Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 720.00-7.96

  • EUR

    13 827.9146.07

  • RUB

    140.040.58

+28C

+28C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+28c

  • Hozir

    +28 C

  • 16:00

    +28 C

  • 17:00

    +28 C

  • 18:00

    +27 C

  • 19:00

    +25 C

  • 20:00

    +24 C

  • 21:00

    +23 C

  • 22:00

    +22 C

  • 23:00

    +21 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 17-May

+28C

  • Hozir

    +28 C

  • 16:00

    +28 C

  • 17:00

    +28 C

  • 18:00

    +27 C

  • 19:00

    +25 C

  • 20:00

    +24 C

  • 21:00

    +23 C

  • 22:00

    +22 C

  • 23:00

    +21 C

  • Juma, 17

    +28 +20

  • Shanba, 18

    +23 +20

  • Yakshanba, 19

    +15 +20

  • Dushanba, 20

    +22 +20

  • Seshanba, 21

    +24 +20

  • Chorshanba, 22

    +26 +20

  • Payshanba, 23

    +24 +20

  • Juma, 24

    +24 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Қозоқбой ЙЎЛДОШ: Умумтафаккуримиз ўзгариши зарур!

Одамларда меҳр-оқибат қолмаётир, ёшлар тарбияси ўнғарилмас даражага етди, деганга ўхшаш гаплар бундан олтмиш-етмиш, ҳатто юз йил илгариги бадиий-публицистик матнларга ҳам зеб берадиган мавзу саналган. Бугун ҳам айни оҳанг ўзгарган эмас. Бироқ иддаоларнинг мазмун моҳияти ўша-ўша эса-да, учинчи минг йиллик жамиятлари характер нуқтаи назаридан умумзеҳниятини бошқа ўзанга солгандай туюлади, менга.
Маданият ва маърифат
1912 11:44 | 23.11.2023 11:44

“Ўзбек болажон халқ эмас. Яқин-яқингача болага фақат дастёр сифатида қараб келганмиз”

“Энг баланд минбарлардан тортиб, пастки босқичларгача яхши гаплар жуда кўп айтиляпти. Аммо радикал ўзгаришлар, туб яхшиланишлар яққол кўзга ташланмаётир”

“Жамият майда ташвишлардан қутултирсагина, одамлар юксак ғоялар ҳақида фикрлашни бошлайди. Акс ҳолда у майда масалаларнинг атрофида айланиб юраверади. Ҳар ҳолда оч қоринга қўшиқ ёқмаса керак...”

Масалан, бугуннинг одами бундан нари борса, йигирма йил илгариги қавмдошидан хийла фарқланади: анча худбин, бефарқ, сержаҳл, қобиғига ўралган ва ўта асабий. Инсоният феълидаги бу глобал эврилиш оила, туриш-турмушларимизга ҳам таъсир қилаётганини бугун сезмаслик мумкин эмас.


Моҳият эътиборига кўра, бугун уйларимиз ётоқхонага айланиб бораётгандай, рўзғорда қозон қайнатиш, болаларга иссиқ қўлбола таом тайёрлашдан кўра, консерваланган емакни истеъмол қилиш одат тусини олаётгандай... Ота-онанинг бола тарбиясига, болаларнинг ота-онага эътибори сусайгандай. Ҳаммамиз қалбларимиздаги некбинлик, ширин орзу умидлар, романтизмни, руҳий эркинликни телефонларга бой бергандаймиз. Ахборот манипулацияси бутун раиятни ўз измига солиб, аллақаёққа олиб кетаётгандай. Бир пайтлардаги китоб ўқиш, газета варақлаш каби кундалик машғулотлар тобора завқсиз, машаққатли бир юмушга айланиб қолаётгандай... «Дийдор ғанимат» деган ҳаётий ўгитларнинг умри оёқлаб, ҳатто олис қишлоқдаги ота-она билан муносабатларнинг ҳам виртуал формати кун сайин нормал қадриятга айланиб бораётгандай...


