Ишчи-ходимларни энг кўп қандай муаммолар қийнамоқда?
Меҳнат муносабатларида ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини адолатли ҳал этиш ҳамда иш жойларида ижтимоий барқарорликни таъминлаш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, иш ҳақи, меҳнат шартномалари ва ижтимоий кафолатлар билан боғлиқ масалалар ходимларнинг энг долзарб муаммоларидан бўлиб қолмоқда.
Меҳнат соҳасида қайси қонунбузилишлар энг кўп учрамоқда? Ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида қайси босқичларда қийналишади? Касаба уюшмалари меҳнат низоларини ҳал этишда қандай натижаларга эришмоқда? Ушбу ва бошқа саволларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси қошидаги Мурожаатлар билан ишлаш шўбаси мудири Гузалья Рзаева жавоб берди.
–Қайси вилоят ёки ҳудудларда касаба уюшмалари тизими меҳнат низоларини тез ва самарали ҳал қилиш бўйича яхшироқ ишлаяпти?
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат низоларини ҳал этиш борасида ҳудудий ташкилотлар фаоллиги, аввало, мурожаатларнинг кўриб чиқилиш сифати, жойларга чиқиб ўрганиш амалиёти ҳамда ходимлар ҳуқуқларини тиклаш кўрсаткичлари билан баҳоланади.
2025 йил давомида Федерация тизимига жами 5 минг 143 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг натижасида 4 минг 906 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган, ходимлар манфаатига 41,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. 2026 йилнинг 15 июнь ҳолатига эса 2 минг 301 та мурожаат кўриб чиқилиб, 298 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган, улар фойдасига 2,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилган.
Ҳудудлар кесимида мурожаатлар сонининг юқорилиги кўп ҳолларда аҳолининг ҳуқуқий фаоллиги ва касаба уюшмаларига бўлган ишонч даражаси билан ҳам изоҳланади. Масалан, 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси (682 та), Тошкент шаҳри (552 та), Қашқадарё вилояти (430 та), Жиззах вилояти (412 та) ва Тошкент вилояти (377 та)дан кўп мурожаатлар келиб тушган.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Қашқадарё ҳудудларида мурожаатлар бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш, иш берувчи билан музокара ўтказиш ва низони судгача ҳал этиш механизмлари нисбатан самарали қўлланилмоқда. Натижада кўплаб меҳнат низолари судга етказилмасдан ҳал этилмоқда.
Шу билан бирга, меҳнат низоларини ҳал қилишда фақат мурожаатлар сонига эмас, балки ҳар бир мурожаат бўйича ҳуқуқий натижага эришиш, ходимнинг ҳуқуқини амалда тиклаш ва меҳнат жамоасида ижтимоий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Амалиётда ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг кўп қайси босқичда қийналишади?
– Федерацияга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, ходимлар энг аввало ўз ҳуқуқлари бузилганини ҳуқуқий жиҳатдан тўғри баҳолаш босқичида қийналишади.
Кўп ҳолларда ходимлар меҳнат шартномасини бекор қилиш, интизомий жазо қўллаш, меҳнат таътили бериш ёки иш ҳақини ҳисоблашда қонун талаблари бузилганини сезади, аммо бу ҳолатни қандай ҳужжатлар билан исботлаш лозимлигини билмайди.
Иккинчи муаммо — ҳужжатларни йиғиш ва далилларни расмийлаштириш масаласи ҳисобланади. Амалиётда айрим ходимлар иш берувчининг оғзаки кўрсатмаларига асосан ишдан бўшаб кетади ёки ариза ёзишга мажбур бўлади. Кейинчалик эса ўз ҳуқуқларини тиклаш учун зарур бўлган ёзма далилларни тақдим этишда қийинчиликка дуч келишади.
Учинчи муаммо — ҳуқуқий ёрдамга кеч мурожаат қилишдир. Кўплаб фуқаролар аввал бир неча ой мустақил равишда муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилади, вақт ўтгачгина касаба уюшмаларига ёки судга мурожаат қилади. Бу эса айрим ҳолларда процессуал муддатларни ўтказиб юбориш хавфини келтириб чиқаради.
Шу сабабли касаба уюшмалари томонидан ходимларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларнинг мурожаатларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва зарур ҳолларда судларда вакиллик қилиш амалиёти йўлга қўйилган.
– Ўзбекистонда қайси йўналишларда меҳнат низолари ва қонунбузилишлар энг кўп учрайди? Бунинг асосий сабаблари нима деб ҳисоблайсиз?
– Федерацияга келиб тушган мурожаатлар таҳлили меҳнат муносабатлари соҳасидаги асосий муаммоларни аниқ кўрсатиб бермоқда. 2025 йилда мурожаатларнинг энг катта қисми ҳуқуқий ҳимоя масалалари (1 945 та) ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш масалалари (1 281 та) ҳиссасига тўғри келган. 2026 йилнинг биринчи ярмида ҳам ушбу тенденция сақланиб қолмоқда: ҳуқуқий ҳимоя масалалари бўйича 944 та, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 629 та мурожаат келиб тушган.
Амалиётда энг кўп учрайдиган меҳнат низолари қуйидагилар билан боғлиқ:
- ишдан бўшатишнинг қонунийлиги;
- меҳнат шартномаларини расмийлаштириш;
- иш ҳақи ва турли компенсация тўловларини ундириш;
- меҳнат таътили бериш;
- иш вақти ва дам олиш вақтига оид ҳуқуқлар;
- интизомий жазоларни қўллаш тартиби;
- меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилмаслиги;
- иш жойида психологик босим (моббинг) ҳолатлари.
Ушбу муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида меҳнат қонунчилиги бўйича билимларнинг етарли эмаслиги, айрим раҳбар ва мутахассисларнинг меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлардан хабардор эмаслиги, кадрлар билан ишлаш маданиятининг барча ташкилотларда бир хил даражада шаклланмаганлиги ҳамда айрим ҳолларда меҳнат муносабатларини ҳужжатлаштиришга етарли эътибор берилмаслигини кўрсатиш мумкин.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда меҳнат ҳуқуқий маданиятининг ўсиши натижасида ходимлар ўз ҳуқуқларини фаолроқ талаб қила бошламоқда. Бу эса мурожаатлар сонининг кўпайишига эмас, балки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий ҳимоя механизмларига бўлган ишончнинг ортишига далолат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Федерацияга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили меҳнат соҳасидаги асосий муаммолар ҳануз меҳнат шартномалари, иш ҳақи, ишдан бўшатиш ва ижтимоий кафолатлар билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда. Шу боис касаба уюшмалари тизимида ҳуқуқий профилактика, жамоатчилик назорати ва ходимларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари устувор йўналиш сифатида давом эттирилмоқда.
Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0