Қаҳрамонлар таҳсил олган даргоҳ
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрда, Қорақалпоғистон Республикасининг тўнғич олий таълим даргоҳи, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ташкил топганининг 90 йиллиги муносабати билан республика анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, хорижий давлатлардан, шуниннгдек илмий-татқиқот марказлари раҳбарлари, олимлар, профессор-ўқитувчилар қатнашди.
Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбой Оринбаев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини институт ташкил қилинганининг 90 йиллик шодиёнаси билан табриклаб, кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ педагог-ўқитувчиларга унвон ва кўкрак нишонлар топширди. Шундан сўнг АҚШ халқаро агентлиги ходими Джозеффо Чарманто, Озарбайжон Республикасидаги Хазар университетидан Элвин Аббос бейли, Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Мамуровлар шонли сана билан барчани қутлади.
Таъкидланганидек, мазкур институт Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудидаги илк ўқув юртларидан бири бўлиб, у 1934 йили ўша вақтдаги пойтахт ҳисобланган Тўрткўл шаҳрида ташкил қилинган ва таркибида 12 нафар ўқитувчи, 42 нафар талаба бўлиб, олий таълим маркази сифатида фаолият бошлаган. Таълим маскани узоқ йиллар халқ таълими соҳаси учун кадрлар тайёрлаб келди. 1992 йилдан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти дея юритилиб келинаётган муқаддас даргоҳда кўпгина таниқли инсонлар таҳсил олган. Жумладан Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Алланияз Ўтениязов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Иброҳим Юсупов, Хива шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” директори бўлиб фаолият юритган Вера Борисовна Пак, машҳур археолог олим Ғайратдин Хўжаниязов, фан соҳасига муносиб ҳисса қўшган академиклар Марат Нурмуҳаммедов, Собир Камолов, Амин Бахиев, Жуманазар Бозорбоев, Ҳусниддин Ҳамидов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов ва бошқалар шулар жумласидандир.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, институтда ҳозирги кунда 11 факультет, 2 та бўлим, 32 кафедра бор. Уларда 26 бакалавр таълим йўналиши ва 19 магистратура мутахассислиги бўйича 17 мингдан зиёд ёшлар таълим олади. Шунингдек, 600 нафарга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритиб келмоқда.
Фотима АБДУРАИМОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0