Ўзбекистон халқаро метрик конвенцияга қўшилмоқчи. Бу нимани ўзгартиради?
Бу конвенцияга аъзо бўлиш орқали Ўзбекистон экспорт-импортдаги ускуналар ва товарларнинг ўлчовлари дунё бўйича тан олиниши, бу орқали Жаҳон савдо ташкилотига киришдаги техник тўсиқларни камайтиришни мақсад қилган. Ташкилотга тўла аъзолик бадали йилига 60,6 минг долларни ташкил этади ва Ўзбекистоннинг ҳозирги қисман аъзолик мақомидан кўра кўпроқ ҳуқуқлар беради.
2 август куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Халқаро метрик конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақидаги қонун маъқулланди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати батафсил маълумот берди.
Бу конвенция – бутун дунёдаги ўлчов бирликларини (масалан: метр, килограмм, градус ва ҳоказо) ягона тизимга солиш, уларни халқаро даражада тан олиш ва техник ҳамкорликни ривожлантириш учун тузилган халқаро шартнома.
Ўзбекистон бу тизимга тўлиқ аъзо бўлмоқчи, чунки экспорт ва импортда ишлатиладиган ускуналар ва маҳсулотлар ўлчовлари дунё бўйича тан олиниши ва бу орқали Жаҳон савдо ташкилотига киришдаги техник тўсиқларни камайтиришни мақсад қилган.
2018 йилдан буён Ўзбекистон бу конвенцияга “уюшган аъзо” сифатида қисман қўшилган. Шунингдек, ўлчовлар бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Энди
Ўзбекистон унга тўлиқ аъзо бўлмоқчи. Бу эса қуйидаги имкониятларни беради:
- халқаро йиғилишларда овоз бериш;
- илмий лойиҳаларда иштирок этиш;
- махсус ускуналарни арзонроқ нархда олиш;
- мутахассисларни халқаро лабораторияларда ўқитиш;
- ўз ускуналарини халқаро даражада бепул калибрлатиш (яъни аниқ ишлашини текширтириш).
Конвенцияга аъзо бўлган давлат томонидан экспорт қилинадиган маҳсулотлар сифатли ва аниқ ўлчовли деб тан олинади, халқаро стандартларга мос иш юритиш имконияти пайдо бўлади, импорт қилинадиган техникаларни сертификатлаш осонлашади ва унда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар жаҳон бозорида тан олинади.
Конвенцияга қўшилгандан сўнг 2025 йил учун бюронинг аъзолик бадалини тўлаш учун давлат бюджетидан 60 648 евро миқдорида маблағ ажратилиши, шунингдек, 2026 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларини шакллантиришда бюронинг йиллик аъзолик бадалини тўлаш билан боғлиқ харажатлар назарда тутилган.
2018 йил 13 июлдан уюшган аъзо сифатида йилига 13,4 минг доллар тўланмоқда.
Халқаро метрик конвенция ҳақида
ХМК – 1875 йилдан бери фаолият юритаётган халқаро ташкилот. Ҳозирда 64 та давлат тўлиқ аъзо. Бош офиси Францияда жойлашган. Ҳар 6 йилда Парижда йиғилиш ўтказилади.
Мазкур конвенция 14 та моддадан иборат бўлиб, дастлаб 1875 йил 20 май куни қабул қилинган.
Шундан сўнг 1907, 1913 ва 1921 йилларда конвенция матнига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси Франциянинг Севр шаҳрида жойлашган. Бюронинг асосий бошқарув органи – Халқаро қўмита бўлиб, у бир вақтнинг ўзида консультатив қўмиталарни бошқаради ва бош конференцияларни ўтказади. Шунингдек, бюро директори ва унинг ёрдамчиларини ҳам лавозимга тайинлайди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0