Кўп қаватли уйлардаги хавфли йўлак
Юртимизда янгидан-янги замонавий турар-жой бинолари қад ростламоқда. Аммо айрим биноларнинг сифат ва қулайлик даражаси ҳақида гапирилганда қурилиш соҳасида сезиларли камчиликларимиз бор эканлиги аниқланади.
Турар-жой мажмуаларида бир қарашда кўзга ташланмайдиган, аммо жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган яна бир муаммо мавжуд – пиёдалар махсус йўлагининг йўқлиги.
Уй-жой қурилишида автомобиллар учун кириш-чиқиш йўллари ва тўхташ жойларига алоҳида эътибор қаратилади. Бироқ пиёдалар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш муҳити ҳар доим ҳам яратилмайди. Натижада имконияти чекланган шахслар, ёш болали оналар ва болалар автомобиллар ҳаракатланадиган йўлдан фойдаланишга мажбур бўлади.
Кечки пайт атроф янада гавжумлашади. Болалар велосипед ҳайдайди, ўйнайди, яқин атрофдаги дўконга қатнайди. Шу билан бирга, ҳудудда автомобиллар ҳаракати ҳам давом этади. Бундай шароитда биргина ҳайдовчининг эътиборсизлиги ёки тезликни ошириши бахтсиз ҳодисага сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, бурилишларда ёки кўриниш чекланган жойларда болаларнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Видеода тасвирланган ҳолат ҳам пойтахтимиздаги аҳоли турар-жой мажмуаларидан бири. Афсуски, бу ҳолат Тошкентнинг турли ҳудудларида ҳам кузатилади.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ушбу масалага жиддий эътибор қаратиши лозим. Зеро, замонавий шаҳар фақат автомобил эгалари учун эмас, балки пиёдалар, болалар, кексалар ва ёш оналар учун ҳам хавфсиз ҳамда қулай бўлиши керак.
Диёра Равшанова,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0