Нега шундай бўлаётир? Нега бунчалар тез ўзгардик? Кечаги меҳр-оқибат, инсоф-диёнат деган тушунчалар қаёққа ғойиб бўлди? Бунинг сабаби нимада? Наҳотки, айбни баъзи бировлар айтаётганидек, китоб ва газетадан узоқлашганимиз ва ёки онгимизга қуюндай ёпирилаётган турли хабарлар оқимидан излашимиз керак?..


Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош билан кечган суҳбатимиз айнан шу жараёнлар, жамиятдаги, умумтафаккур ва зеҳниятлардаги ўзгаришлар хусусида бўлди.


– Китоб ўқиш, газета варақлашдан узоқлашганимиз рост гап, аммо бунга сиз тусмоллаётган ҳолатлар бош сабабчиси эмас, назаримда, – дейди Қозоқбой Йўлдош. – Балки жамиятимизда ёруғ нур, келажакка ишонч, ҳаётимизнинг эртасига эзгу мазмун бағишлайдиган жиҳатлар кўзга яққол ташланмаётгани билан боғлиқдир. Менга ҳам ҳозир одамларда қандайдир бепарволик, лоқайдлик, умидсизлик ҳукм сураётгандек туюлади. Чунки ҳар қандай жамиятда ҳам эртага бугундан сал яхшироқ бўлади, деб ўйлашга имкон берадиган жараёнлар, ҳодисалар рўй бериб турмаса, масалан, бугун кечагидан азоблироқ, эртанги кун бугунгидан қоронғироқ бўлаверса, одамлар ёруғликни кўрмаса, уларда тушкунлик, лоқайдлик пайдо бўлар балки...


– Бундай хонанишинлик ёки пессимизмнинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Ижтимоий ҳаёт «холст»идаги бу рангнинг бўртиб чиқишида ким кўпроқ сабабчи? Одамларми, жамиятдаги тутумларимизми ва ёки бизда ҳали-ҳамон шаклланмаган сиёсий маданиятимизми? Эҳтимол биз глобал дунёга очилган кўйи мудом ўз қадимчилигимизга маҳлиё бўлиб ўтиргандирмиз, эҳтимол жамиятга тадбиқ қилинган назарияларда бирор қусур бордир...


– Агар бундай ҳолат бир, икки, уч, боринг ана юз нафар одамда кузатилса, ўша шахсларнинг феъли нобоплиги, уларнинг микромуҳитида қандайдир чигалликлар борлиги билан изоҳлаш мумкин. Кимнингдир уйида, бошқасининг ишхонасида иқлим яхши эмас, атрофдагилар уларга нисбатан адолатсизлик қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолни одамлараро муносабатдаги носозликдан деб тушунса бўлади.


Борди-ю умидсизлик, лоқайдлик оммавий тус олган бўлса, унда ноқисликнинг сабабини ижтимоий тузумдан қидириш керак бўлади. Масалан, жуда яхши қарорлар кетма-кет қабул қилинса-ю, ҳаётга татбиқ этилмаса, одамлар турмушини тубдан ўзгартириш ҳақида кўп гапирилса-ю, улардан дарак бўлавермаса, кишиларда ишончсизлик кайфияти пайдо бўлади. Ишончсизлик умидсизликка, умидсизлик тушкунликка олиб келади. Афсуски, бизда энг баланд минбарлардан тортиб, пастки босқичларгача яхши гаплар жуда кўп айтиляпти. Аммо радикал ўзгаришлар, туб яхшиланишлар яққол кўзга ташланмаётир.


Статистика агентлиги эълон қилган маълумотларга кўра, шу йилнинг январь-сентябрь ойларида 181,1 минг ватандошимиз хорижга кўчиб кетган ва ушбу миқдорнинг 81,4 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ташкил этган. Миграциядаги ёшлар фоизининг юқорилиги жамиятдаги қандайдир руҳий динамик хусусиятга боғлиқми ёки ўзингиз айтганингиздек, «умидсизлик»нинг роли баландроқми, бу ўринда?


