Бедарак йўқолганларни қидиришда ҳар бир дақиқа муҳим — UzAlert жамоаси
2020 йил 10 декабрь куни Ўзбекистонда мамлакатдаги биринчи ва ҳозирча ягона қидирув-қутқарув отряди UzAlert ташкил этилди. Ушбу волонтёрлик ҳаракати бедарак йўқолган инсонларни қидириш, уларнинг яқинларига кўмаклашиш ҳамда жамиятда бефарқликка қарши курашиш мақсадида фаолият юритади.
Бугунги кунда минглаб кўнгиллиларни бирлаштирган UzAlert нафақат қидирув ишларини амалга оширмоқда, балки инсонпарварлик ва ўзаро ёрдам маданиятини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Биз UzAlert қидирув отряди маъмурлари Елена Маҳмудова ва Вероника Сысоева билан суҳбатлашдик.
– Аввало, UzAlert қандай ташкил топган ва унинг асосий миссияси нимадан иборат?
– Гуруҳнинг ташкил этилишига Тошкентда бир қизнинг йўқолиб қолиши сабаб бўлган. Ўшанда бефарқ бўлмаган инсонлар билан қизнинг онасига ёрдам беришга қарор қилиб, махсус қидирув гуруҳини яратганмиз. Гарчи қиз топилган бўлса-да, гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирди. Вақт ўтиши билан гуруҳ ҳақида ички ишлар органлари, журналистлар, шифокорлар, ғаввослар, бошпана ходимлари, автобус парклари, блогерлар ва бошқа кўнгиллилар ҳам билиб олишди. Шундай қилиб, “UzAlert” тобора кенгайиб борди.
Бугунги кунда гуруҳ ИИБ, Миллий гвардия, Бахтсиз ҳодисалар бюроси, “Меҳр саховат” бошпанаси, шифохоналар, вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналари, “Yandex Go” ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз. Зарурат туғилганда ФВВ, ғаввослар ва кинологлар ёрдамига ҳам мурожаат қиламиз.
Гуруҳ фаолияти тўлиқ кўнгиллилик асосида олиб борилади ва ҳеч қандай молиявий йиғимлар ташкил этилмайди.
Бугунги кунда 30 мингдан ортиқ кўнгилли иштирокчилар мавжуд.
Кўнгилли бўлиш учун гуруҳнинг исталган каналига қўшилиш кифоя.
Гуруҳнинг шиори: “Одамларга одамлар керак!” Отряд йўқолганига 30 кундан ошмаган ҳолатларда фаолият юритади ва қидирув ишларига фақатгина яқин қариндошлари томонидан ички ишлар органларига расмий ариза берилганидан кейин жалб этилади. UzAlert бутун Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб боради ва унинг асосий мақсади йўқолган инсонларни ўз яқинлари бағрига қайтаришдир.
– Гуруҳнинг номи ҳақида тўхталсангиз...
– «Alert» сўзи хавотир сигнали маъносини англатади, «Uz» эса Ўзбекистонни ифодалайди. Отряд номи унинг фаолиятига тўлиқ мос келиши ва асосий вазифасини акс эттириши керак эди. Шу тариқа UzAlert номи пайдо бўлган.
– Йўқолган инсон ҳақида хабар келгач, дастлабки соатларда қандай чоралар кўрасиз?
– Агар инсон бедарак йўқолса, унинг яқинлари аввало ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, расмий ариза топшириши лозим. Ариза қабул қилинганидан сўнг, қариндошларнинг розилиги билан биз ўз ишимизни бошлаймиз.
Баъзи ҳолларда тезкор ходимларнинг ўзи ҳам бизга мурожаат қилади. Бундай вазиятда биз йўқолган шахснинг яқинлари билан боғланиб, уларга ёрдамимиз керак ёки йўқлигини аниқлаймиз. Агар улар розилик билдирса, қидирув ишларини бошлаймиз.
Ишимиз бедарак йўқолган инсон ҳақида маълумот тўплашдан бошланади. Биз қидирув эълонларини тайёрлаб, уни барча ижтимоий тармоқларда тарқатамиз. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам катта ёрдам кўрсатади.
Маъмурият аъзолари дарҳол шифохоналар, руҳий саломатлик муассасалари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан боғланишни бошлайди. Волонтёрлар эса эълонларни тарқатиш, пиёда қидирув ишларида қатнашиш ва эълонни жамоат жойларига жойлаштириш билан шуғулланади.
– Қидирувнинг муваффақиятли бўлишида энг муҳим омиллар нималар?
– Вақт. Инсоннинг яқинлари бизга қанчалик тез мурожаат қилса, қидирув ишлари шунчалик самарали кечади. Дастлабки соатларда олинган маълумотлар ва тезкор ҳаракатлар кўп ҳолларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
– Йўқолганлар орасида болалар улуши қанчани ташкил қилади ва болалар йўқолишининг энг кўп учрайдиган сабаблари қандай?
