“Илҳом булоқлари” тақдимотида Муҳаммад Исмоил «Абдулла Орипов» кўкрак нишони билан тақдирланди
Журналистлик фаолиятим давомида турли анжуманлар, тақдимотлар ва учрашувларда қатнашаман. Лекин баъзан шундай тадбирлар бўладики, улар ҳақида фақат ахборот бериш эмас, ўзинг кўнглингдан ўтган мулоҳазаларингни ҳам ёзгинг келади. Яқинда “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университетида бўлиб ўтган ижодий учрашув ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Ёшлар билан учрашувларда кўпинча баландпарвоз гаплар, умумий чақириқларни кўп эшитардик. Аммо бу галги учрашув бошқача ўтди. Эътиборимни тортгани, меҳнат жабҳасига эндигина кириб келаётган ёшларга инсонни улуғловчи ва муваффақиятга етакловчи ягони восита меҳнат эканлиги ҳақида самимий ва ҳаётий мисоллар билан гапирилгани бўлди.
Тадбирда шоир, адиб Муҳаммад Исмоил ҳамда шоир ва журналист Фозил Фарҳод иштирок этди. Суҳбат давомида университет ҳаётига оид қизиқ бир маълумот айтилди. Маълум бўлишича, ўз вақтида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодини ўрганишга мазкур олийгоҳ талабалари ҳам бириктирилган бўлиб, талабалар буюк шоиримизнинг ижодини мунтазам ўрганиб келмоқда. Энг қувонарлиси, Абдулла Ориповнинг шогирдлари бугун мазкур даргоҳда тез-тез бўлиб, талабалар билан учрашиб, уларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айниқса, университетда иқтидорли талабаларнинг шеърлари, ҳикоялари ва бошқа ижод намуналарини жамлаган тўпламларни нашр этиш йўлга қўйилгани таҳсинга лойиқ.
Бу йил мазкур тўплам тўртинчи марта чоп этилибди. Бир қарашда оддий ҳолдек кўриниши мумкин. Аммо ўйлаб қарасак, бугун ҳатто кўплаб танилган ижодкорларнинг ҳам китоблари тез-тез нашр этилмайди. Ёш талабаларнинг илк ижод намуналарини саралаб, китоб шаклида чоп этиш эса улар учун улкан рағбатдир.
Тақдимотда университет ректори, профессор Баҳодир Мирзаев ҳам сўзга чиқди ва ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини, университетда ижодкор талабаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида гапириб берди.
Ижодкорлик фақат шоир ёки ёзувчи учун керак эмас. Муҳандис ҳам, иқтисодчи ҳам, сув хўжалиги мутахассиси ҳам ижодкорона фикрласагина, у ўз соҳасида янгилик ярата олади. Бугун дунё айнан креатив фикрлайдиган кадрларга эҳтиёж сезмоқда.Тадбирда яна бир жиҳат эътиборимни тортди. Муҳаммад Исмоилни шоир сифатида яхши билардим. Аммо унинг нотиқ сифатидаги юксак маҳоратига ҳам гувоҳ бўлдим. Адиб ёшларга муваффақиятнинг сирини баландпарвоз иборалар билан эмас, ҳаётий мисоллар орқали тушунтирди.
Хусусан, Абдулла Орипов шеърларини қайта-қайта таҳрир қилгани, баъзан бир асар устида ўн етти марта ишлаганини сўзлаб берди. Машҳур санъаткорлар, спортчилар ҳаётидан ҳам мисоллар келтирди. Жумладан, дунё футболи юлдузи Криштиану Роналду навбатдаги “Олтин тўп” мукофотини олар экан, ўзининг катта ютуғини оиласи, яқинлари ва дўстлари билан байрам қилмади. Ваҳоланки, уч-тўрт кунлаб зиёфат берса ҳам бўларди. Ахир дунёдаги мана-ман деган футболчилар ичидан «Олтин тўп» соҳиби бўлиш жуда катта гап аслида. Аммо Роналду тўпни уйига олиб келиб қўяди ва байрам қилиш ўрнига, машғулот майдонига йўл олади. Чунки уни олдинда янги ўйинлар кутиб турганди. Спортда эса бир кун шуғулланмаган инсон ҳам орқага кетади, йўқотади.
Ёзувчи бу мисоллар орқали иқтидор муҳим, аммо меҳнатсиз у натижа бермаслигини таъсирли тушунтирди. Менимча, бугунги ёшларга ана шундай ҳаётий, улар танийдиган ва ҳавас қиладиган одамлар ҳаётидан ҳақиқатларни кўпроқ айтишимиз керак. Чунки ижтимоий тармоқлар асрида муваффақият гўё бир кунда келадигандек тасаввур пайдо бўлмоқда. Аслида эса ҳар қандай ютуқ ортида йиллар давомидаги меҳнат, сабр ва интизом туради.
Тадбир якунида Муҳаммад Исмоил ва университетнинг иқтидорли талабаси Хумоюнбек Худойбердиевга «Абдулла Орипов» кўкрак нишони топширилди. Шоир ва журналист Фозил Фарҳод ижодкор ёшларни қўллаб-қўвватлашдаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Шундан сўнг Президент ҳамда Абдулла Орипов номидаги давлат стипендиялари соҳиби Улуғбек Маткаримов, иқтидорли талабалар Олтиной Неъматуллаева, Гулбаҳор Тўхтабоева ва Хадича Абдуҳамидовалар ўз ижодий тажрибалари билан ўртоқлашиб, “Илҳом булоқлари”нинг улар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
Демак, Абдулла Орипов ижод чашмаси устозлардан шогирдларга, шогирдлардан эса янги авлодга ўтиб бормоқда. Университетдан чиқар эканман, бир фикр хаёлимдан ўтди. Ёшларнинг ижодий ишларини китоб ҳолига келтириш, уларни ижодга чорлаш, меҳнатнинг қадрини англатиш ҳам катта тарбия. Ана шундай ишлар бор экан, Абдулла Ориповнинг руҳи, унинг адабиётга бўлган меҳри яшашда давом этаверади.
Зебо Намозова,
Нодир Миракмалов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0