– Балки шундайдир... Чунки ҳар қандай одам ҳам яхши яшагиси келади. Аммо ҳаётида яхшиланиш бўлавермаса, бошқа жойдан бахт излашга тушиб қолади. Таассуфки, кўп ёшлар шу йўлни танлаяпти. Гўёки қайси бир сеҳрли диёрга суриш билан ҳамма муаммоси ҳал бўлиб кетадигандек. Назаримда, бу нотўғри қараш. Зотан, ҳар бир одам кетишдан кўра мавжуд ҳолатни эзгулик томон буришга уринса, ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам фойдалироқ бўлади. Бунинг учун эса ҳар бир шахс ўз устида қаттиқроқ ишлаши керак.


Яна бир оғриқли масала шундаки, ҳозир ёшларнинг асосий кучи тил ўрганишгагина қаратилаётгандек. Бунинг замирида ҳам битта мақсад – тил ўрганиб, четга кетиш. Тил билса, кифоя, муаммо ҳал – олам гулистон гўё. Лекин кошки эди, шу билан муаммо ҳал бўлса. Аслида чет тилини ўрганиш шахс камолотининг бир воситаси. Ҳа, у – восита, холос. Бизда ҳозир тил ўрганиш мақсадга айланган. Мақсад билан воситанинг ўрни алмашиб қолган.


Аввало, шахс ўз табиатига мос келадиган касбни танлай билиши ва унинг энг нозик сирларини пухта ўзлаштириш учун интилиши жоизки, ана шунда ўзи истагандек ҳаётга эришади. Хуллас, мен, сиз, биз, улар ўз ҳаётимизни шу тариқа ўзгартириб борсак, жамиятни ҳам маълум даражада ўзимиз истаган йўсинга келтиришимиз мумкин. Шу маънода фақат тил ўрганишу суриш ҳаётимизни тўғри ўзанга солиш учун камлик қилади. Албатта, тил ўрганиш керак. Бироқ тилни билгани ҳолда ночор мутахассис бўлиши ёки тил билишдан бошқа ҳеч нарсани билмайдиган одам бўлиб қолиши ҳам мумкинки, буни фазилат, деб бўлмайди.


– Бундан бир аср илгари муҳокама қилинган маиший мавзулар ҳозир ҳам актуал. Рўмол, соч-соқол, иккинчи хотин… Ижтимоий тармоқларда бир-бири билан гап талашиб, ўзининг ҳақлигига иддао қилаётганлар сўзимиз тасдиғи... Менинг назаримда, сиёсий ёки интеллектуал мавзуларда мунозара ёки баҳс қилишга бизнинг жамиятга сиёсий маданият ёки тафаккур етишмаётгандек. Шу боис бизда асосий тренд мавзулар шахслар ҳаёти ва ижтимоий муаммолар бўлиб қолаётгандай. Сизга ҳам шундай туйилмайдими?


– Аслида одамзодни бевосита ўзига дахлдор бўлган масалалар қизиқтириши, ўйлантиришини табиий ҳолат ўлароқ қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Чунки одам кўп жиҳатдан ўзининг маиший ҳаётини тўғри йўлга қўйсагина, умуминсоний муаммолар ҳақида бош қотиради, дунё ташвишлари билан қизиқади. Жамият ўз аҳлини майда ташвишлардан қутултирсагина, одамлар юксак ғоялар ҳақида фикрлашни бошлайди. Акс ҳолда у майда масалаларнинг атрофида айланиб юраверади. Ҳар ҳолда оч қоринга қўшиқ ёқмаса керак...


Иккинчидан, жамиятнинг интелектуал салоҳияти, савияси тобора пайсайиб боряпти. Бунинг сабаби, одам фақат қоринга дахлдор унсурлар, емак-ичмак, киймоқ-юрмоққа алоқадор ҳолатлар атрофида ўралашиб қоляпти. Учинчидан, ҳаммамиз эмас, лекин кўпчилигимиз эргашишга мойилмиз. Шунинг учун кимдир иккинчи хотин ҳақида ёки соқол тўғрисида сўз очса, шунга эргашиб, гапни чувалаштириб юраверамиз. Кошки эди, бундан кимгадир бирор наф бўлса...


