1 минг нафарга яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида турли давлатлар ҳукуматлари вакиллари, халқаро молиявий институтлар раҳбарлари, йирик компаниялар, инвестиция фондлари ва бизнес доиралари вакиллари бор.
Тадбир дастуридан ялпи мажлислар, икки томонлама музокаралар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция шартномаларини имзолаш маросимлари ҳамда бизнес мулоқотлари ўрин олган.
Шу билан бирга, форум доирасида мамлакатнинг инвестиция салоҳиятини акс эттирувчи махсус кўргазма ҳам ташкил этилади. Унда қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар ва имкониятлар намойиш қилинади.
Тадбир доирасида Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи йиғилиши ҳам ўтказилади. Унда инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, инновацион ва саноат-технологик тараққиётни жадаллаштириш, хусусий сектор ҳамда халқаро инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама марказида бўлади.
Форум якунида кимё саноати, геология ва металлургия, электротехника, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамли технологиялар, транспорт-логистика, туризм ва таълим соҳаларида қатор йирик инвестиция битимларини имзолаш кўзда тутилган.
Президент масъулларга хорижий меҳмонларни юқори савияда кутиб олиш, форум тадбирларини пухта ташкил этиш ва эришиладиган келишувларнинг амалий ижросини самарали таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0