– Кўпинча 14–18 ёшли ўсмирлар йўқолади. Бунга оиладаги тушунмовчиликлар, меҳр етишмаслиги ёки аксинча ҳаддан ташқари назорат сабаб бўлиши мумкин. Баъзан ўқувчи мактабдаги паст баҳоси учун ота-онасидан қўрқиб уйга қайтмайди.Кичик ёшдаги болалар кўпинча кўчада ўйинга берилиб кетиши, нотўғри автобусга чиқиб қолиши, ўз бекатидан ўтиб кетиши ёки транспортда ухлаб қолиши сабабли адашиб қолади. Аксарият ҳолларда улар қидирувнинг илк соатларидаёқ топилади.
- Нима учун йўқолишнинг дастлабки соатлари муҳим ҳисобланади?
– Вақт бизнинг фаолиятимиздаги энг муҳим омил ҳисобланади. Масалан, турли касалликларга чалинган кекса инсон қисқа вақт ичида бошқа туман ёки вилоятга кетиб қолиши мумкин.
Болалар билан боғлиқ ҳолатларда эса аҳоли ёлғиз юрган болаларга тезроқ эътибор қаратади ва бу ҳақда UzAlert, маҳалла нозири ёки 102 хизматига хабар беради. Шунинг учун дастлабки соатлар қидирув самарадорлиги учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
– Кўнгиллилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?
– Отряд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берилмаган ҳолатларда қидирув ишларини олиб бормайди. Шу сабабли ҳамкорлик бевосита ва доимий равишда йўлга қўйилган.
Ҳар бир бедарак йўқолиш ҳолати бўйича тезкор ходимлар билан алоҳида мулоқот гуруҳлари мавжуд. Қидирув жараёнида йиғилган барча маълумотлар — қўнғироқлар натижалари, волонтёрлардан келган маълумотлар ва пиёда қидирувлар натижалари тезкор ходимларга етказиб борилади.
– Қидирув жараёнида замонавий технологиялар ва ижтимоий тармоқлар қанчалик ёрдам бермоқда?
– Бу воситалар қидирув ишларининг ажралмас қисмига айланган. Telegram, Instagram, Facebook, Threads ва Одноклассники каби платформалар орқали эълонлар тезкор тарқатилади, волонтёрлар жалб қилинади ва қидирув жараёни ҳақидаги энг сўнгги маълумотлар эълон қилинади.
Шунингдек, шаҳар ҳаракати сервислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Масалан, Yandex Go ҳайдовчиларига ҳам қидирувдаги инсонлар ҳақидаги маълумотлар етказилади ва улар эҳтимолий маълумотларни UzAlert’га хабар қилишлари мумкин.
– Фаолиятингиз давомида сизни энг кўп таъсирлантирган воқеа қайси бўлган?
– «UzAlert»даги фаолиятим мени нафақат педагог, балки юксак ижтимоий масъулиятга эга инсон сифатида ҳам шакллантирди. Бу ерда ҳар куни инсон ҳаётининг қадрини янада чуқурроқ англайсиз. Йўқолган инсонларни қидириш жараёни бошқаларнинг дардига бефарқ бўлмасликни ва ҳатто кичик ёрдам ҳам катта натижа бериши мумкинлигини кўрсатади.
– Узоқ пайт топилмаган, аммо якунда ижобий бўлган қидирувлар ҳақида сўзлаб бера оласизми?
– Бизнинг отряд томонидан олиб борилган қидирувлардан бири олти ойдан зиёд давом этган. Руҳий касаллиги бўлган бир йигит бедарак йўқолган ва узоқ вақт давомида унинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. Бироқ бир неча ой ўтгач, муҳим хабар келди: у шифохоналардан бирида топилди. Энг муҳими, у тирик эди. Энг қувончли лаҳза эса унинг оиласи билан қайта учрашгани бўлди.
Бу воқеа бизга яна бир бор умидни ҳеч қачон йўқотмаслик кераклигини кўрсатди.
– Йўқолган инсон топилиб, оиласи билан учрашган пайтдаги ҳис-туйғуларни қандай тасвирлаган бўлардингиз?
– Яқин инсоннинг йўқолиши бу умид ва ноаниқлик орасида кечадиган оғир ҳаётдир. Аммо инсон топилгани ҳақидаги хабар келганда, барча оғир кечинмалар ўрнини енгиллик, шодлик эгаллайди.
Оила аъзоларининг қайта учрашуви пайтидаги кўз ёшларини сўз билан ифодалаш қийин.
– Сизлар учун иш жараёндаги энг қийин вазият қайсилар?
