+28C

+28C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Мактабдан тўйхонагача

нега эркак ўқитувчилар касбини ўзгартиришмоқда?
134 10:52 | 20.06.2026 10:52

Хонадонимизда ўтказиладиган маросим учун ошпаз билан чой қайнатувчини гаплашгандик. Маросимдан бир кун олдин туш пайти уйимизга самовар, катта қозонлар ва чойнак-пиёлалар ортилган уч ғилдиракли мотороллер кириб келди.


– Эртароқ олиб келиб қўймасак, кейин шошиб қоламиз, – деди юк билан келган йигит.


Унга ёрдамлашиб, жиҳозларни тушира бошладик. Ёши 35 лар атрофидаги бу йигит эртанги тадбирга тайёргарлик кўриш учун идишларни сув билан тўлдирар экан, суҳбатимиз қизиб кетди.


Унинг гапларида мулоҳаза, фикрларида эса ҳаётий тажриба сезилиб турарди. Шу боис қизиқиб, аввал қаерда ишлаганини сўрадим.


– Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганман, «замдиректор» ҳам бўлганман, – деди у.


– Ундай бўлса, нега мактабдан кетгансиз?


Бу саволга жавоб беришдан олдин бир муддат сукут сақлади.


– Қийин бўлиб кетди. Масъулият кўп, ойлик эса рўзғорга етмайди. Ижтимоий ҳимоя ҳам кўнгилдагидек эмас, – деди-да, ишини давом эттираверди.


Унинг бу жавоби шунчаки бир инсоннинг тақдири эмас, балки таълим тизимида кузатилаётган жиддий муаммонинг акс-садоси эди.


Бугун мактабларни тарк этаётган эркак ўқитувчилар сони кам эмас. Олий маълумотли, тажрибали педагогларнинг бошқа соҳаларда ишлашга ўтиши, тўй-маросимларда хизмат кўрсатиши ёки тирикчилик илинжида хорижга кетиши одатий ҳолга айланиб бормоқда.


Шу ўринда яна бир мисол. Яқин танишларимдан бири қарийб ўн йил давомида тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Турли қийинчиликларни бошидан кечирди, йиллар давомида ярим ставкада меҳнат қилди. Кейин малакаси ва меҳнати туфайли биринчи тоифани олди, директор ўринбосари лавозимигача кўтарилди.


Аммо раҳбарлик вазифаси ҳам осон эмас экан. Йиғилишлар ва таълим жараёнига бевосита алоқаси бўлмаган вазифалар уни касбидан аста-секин совитди. Оқибатда ишдан бўшаб, Россияга қурилиш соҳасида ишлаш учун кетди.


Нега келажак авлодни тарбиялаш учун дипломли ва малакали мутахассислар мактабда эмас, бошқа соҳаларда ёки ўзга юртларда ризқ излашга мажбур бўлишмоқда? Ахир улар олий таълим муассасасини тамомлаб, айнан таълим ва тарбия йўлида хизмат қилишни орзу қилган эдилар-ку?


Агар келажак авлодни тарбиялашдек шарафли вазифани зиммасига олган мутахассислар ўз касбидан кўнгли совиб бораётган бўлса, бу нафақат таълим тизими, балки бутун жамият учун жиддий огоҳлантирувчи сигналдир.


Албатта, «Ўқитувчилар орасида 1000 доллар ёки ундан юқори маош олаётганлар ҳам бор-ку», деган фикрни билдириш мумкин. Бироқ бундай мисоллар соҳадаги умумий ҳолатни тўлиқ акс эттирмайди. Чунки бу тоифадаги педагоглар умумий ўқитувчилар қатламининг жуда кам қисмини ташкил этади, холос. Аммо бу кичик қатламнинг юқори маош олаётгани билан соҳадаги умумий вазиятни баҳолаш қийин. Бу ерда асосий гап – педагогларнинг катта қисми ўз меҳнати орқали муносиб турмуш кечира оляптими ёки йўқ, ана шунда!


Ташвишлиси, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиши тарбия жараёнига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, ўсмир ёшидаги ўғил болалар учун эркак мураббийнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. У нафақат фан ўқитувчиси, балки ҳаётий намуна, маслаҳатчи ва тарбиячи вазифасини ҳам бажаради.


Зеро, ўқитувчилик оддий касб эмас. Бу – миллат келажагини шакллантирадиган, жамият тараққиётини белгилайдиган масъулиятли вазифа. Шунинг учун ўқитувчи нафақат муносиб маош олиши, балки жамиятда муносиб ҳурмат ва эътирофга ҳам эга бўлиши шарт.


...Ҳа, айтганча, маросим учун келган собиқ директор ўринбосари ҳам ишини тугатди. У яна бир тўйдан хизмат буюртмаси олганини айтиб, чойнак-пиёлалари ва сув қайнатиш анжомларини мотороллерига эҳтиёткорлик билан юклади-да, навбатдаги манзил сари йўл олди. Афсусланарлиси, бир вақтлар ўқувчиларга таълим-тарбия берган, раҳбарлик лавозимида ишлаган инсоннинг бугун тирикчилик ташвиши билан тўйдан тўйга шошиб юргани соҳадаги муаммолар ҳануз долзарблигича қолаётганини англатарди.


Бу мисоллар бир ёки икки инсоннинг тақдири эмас, балки таълим тизимидаги муаммоларнинг жонли кўриниши, шу билан бирга, масъуллар олдида жавобини кутаётган долзарб саволлардир.


Жамшид ЭРГАШЕВ
«ISHONCH»



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид