Сойлиқда олимпия рекордчиси Акбар Жўраев номидаги спорт мактаби очилди
Шукур, Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Айниқса, ҳозирги таҳликали даврда осойишталик ва хотиржамлик қадрини, унинг бебаҳо неъмат эканини теран англаб етяпмиз. Тинч ва осуда юртга эса тўйу тантана, бунёдкорлик ишлари олтин узукка қўйилган олмос кўздек ярашади.
Наврўз ва муборак Рамазон ҳайити арафасида юртимизда бир қатор тарихий аҳамиятга эга воқеалар рўй берди. Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида янги мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди. Пойтахтда кўп асрлик тарихимизни Янги Ўзбекистон тараққиёти билан боғлайдиган Ислом цивилизацияси маркази очилди. Самарқандда эса Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси фойдаланишга топширилди. Бу каби бунёдкорликларни дунё ҳамжамияти мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этмоқда.
Ана шундай хайрли ишлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳам давом этди. Гўзал тоғлар қўйнида жойлашган, халқ орасида «Ўзбекистон Швейцарияси» деб таърифланадиган ушбу ҳудудда яна бир муҳим иншоот – Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт мактаби фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда ижодкор зиёлилар, фахрийлар, спортчилар, жамоатчилик фаоллари жам бўлишди.
Дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, айниқса, спортга берилаётган эътибор ва имкониятларни алоҳида таъкидлади. Сойлиқликларни янги иншоот билан қутлади. Нуронийлар эса янги мактабдан келажакда юртимиз довруғини дунёга танитадиган Акбар Жўраев сингари таниқли спортчилар етишиб чиқишини тилашди.
Шундан сўнг тантанали равишда ленталар кесилиб, Акбар Жўраевга мактабнинг рамзий калити топширилди.
Тарихий манбалардан маълумки, Сойлиқ қишлоғи азалдан ўзининг бой ўтмиши, маънавий мероси ва фидойи фарзандлари билан танилган. Бу замин XV асрда Хожа Аҳрор Валийнинг вақф ерлари бўлгани, кейинги даврларда эса кўплаб олим ва зиёлиларни етиштиргани билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ушбу табаррук маскандан чиққан спортчилар жаҳон майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Хусусан, Олимпия рекордчиси, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби, уч карра жаҳон чемпиони, касаба уюшмаси спортчиси Акбар Жўраев каби афсонавий спортчиларимизни бугунги кунда бутун дунё танийди ва тан олади.
Янги спорт мактабининг барпо этилиши айнан шу анъаналарнинг давоми бўлди. Бундан ўн йиллар олдин тоғли ва чекка ҳудудда жаҳон стандартларига жавоб берадиган бундай мажмуа қурилиши кўпчилик учун ушалмас орзудек туюларди. Бугун ўша орзулар амалга ошди.
Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт мактаби Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мажмуа замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Унда кенг ва қулай спорт зали, бир нечта машғулот хоналари, стадион, мажлислар зали, методик хоналар, ётоқхона ва ошхона каби барча зарур инфратузилма яратилган. Бу чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларни спортга жалб қилиш ва иқтидорини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Спорт мактаби келгусида янги чемпионлар, Ватанимиз байроғини халқаро ареналарда янада баланд кўтарадиган ёшларни тарбиялайдиган муҳим масканга айланиши шубҳасиз. Зеро, Акбар Жўраевнинг муносиб издошлари айнан шу ерда шаклланиши, Янги Ўзбекистоннинг янги олтин авлоди етишиб чиқиши учун замин ҳозирланди.
Мухтасар айтганда, Сойлиқда бунёд этилган мазкур иншоот нафақат бир ҳудуд ёки бир соҳа ютуғи, балки мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ёшларга кенг имкониятлар яратиш йўлида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Ishonch.uz
Фото: Эъзоза Умр




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0