“Соғлом танда – сифатли тиббиёт”: тиббиёт ходимлари спорт майдонида беллашди
Спорт – саломатлик гарови. Айниқса, инсон саломатлиги учун хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари учун жисмоний фаоллик нафақат соғлом турмуш тарзининг бир қисми, балки меҳнат унумдорлигини оширишда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Соғлом танда – сифатли тиббиёт” шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Мазкур мусобақаларда соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган ходимлар фаол иштирок этди. Ҳудудий босқичларда 1400 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган бўлса, улардан 348 нафари Тошкент шаҳар босқичига йўлланма олди. Беллашувлар давомида иштирокчилар спортнинг турли йўналишларида ўзаро куч синашиб, жамоавий ҳамжиҳатлик ва спортга бўлган қизиқишларини намоён этдилар.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиганлар сонини кўпайтириш, тиббиёт муассасалари ходимларини спорт тадбирларига кенг жалб этиш ҳамда уларнинг жисмоний фаоллигини оширишдан иборат. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган спорт секциялари ва тўгараклар ишини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳам мусобақанинг муҳим вазифаларидан бири бўлди.
Таъкидлаш жоизки, тиббиёт ходимлари кундалик фаолиятида инсонлар ҳаёти ва саломатлиги учун хизмат қилади. Ушбу спорт мусобақалари эса улар учун нафақат бўш вақтни мазмунли ўтказиш, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавий бирдамликни мустаҳкамлаш ва руҳий тетикликни ошириш учун ҳам муҳим майдонга айланди.
Мусобақа якунида фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолиб жамоа эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги ҳамда 30 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Бу каби мусобақалар нафақат спортни оммалаштириш, балки меҳнат жамоаларида соғлом муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0