+29C

+29C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Бир кечада бойиб кетиш орзуси

ёки онлайн қиморга тикилаётган ёшлик ҳақида
85 10:09 | 20.06.2026 10:09

Шаҳриёр (исми ўзгартирилган) 4 йил олдин Тошкент иқтисодиёт университетига ўқишга кирди. Бундан қувонган отаси «Болам пойтахтда қийналмасин», деб моддий қўллаб турди. Мақсад битта: у чет тилларини маҳорат билан ўрганиши ва етук мутахассис бўлиши керак.


Лекин Шаҳриёр ўз устида ишлашдан кўра, ўқишга замонавий автомобилларда келадиган тенгқурларига ҳавас қилди. Бирдан бойиш истаги уни онлайн қимор ўйнашга ундади. Бор пулини ­ўйинга тика бошлади. Ютқизиб қўявергач, қарзлари ошиб борди. Охир-оқибат ўқишга ҳам бормай қўйди... У билан суҳбатлашсангиз, «Тенгқурларимнинг аксарияти онлайн қимор ўйнайди. Ўйинларнинг тури эса кўпайиб боряпти», дейди.


Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда юртимизда рақамли технологиялар жадал ривожланди. Ёшларнинг қўлида смартфон. Бу таълим, тадбиркорлик ва ахборот олиш учун катта қулайлик яратган бўлса-да, шу билан бир қаторда, янги хавфларни ҳам пайдо қилди. Улар онлайн қимор ва букмекерлик тизимларидир.


Бугун кўплаб талабалар ва ёшлар осон пул топиш илинжида маб­лағ тикиладиган виртуал ўйинлар ­дунёсига кириб қоляпти. Бу эса нафақат шахсий фожиа, балки ижтимоий ва иқтисодий муаммога айланиб бормоқда.


Онлайн қиморнинг энг хавфли жиҳати унинг психологик таъсиридир. Реклама ва блогерлар орқали ёшлар онгига «Бир кечада бойиб кетиш», «осон даромад топиш» ғояси сингдирилади. Биринчи кичик ютуқ инсонда ишонч уйғотади. У ўзини бозор қонунларини тушуниб етган ёки омадни ушлай олган инсон ҳисоблай бошлайди. Аммо статистик ҳақиқат бошқача: қимор бизнеси иштирокчилар эмас, ташкилотчилар даромад кўриши учун қурилган. Унда охир-оқибат барча ютқазади. Ёшлар эса бу ҳақиқатни англаб етгунича бир неча миллионлаб маблағини бой бериб қўйишмоқда.


Айниқса, бошқа шаҳар ёки давлатда таҳсил олаётган талабалар бундай хавф комига шўнғиб кетишмоқда. Устига устак, ота-оналарнинг кундалик назорати йўқ. Ётоқхона ёки ижара хонада телефон орқали қимор ўйнаш жуда осон. Аввалига стипендия ёки уйдан келадиган пул сарфланади. Кейин эса уларнинг ўрнини қоплаш илинжида яна кўпроқ маб­лағ тикилади. Шу орада энг хавфли руҳий ҳолат юзага келади: инсон ютқазган пулини қайтариш учун яна ўйнайди. Натижада зарар катталашиб бораверади.


Шундай қилиб, қимор ўйини молиявий муаммони кўпайтирувчи механизмга, оила иқтисодиётига таъсир қилувчи омилга айланади. Қарз фоизлари йиғилиб боради, тўлов муддати яқинлашади, аммо даромад йўқ. Натижада ёш йигит икки томонлама босим остида қолади – қиморда йўқотилган пул ҳамда банк ва кредит ташкилотларидан бўлган қарз. Кўп ҳолларда қарз юки охир-оқибат ота-она зиммасига тушади. Улар уйини сотади, машинасини гаровга қўяди ёки ўзлари кредит олади. Ачинарлиси, айрим оилалар бу ҳақда жуда кеч хабар топади. Қарз миқдори катта суммага етганидан кейин вазиятни ўнглаш қийинлашади.


