Шуҳрат Ориф: «Ижод учун энг яхши давр — ҳозир»
Бугунги шиддатли давр журналист ва ижодкорлар зиммасига юксак масъулият юклаш билан бирга, ўз иқтидорини намоён қилиш учун кенг имкониятлар эшигини ҳам очмоқда. Хоразм воҳасида давом этаётган «Медиа ҳафталик» доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилиши ана шундай кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов иштирок этиб, соҳадаги ислоҳотлар ва ижодий жараёнлар ҳақида фикр юритди. У «Ижод учун энг яхши давр — ҳозир» деган ғояни илгари сурар экан, миллий журналистикамиз ривожида хоразмлик қалам аҳлининг ўрни ва салмоқли ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Айниқса, «Медиа ҳафталик» доирасидаги лойиҳаларнинг аҳамияти, улар ижодкорлар учун ўзига хос тажриба мактаби бўлаётгани таъкидланди.
Йиғилишда бўлимнинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар билан бирга, тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари ҳам тингланди. Кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири сифатида бўлим бошқарувининг янги таркиби, тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари сайланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги Конференциясида вилоятдан иштирок этадиган делегатлар ҳам белгилаб олиниб, бўлимнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» тасдиқланди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0