Умуман, бировнинг интим ҳаётига аралашишга ҳеч кимнинг – на давлат ва на жамиятнинг ҳаққи бор. Буни ҳар бир шахс мустақил ҳал қилиши жоиз. Қолаверса, бу нарсаларнинг тартиб-қоидаси қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Демак, уни қайта-қайта муҳокама қилаверишга асло ҳожат йўқ.


Назаримда, ҳозир жамиятда носоғлом бир ҳолат бордай. Яъни қандайдир қатламдаги кимсаларда одамларни қолипга солишга уриниш ва қолипни қоида даражасига кўтариш майли бор. Бу борада советдан қолган мўлгина тажриба ҳам мавжуд. Масалан, яқин ўтмишда ҳамманинг бир киши ёки бир ҳовуч кимсалар истаганидек бўлиши қоидалаштирилган эди. Афсуски, бу амалиётдан баъзи бировлар ҳали воз ҳам кеча олмаётир.


Мухтасар айтганда, масаланинг моҳиятидан кўра, унинг кўринишига андармон бўладиган қатлам рўмол, соқол, иккинчи хотин масаласи билан ўралашиб юраверади. Бу тоифа одамлар жиддийроқ масала юзасидан бош қотиришга ожизлик қилади. Негаки, фойдали масала билан банд бўлиш муайян даражада зўриқишни, тайёргарликни талаб қилади.


Хўп, аёл рўмолсиз бўлса, мияси яхшироқ ишлаб қоладими ёки рўмол ўрасами? Соқол одамнинг асл моҳиятини белгилайдими? Унинг интелектуал салоҳияти, ахлоқига шу таъсир қиладими? Буларнинг ҳаммаси моҳиятни чуқур англамаслик, бошқаларга айтганини қилдиришга кўр-кўрона уриниш, холос. Ташвишланарлиси шундаки, бугун кўп ташкилоту тузилмалар фақат тадбир ўтказиш билан овора. Иш ҳақидаги гап иш ўрнига қабул қилинмоқда. Гўёки, ватанпарварлик ҳақида қандайдир тадбир ўтказилса, тадбир қатнашчилари ватанпарвар бўлиб қоладигандек. Маънавият ҳақида тадбир уюштирилса, ҳамма маънавиятли одамга айланадигандек... Қуруқ тадбирбозликдан наф йўқ-да. Агар бўлганда эди, аллақачон ривожланиб, юксалиб кетган бўлардик.


Яна бир гап. Инсоннинг эрки билан боғлиқ жиҳатларни майда масалалар деб ҳисоблашимиз ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки эрк қанча бўғилса, тараққиёт йўқолиб бораверади. Одамларни ўз ҳолига қўя билиш керак. Уларнинг ташқи кўринишига эмас, ички олами, инсонийлик қиёфасига аҳамият қаратилиши лозим.


– Шу ўринда мен эътиборингизни айтиш ўринли бўлса, сиз учун «бренд» мавзу бўлган, бизда ҳали-ҳамон такомилига етмаган ЎЗЛИК сари бурмоқчиман. Сиз кўп суҳбатларингизда, мақолаларингизда айтганингиздек, миллат учун энг асосий миллий код бу унинг тилидир. Аммо биз бу ўринда мақтана оламизми? Жамиятдаги, миллий зенҳниятимиздаги рус тилининг ижтимоий-сиёсий роли бизда сиёсатчилар айтаётган неоколаниал кайфиятни парвариш қилмаётирмикан? Зотан, бугун ҳам ўрисча гапиришни маданият белгиси сифатида биладиган, боласини рус тилли мактабда ўқитса, фарзандининг бахту иқболи нақд бўлишига ишонадиган одамлар атрофимизда тўлиб-тошиб ётибди. Биз эса тилни улуғлаш учун қарорлар, турли ҳужжатлар чиқаришдан, йилда бир бор булбулдай сайрайдиган шоир ва шоирчаларни йиғиб, тил бўйича шеърхонлик ўтказишдан чарчамаймиз. Натижа эса…


– Бу кўпдан буён давом этиб келаётган оғриқли масала. Чунки бизнинг миллатда ўзининг барча жиҳатларига нописандлик билан қараб, ўзгаларнинг нарса-ҳодисаларига маҳлиё бўлиш иллати бор. Азалдан шундай. Ҳатто бу «қадрият»га айланиб кетди, десам ҳам бўлади.