– Отам билан муносабатимиз олдингидай эмас, – дейди Шаҳриёр. – Бир-биримизга бегонадаймиз. Онамга ҳам дардларимни айта олмайман. Банклар номимга кредит бермай қўйгач, дўстларимнинг номига кредит расмийлаштиришга мажбур бўлдим. Доим шу охиргиси ва шу билан муаммоларимдан қутилиб кетаман, деб ўйлардим. Лекин ҳамиша аксинча бўларди. Ютқазиб қўярдим. Кейин дўстларимнинг уйига банклардан хатлар бора бошлади. Охири, бор ҳақиқатдан ота-онам хабар топди. Улар кўп азоб тортишиб қарзларимни тўлашди. Ўқишдаги муаммоларимни ҳам ҳал қилишди. Яқинда диплом оламан. Отам қўл телефонимни тортиб олган. Уларга айтмаган бошқа қарзларимни ҳам билиб олишяпти. Ҳозир ўйнамаяпман. Лекин қачонгача қарз тўлаймиз, билмайман.


Юзага келган ҳолатнинг бир неча тизимли сабаблари бор. Хусусан, кишиларда молиявий саводхонликнинг пастлиги, тез бойиш ҳақидаги сохта тасаввурлар, ижтимоий тармоқларда қиморни тарғиб қилувчи контент, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш имкониятлари чекланганлиги, руҳий-маънавий ёрдам тизимлари етарли даражада ривожланмагани онлайн қимор билан боғлиқ омилларни келтириб чиқармоқда. Кўпчилик ёшлар сармоя киритиш, жамғарма ва молиявий режалаштириш нималигини яхши билишмайди. Аммо пул тикиш эвазига бирдан бойиб кетиш ва қимор ўйинлари ҳақидаги рекламага ҳар куни дуч келишади. Бу мутаносиблик бузилганидан далолат беради.


Онлайн қимор фақат иқтисодий эмас, руҳий муаммо ҳамдир. Қарзлар ортиб борганда инсонда қўрқув, уят, тушкунлик ва умидсизлик пайдо бўлади. Айримлар муаммосини яқинларидан яширади. Ёлғизлик ҳисси кучаяди. Энг оғир ҳолатларда бу жиддий руҳий инқирозларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун қиморга қарамликни шунчаки иродасизликка йўйиш хато. Бу руҳий ва ижтимоий ёндашувни талаб қиладиган масаладир.


Муаммога қарши курашиш фақат тақиқлар билан чекланмаслиги лозим. Хусусан, мактаб ва олий ўқув юртларида молиявий саводхонлик дарслари кучайтирилиши керак. Шунингдек, онлайн қиморни жозибали ҳаёт ва бойлик манбаи сифатида кўрсатувчи контентларга қарши жамоатчилик иммунитети шакллантирилиши зарур. Қолаверса, ота­оналар фарзанд­ларининг молиявий ҳолати билан мунтазам қизиқиб туриш­лари лозим. Айниқса, қарз ва қимор муаммосига дуч келган ёшлар учун руҳий-маънавий ва ижтимоий маслаҳат хизматлари кенгайтирилиши керак.


Онлайн қимор кўплаб йигит-қизларнинг таълимига, келажагига, ­оилавий муносабатларига ва иқтисодий барқарорлигига путур етказаётган жиддий ижтимоий хавфдир. Бир қарашда телефон экрани ортида кечаётган оддий ўйин каби туюлган жараён аслида миллионлаб сўм зарар, қарздорлик ва оғир руҳий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Жамиятнинг вазифаси ёшларни айблаш эмас, балки уларни ушбу тузоққа тушишдан олдин огоҳлантириш, молиявий саводхонликни ошириш ва ҳақиқий муваффақият меҳнат, билим ва сабр орқали қўлга киритилишини англатишдан иборатдир.


Баҳодир ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид