Рақибларимиз бўлган Колумбия ва Португалия жуда кучли жамоалар–Каннаваро
Ўзбекистон миллий терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ва жамоа сардори Элдор Шомуродов иштирокида расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамоанинг илк Жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлиги, руҳий ҳолати ҳамда рақиблар ҳақида фикрлар билдирилди.
Фабио Каннаваро ўз нутқида бу турнир жамоа учун тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади:
— Бу биз учун илк Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Эртага барча мухлисларимиз бизни томоша қилади, барча футболчиларимиз ўйинга тайёр.
У шунингдек, ҳимоячи Ҳусанов ҳақида тўхталиб, уни жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири сифатида баҳолади:— Ҳусанов албатта муҳим ҳимоячиларимиздан бири, у янада юқори даражага чиқиш имкониятига эга. Ҳозирнинг ўзида ҳам юқори даражада ўйин кўрсатиб келмоқда.
Каннаваро жамоа мақсади ҳақида гапириб, ўзбек футболчиларига хос характер ва менталитетни майдонда намоён этиш муҳимлигини айтди:— Биз бу ерга ўз имкониятларимизни, ўзбекларнинг менталитетини кўрсатиш учун келганмиз. Мен ўз тажрибамни футболчилар билан бўлишишга ҳаракат қиляпман, чунки мен ҳам бир вақтлар илк Жаҳон чемпионатида иштирок этганман.
Рақиблар ҳақида фикр билдирар экан, у Колумбия ва Португалия каби терма жамоаларнинг юқори савиясини алоҳида қайд этди:
— Улар жуда кучли жамоалар. Таркибида юқори даражали футболчилар бор. Колумбияни чуқур таҳлил қилдик, улар охиригача курашади. Биз эса ўз имкониятларимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Элдор Шомуродов:— Ҳамманинг кайфияти аъло даражада. Илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этяпмиз. Ҳаяжон бор, лекин босим йўқ. Барча футболчилар ўйинни интиқлик билан кутмоқда.
Шомуродов сардор сифатида ушбу турнирда иштирок этиш унинг учун катта шараф эканини ҳам қайд этди:— Ушбу Жаҳон чемпионатида сардор сифатида қатнашиш мен учун катта ғурур. Эртага ижобий натижа қайд этишимизга умид қиламан. Халқимиздан қўллаб-қувватлашни сўрайман.
У шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан академиялар ва инфратузилмага катта эътибор қаратилаётганини қайд этиб, бу мамлакат футболининг ривожланишига хизмат қилаётганини айтди:— Бу Ўзбекистон учун илк Жаҳон чемпионати. Мен бу тарихий жараённинг бир қисми эканимдан хурсандман.
Сўзининг якунида Каннаваро мураббий ва футболчи сифатида Жаҳон чемпионатида иштирок этиш тажрибаси фарқли эканини таъкидлади:
— Футболчи ва мураббий сифатида тайёргарлик алоҳида. Мураббий сифатида барча футболчилар билан доимий мулоқот қилиш керак. Биз жуда қизиқ ва шиддатли ўйинларни кутмоқдамиз. Бу мусобақа — катта тажриба мактаби.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0