Кўча-кўйга бир разм солинг, ҳамма ерни бегона ёзувлар тутиб кетган. «Квартира продаётся», «дом продаётся» ҳатто «чайхана продаётся» деб ҳам ёзиб қўйишади. Шундай ҳолатга дуч келганда одам тутаб кетади. Аслида чойхонасини ўрисга текин берса ҳам олмайди, бошига урадими уни? Лекин русча ёзиб қўяверишади. Чунки бундайлар «буни кимга ёзяпман, нима учун ёзяпман» деб ҳам ўйламайдиган даражада. «Оладиган одам ўзбек бўлса, уларга тушунарли бўлиши керак-ку», деб фикрлашга қодир эмас улар.


Гап тил ҳақида кетаркан, яна бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб ўйлайман. Кўпчилик фарзандини рус мактабига беряпти. Гўёки шундай қилса, боласи ҳаммадан ақлли бўлиб кетадигандек.


Жиддий ўйлаб кўрилса, рус мактабига борган боланинг 11 йиллик умри илм олишга эмас, рус тилини ўрганишга сарфланади. Чунки у бу тилда фикрламайди. Мактабда ўргатиладиган ҳар бир тушунчанинг ўзбекчаси қандай бўлишини ўйлайди. Тушунчанинг моҳиятини англашга улгуролмайди.


– Лекин кўпчилик рус мактабидаги таълим сифати ўзимизникидан анча яхши деб ўйлашади…


– Бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Бинобарин, болаларнинг билими қайси тилда ўқишида эмас, қандай таълим олишига боғлиқ. Фикримча ўзбек боласи рус мактабида ўзлигини йўқотиб чиқади. Нимагаки, ўрисча гапиришни маъқул деб билади. Негаки, «рус халқи буюк миллат», «рус тили энг бой тил» экани қулоғига қуйилади. Шу йўсинда тарбияланган одам ўзининг миллий мансублигидан уялади. Ҳатто ўзга тилни, ўзга маданиятни ўзлаштириб олганидан фахрланадиган даражага тушади. Ҳолбуки, ўз тилидан кечмай туриб ҳам бошқа тилни, маданиятни бемалол ўрганиш мумкин. Хуллас, тил ўрганиш ўзлигидан кечиш ҳисобига бўлмаслиги керак.


Сиз айтаётгандек, ўзгаларнинг ҳаётига маҳлиё бўлиш, бировларни муҳокама қилиш бугун бизнинг жамият учун қандайдир характерга айланиб бораётгандек. Қолаверса, ортиқча дабдабаларга берилиш, шон-шуҳрат тўнига ўраниш «пилиги» ҳам бугун ҳар қачонгидан баландроқ кўтарилгандай. Шу маънода, менга бугунги одамлар ҳаддан зиёд майда-чуйда орзу-ҳаваслар билан ўралашиб қолгандек туюлади. Қачон қарасанг, қайсидир артистнинг тўйию, кийган либоси ва шунга ўхшаш мавзуларни гапиради, жиддий муҳокама қилади. Ачинарлиси, бунақа майда нарсаларга баъзан аҳли илм, зиёлилар ҳам аралашиб қолмоқда...


Одамзот ўзининг маънавий, ахлоқий, тафаккур даражасини парвариш қилиб бормаса, борган сайин ожизлашиб, майдалашиб бораверади. Одамларда катта идеалларга қизиқиш бўлмагани туфайли майда-чуйда, бўлмағур нарсаларни ўйлаб топиш, ўша билан ўзининг кўнгил истакларини қондиришга иштиёқ ортиб кетади. Гўёки шу билан тўкис бахтга эришадигандек, турли урф-одатлар ўйлаб топади.