– Энг катта қийинчиликлардан бири кузатув камералари ёзувларини кўриб чиқиш билан боғлиқ жараёнлардир. Рухсатномалар, техник муаммолар ёки камераларнинг ишламаслиги қидирувни секинлаштириши мумкин. Шунингдек, кўнгиллилар етишмаслиги ҳам муҳим муаммо ҳисобланади. Агар қидирув болага тааллуқли бўлса, вазиятнинг руҳий оғирлиги янада ортади. LED экранлар орқали эълонлар тарқатиш имкониятларини кенгайтириш, видеокузатув тизимларини ривожлантириш ва ягона тиббиёт муассасалари базасини яратиш қидирув самарадорлигини оширган бўлар эди.
– Афсуски, қидирув фожиали якун топган ҳолатлар ҳам учрайди. Бундай вазиятларда жамоа ва оила аъзолари билан ишлаш қанчалик қийин?
– Бундай ҳолатлар ҳар доим қалбимиздан чуқур жой олади. Биз яқинлари билан бирга қайғурамиз, чунки ҳар бир қидирув ортида инсон тақдири ва кимнингдир умиди туради.
Бу каби воқеалар ишимиз нақадар муҳим эканини яна бир бор эслатади ва бизни янада масъулият билан ҳаракат қилишга ундайди.
– Фуқаролар томонидан тарқатиладиган тасдиқланмаган маълумотлар қидирув ишларига қанчалик таъсир қилади?
– Тасдиқланмаган маълумотлар қидирув жараёнида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Турли миш-мишлар ва дезинформация жамиятда нотўғри тасаввурларни шакллантиради ва қидирув ишларини қийинлаштиради. Шунинг учун ҳар қандай маълумотни текшириш муҳим.
– Кўпроқ қайси тоифа инсонлар йўқолади?
– Кўпинча деменция ёки Альцгеймер касаллигига чалинган кексалар, руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлган шахслар ҳамда ўсмирлар йўқолади.
Ўсмирлар ҳолатида бу аксарият ҳолларда оилавий тушунмовчиликлар ёки ўтиш даври билан боғлиқ бўлади. Кичик ёшдаги болалар эса адашиб қолиши ёки транспортда йўлини йўқотиши мумкин. Бундай ҳолатларда улар одатда тез топилади.
UzAlert фаолияти давомида одам ўғирлаш ёки бошқа криминал ҳолатлар қайд этилмаган.
Шу ўринда йўқолиш хавфини камайтириш бўйича тавсиялар бериб ўтмоқчиман.
Болалар учун:
- Ота-онасининг Ф.И.О.си ва телефон рақамини ёддан билиши керак.
- Ёнида алоқа маълумотлари ёзилган карточка бўлиши лозим.
- Йўқолиб қолса, жойидан кетмасликка ўргатиш зарур.
- Янги суратлар мунтазам янгиланиб туриши керак.
- Телефон доим қувватланган ва геолокацияси ёқилган бўлиши мақсадга мувофиқ.
Кексалар учун:
- Кийимида Ф.И.О. ва яқинларининг телефон рақами кўрсатилган белгилар бўлиши керак.
- Соғлиғи ҳақида қисқа маълумот олиб юриши тавсия этилади.
- Ёрқин рангли кийим кийиши қидирувни енгиллаштиради.
- Яқинлари унинг кундалик маршрутлари ва одатий бориши мумкин бўлган жойларини билиши лозим.
Муҳим қоида: бола, кекса ёки соғлиғида муаммоси бор шахс йўқолганда 24 соат кутиш шарт эмас. Қидирув дарҳол бошланиши керак.
– Сизнингча, жамият болалар хавфсизлиги ва йўқолганларни қидириш масаласига етарлича эътибор қаратяптими?
– Жамият қидирув ишларини қўллаб-қувватлашга тайёр. Одамлар ориентировкаларни ижтимоий тармоқларда тарқатади, маълумот беради ва қидирувларда қатнашади. Энг муҳими аҳолимиз бефарқ эмас.
– Келажакда UzAlert’ни қандай кўришни хоҳлайсиз?
– Биз ўзимиздан кейин шунчаки ташкилот эмас, балки инсонларга ёрдам бериш маданиятини қолдиришни истаймиз. Янги волонтёрлар масъулият ва ҳар бир инсон ҳаётининг қадрини англаб фаолият юритишини хоҳлаймиз. Халқимизга эса энг асосий мурожаатимиз шундай бўлар эди: «Инсонларга инсонлар керак». Энг оғир вазиятларда айнан меҳр, қўллаб-қувватлаш ва бефарқ бўлмаслик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Келажакда UzAlert янада кучли, янада кўп волонтёрларни бирлаштирган ва мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида фаол ишлайдиган ҳаракатга айланишини истаймиз.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0