Ўзбекистонда пенсияга кеч чиқиш рағбатлантирилади
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди (Лам-ID: 10855).Муҳокама жараёни 2026 йил 30 сентябрга қадар давом этади.

Асосий янгиликлар ва ўзгаришлар:
Пенсия ёшининг босқичма-босқич оширилиши:
2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёши ҳар йили 3 ойдан ошириб борилади ва 2039 йилда эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёш этиб белгиланади. (Бунда пенсияолди ёшидаги фуқаролар учун бир қатор ижтимоий ва меҳнат кафолатлари сақлаб қолинади).
Иш стажи ва иш ҳақини ҳисоблаш тартиби:
2027 йил 1 январдан пенсия тайинлаш учун зарур бўлган минимал иш стажи (ҳозирда 7 йил) босқичма-босқич оширилиб, 2034 йилда 15 йилга етказилади.
Пенсия ҳисоблашда эътиборга олинадиган охирги 5 йиллик иш ҳақи даври босқичма-босқич 20 йиллик даврга етказилади (бунда фуқаронинг энг кам даромад олган 10 фоиз даври ҳисоб-китобдан чиқариб ташланади).
Жамғариб бориладиган пенсия (ЖБПТ) тизимидаги ислоҳотлар:
2027 йил 1 январдан ЖБПТ тизими АТ «Халқ банки»дан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказилади.
Фуқароларнинг ЖБПТдаги иштироки давлат томонидан қўшимча молиялаштириш (субсидиялаш) орқали рағбатлантирилади.
2030 йилдан бошлаб ЖБПТдаги йиғилган маблағлардан оғир касалликларни даволаш ҳамда ипотека кредитига бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи сақланади.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш:
2027 йил 1 январдан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқни бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Топширилган солиқнинг 10 фоизи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилиб, уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ҳомиладорлик нафақалари тўлаб берилади.
Кекса ёшдаги ходимлар ва оилалар учун енгилликлар:
55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳода қисқартирилган иш вақти жорий этилади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда ушбу ёшдаги оила аъзоларидан расмий даромад талаб қилинмайди.
Пенсияга кеч чиқишни рағбатлантириш:
2028 йил 1 апрелдан бошлаб пенсия ёшига етгандан сўнг меҳнат фаолиятини давом эттириб, 6 ёки 12 ой кеч пенсияга чиққан фуқаролар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган максимал иш ҳақи миқдори ортиб боради.