Масалан, суннат тўйларда болачани тахти-равонга ўтқазиб, тўрт кишилашиб, кўтариб юриш, келин-куёвнинг устидан пул сочиш каби мантиқсиз ҳолатлар урфга кирди. Ёки яна биров туғуруқхонадан фарзандини карнай-сурнайу дабдаба билан олиб чиқяпти. Нима биздан бошқа миллат фарзанд кўрмайдими? Улар учун бола азиз ҳисобланмайдими? Бахт-қувонч келтирмайдими? Негадир, бошқалар бизга ўхшаб ваҳима қилмай, туғруғхонадан уйига келади, тарбия қилади ва бу ишни биздан кўра яхшироқ уддалайди.


Аҳли илм ва зиёларнинг майда-чуйда масалаларга ўралашиб қолишини эса қуйидагича изоҳлаган бўлардим: киши атрофидаги одамлар даражасида иш тутади. Қавмининг талаби, билмоқчи бўлган нарсаси шу бўлгач, зиёлининг панд-насиҳати ҳам бундан ортиқ бўлмайди. Чунки бундан ортиқ нарсани илғашга, ҳазм қилишга савия керак бўлади. Албатта, бу билан қайсидир аҳли илмнинг нотўғри тутумини оқлаш фикридан йироқман. Қайсидир имомнинг бир артистнинг ҳаётини масжид даражасида муҳокама қилишини ҳам маъқулламайман. Лекин кўпчиликни қизиқтирган ҳолатга муносабат билдириш лозим, деган ўйда шу ҳақда гапиргандир, деган гумондаман, холос.


Азалдан, аҳли илмлар, шоирлар, мутафаккирлар халқимиз даражасини юксак бўлишига ҳаракат қилишган ва шунга интилган, шуни тарғиб қилган ҳам. Бироқ афсуски, бунга бирданига эришиб бўлмас, баъзан ҳатто уриниш бўлмаса, бир умр шундай ўтиб кетиш ҳам мумкин экан. Шунинг учун ойдинлар қатлами миллатнинг савиясини кўтариш, унда ўзига ҳурмат туйғусини шакллантириш устида тинимсиз ишлаши керак.


Лекин энг олдин миллат ўзини-ўзи ислоҳ этиши керак. Омон Мухтор таъбири билан айтганда, ўзини-ўзи кўтармаса халқ, уни ҳеч ким кўтара олмас.


Бизда фойдали нарсани айтилса, унга тиш-тирноғи билан қарши курашиш тажрибаси бор. Бўлмағур орзу-ҳаваслар, вақтинчалик кўнгилхушликлардан ҳеч қандай наф йўқлигини айтган одам душман саналади.


Хуллас, истакларимиз ғоят жўн ва нақадар майда: аёллар туғуруқхонадан албатта, ҳашаматли машинада чиқиши шарт. У ердан уйигача етиб борадиган муддат ва масофага ойлаб топган пулини сарфлайди. Шу билан гўёки бахтли бўлиб қоладигандек. Аммо рўзғорга керакли буюм олишнинг, фарзандига яхшироқ едириш, кийинтиришнинг уддасидан чиқолмайди. Китоб олиб беришга оғринади. Бу масалалар айтилавериб, сийқаси чиқиб кетди. Бироқ бу борада бирон натижага эришдик, деб бўлмайди.


Балки бу болажон халқ бўлганимиздандир?


Шу «болажон халқ»лигимизга ҳеч ҳам ишонмайман. Аслида ўзбек болажон халқ эмас. Шунчаки буни сифат билан эмас, сон билан изоҳлаб, ўзимизни-ўзимиз шундай даражага кўтариб олганмиз, туғиш ва туғдиришни қотиряпмиз, холос.


Ҳақиқатан ҳам, болажон халқ ҳар қандай вазиятда унинг тарбияси, эртанги куни ҳақида жиддий қайғуради. Бизда-чи?


Яқин-яқингача болага фақат дастёр сифатида қараб келганмиз. Қишлоқларда ҳозиргача ҳам шундай. Ҳали мол боқишга ҳайдалинади, ҳали ўт ўриб келишга юборилади. Чиндан ҳам болажон халқ бўлганимизда арзимас ҳою-ҳавасларни деб оилани бузмас ёки фарзандимизни бировга мажбурлаб уйлантирмас, турмушга узатмас эдик. Хотинга ёки эрга аччиқ қилиб, ҳали вояга етмаган бегуноҳ гўдакларнинг қотилига айланмас эдик. Уларни ёқиб юбориш билан қўрқитмас эдик. Туғиб, чиқиндихонага улоқтирмасдик. Ҳилват жойда бўғиб ўлдирмасдик. Аламимизни болалардан олмас эдик...


