Тошкентда "новостройка" нархи эскиларидан анча тез ўсмоқда
2026 йил январь ойида республика бўйича жами 28,6 мингта уй-жой олди-сотди битимлари расмийлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга кўп.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2026 йил январь ойи бўйича тақдим этилган таҳлилга кўра, Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Уй-жой савдолари ҳажми ошган, нархлар эса барқарор ўсиш тенденциясини намоён қилган.
2026 йил январь ойида республика бўйича жами 28,6 мингта уй-жой олди-сотди битимлари расмийлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга кўп экани билан эътиборли.
Айниқса, Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозори фаоллиги юқори бўлиб, умумий битимларнинг қарийб учдан бир қисми пойтахт ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда уй-жой савдолари ҳажми 33,4 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Самарқанд вилояти (26 фоиз) ва Сирдарё вилоятида (24 фоиз) кузатилди.
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар
Таҳлилга кўра, республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида 1 квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи ойлик ҳисобда 0,9 фоизга, йиллик ҳисобда эса 8 фоизга ошган.
Энг юқори нарх ўсиши қуйидаги ҳудудларда қайд этилди:
• Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари — тахминан 24 фоиз
• Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси — 16 фоиз атрофида
Бу кўрсаткичлар ҳудудларда уй-жойга бўлган талаб барқарор ортиб бораётганини кўрсатади.
Тошкентда уй-жой нархлари
Пойтахтда иккиламчи бозорда 1 квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 1120 АҚШ долларини ташкил этган. Ойлик ўсиш 0,6 фоизни, йиллик ўсиш эса 2 фоизни ташкил қилди.
Туманлар кесимида нархлар энг кўп ошган ҳудудлар:
• Яккасарой тумани — 5,7 фоиз
• Миробод тумани — 4,3 фоиз
Бирламчи уй-жой бозорида эса нархлар янада юқори суръатларда ўсиб, йиллик ҳисобда 9 фоиздан ортиқ кўпайган. Айниқса, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида сезиларли ўсиш қайд этилди.
Ижара бозорида ҳам ўсиш кузатилмоқда
Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси нархлари ҳам ошишда давом этмоқда. Ўртача ижара нархи 1 квадрат метр учун 8,8 долларни ташкил этиб, йиллик ўсиш 9 фоизга етган.
Энг қиммат ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида кузатилган. Шу билан бирга, Олмазор, Юнусобод, Яшнобод ва Чилонзор туманларида ижара нархлари ўсиш суръати юқори бўлган. Мутахассислар фикрича, кўчмас мулк бозоридаги мазкур ижобий динамика аҳолининг уй-жойга бўлган талабининг ортиши, қурилиш соҳасидаги фаоллик ҳамда иқтисодий жараёнлардаги барқарорлик билан боғлиқ. Бу эса келгусида ҳам уй-жой бозорида ўсиш тенденцияси сақланиб қолишини кўрсатади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0