Оила ҳақида гап кетаркан, мазкур статистикага эътиборингизни қаратмоқчиман: ўтган йилнинг январь-август ойларида республикамиз бўйича 32 минг 630 та ажрашиш ҳолати қайд этилган. Сизнинг-ча, ҳозирги глобаллашув ва маданиятлар қорушуви даврида зеҳниятни, миллатни ва оилани сақлаб қолиш учун нималар қилиш керак?


Тўғри, бу кичкина рақам эмас. Аввал ҳам ажралишлар бўлган. Шу жумладан, бир-бирини ёқтирмаса-да, бир-бирига кўниб, яшаб кетганлар ҳам кўп эди. Лекин эр-хотин бир-бирига аччиқ қилиб, боласини нобуд қилишдай гуноҳ ишлари бўлмаган. Афсуски, ҳозир бу кўпайиб бормоқда. Қаҳрнинг меҳрдан, жоҳилликнинг ақлдан устун келиши, шайтоний истакларнинг қулига айланиб қолиш оқибати бу.


Тагини суриштирсангиз, шу оилаларнинг кўпи майда-чуйда арзимас сабаблар туфайли ажрашган бўлиб чиқади. Бошқа ҳолатлар сингари оила масаласида ҳам ҳаддан зиёд майдалашиб кетдик. Ҳозир куёв ёки келиннинг яхши инсонлиги фазилат ҳисобланмаяпти. Уларнинг даражасини маиший жиҳозлару латта-путта, қудалар ўртасидаги олди-берди белгилаяпти.


Айрим ота-оналарнинг боласини танимаган-билмаган инсон билан оила қуришга мажбурлаши ҳам бор гап. Ҳозиргача ҳам ўз ихтиёри, юрак амри билан оила қураётганлар кўп эмас. Шунчаки бир-икки марта учрашиб, ота-она амри билан турмуш қураётганлар кўпроқ.


Яна бир жиҳат: одамларимиз ўзининг савиясини кўтармаган ҳолда истакларини кўтариб юборяпти. Нафснинг хоҳишлари жуда баланд. Лекин маънавий савия, тафаккур, ақлий савия юксалмаятпи, балки борган сайин тубанлашиб бораётир. Мудом ўқиб-ўрганганимизда, китоб варақлаганимизда эди, бу аҳволга тушмаган бўлармидик...


Китоб ўқишнинг миллат аҳволини яхшилашга алоқаси шундаки, бадиий асар одамда бошқа инсонни тушуниш қобилиятини шакллантиради. Бошқаларнинг олдида жавобгарлик, масъулият ҳис қилиш туйғусини ўстиради.


Масалан, «Ўтган кунлар»ни ўқиган мардум Ҳомидга эмас, Отабекка ўхшашга ҳаракат қилади. Зайнабни эмас, Кумушни яхши кўради. Ўзбекойимга эмас, Офтобойимга меҳр қўяди. Шу тариқа инсон ўз-ўзини тарбияланиб бораверади. Бировни тушунишни билмаган, фақат ўз истагини саодат деб биладиган қатлам шакллангани учун ҳам келин-куёвлар бир-бирини кечиролмайдиган, бир-бирига бағрикенглик билан қаролмайдиган, бир-бирини тушунмайдиган ҳолатга келиб қоляпти. Оқибатда, ажралишлар сони ортиб, болалар тирик етимга айланмоқда.


Оилани ташкил этган икки одамнинг ажрашуви фожеи эмасдир. Лекин шу икки одамнинг ажрашиши оқибатида болалар жабр кўрса, азобланса, мана бу фожиа. Бинобарин, кўнгли синиқ, ота ёки онасидан норози бўлиб, ўсаётган болалар кўпаяётгани яхшиликка олиб келмайди.


Токи, оила қуриш бир йигит билан қизнинг шахсий ишига айланмас, четдан унга аралашаверишлар тўхтамас экан, бундай ҳолатлар ортиб бораверади. Зотан, оила жамиятнинг тараққиётига асос бўладиган тузилма ҳисобланади. Шу боис иложи борича пойдеворни мустаҳкам қуриш лозим. Лекин бу кимдир қийналиб, азобда яшаса ҳам, ҳатто жонидан кечса ҳам оилани сақлаб қолиш керак, дегани эмас. Аксинча, охирги нуқта, яъни ажрашиш бир-бирини қийнашу азоблашни тўхтатиш чораси бўлиши керак.


Миллат руҳиятидаги бу доғларни йўқотишнинг имкони бормикан?


Бу иллатларни йўқотишнинг бирдан бир йўли – ўқиш, ўрганиш, изланиш, ўз устида ишлаш. Аслида мукаммал жамият яратишнинг рецепти бўлмайди. Зеро, идеал жамият қуриш йўлида не-не зотлар ўйланмади дейсиз. Лекин давр ўтгани сайин уларнинг кўп гаплари тусмолдан ўзга нарса эмаслиги ойдинлашиб бораётир.


Масалан, Карл Маркс башарият ҳаётини беш босқичга бўлиб, бешинчи ва охирги формация бу – комунизм бўлади, дея башорат қилган эди. Биз ўша комунизмда ҳам яшаб кўрдик. Ва бу ғоянинг асли пуч экани бизнинг ҳаётимизда ўз исботини топди. Шу маънода ҳамма замонларда ишлатаверсак тўғри келаверади, самара бераверади деган йўсиндаги катта хулосаларни айтишдан тийилган маъқул, деб ўйлайман. Назаримда, одамнинг савияси юксалгани сайин жамият тараққиёт топиб, иллатлар камайиб бораверади. Тўғри фикрлайдиган одамлар кўпайса, бир-биримизга зараримиз кам тегади.


Лекин ҳозир сиз айтаётган ўша китоб ўқишга ўзини бахшида қиладиган одамлар кам-да. Мана, масалан, ҳозирги ёшлар орасида орзу-мақсадларига тезроқ эришишнинг йўли фақат интернетда, деб ўйлайдиганлар кўп. Китоб ўқиш, мутолаа машғулотига архаик тушунча сифатида қарайдиганлар синфи бизда аллақачон шаклланиб бўлди. Эҳтимол шу боис интернетга кириб, тезроқ машҳурликка эришиш ва мўмай даромад топиш илинжида ҳар хил бемаъни ишларга қўл уришмоқда...


– Умуман, шуҳратга интилишга ёмон нарсадек қараш керак эмас. Одамни бундан тийилтирмаслик лозим. Инчинун, инсонни доим олдинга чорлайдиган восита ҳам айнан шон-шуҳратга интилиш бўлади. Ҳозир бунинг ёнига пулга интилиш ҳам қўшилди. Майли, интилсин, ҳаракат қилсин. Фақат тоза ва ҳалол йўллар билан…


Аслида тоза, ҳалол йўл билан мақсадга етиш одамлар ўйлаганчалик қийин иш эмас. Астойдил ҳаракат қилинса, муродга эришса бўлади. Кўп ишлаш, кўп ўқиш керак бўлади. Табиийки, ўқиш деганда интернетдаги янгиликларни, қўйди-чиқдиларни ўқишни назарда тутмаяпман. Чунки интернетдаги маълумотларни унинг савиясидаги, эҳтимол унинг савиясидан ҳам паст бўлган шахс ёзаётгандир. У шуни билим ўлароқ қабул қиляпти. Китобдаги битикларни эса ундан жудаям юксак бўлган, бир қанча чиғириқлардан ўтиб, сайқал топган алломалар ёзган. У билан интернетдаги узуқ-юлуқ билимнинг фарқи бор. Шунинг учун китоб ўқишдан юз ўгирмаслик даркор.


– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.



Суҳбатни Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ уюштирди



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат