Сибирь дарёларини Марказий Осиёга йўналтириш мумкин(ми?)
Ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида Россиянинг Обь ва Енисей дарёларини минтақамизга йўналтириш ғояси ўртага ташланган эди. Турли қарама-қаршилик, тушунмовчиликларни енгиб, узоқ истиқболни кўзлаган бу таклиф собиқ Иттифоқнинг қатор вазирликлари, ҳатто, Вазирлар кенгашида ҳам кенг муҳокама этилганди.
Ўша вақтда ҳукумат топшириғи билан аксарият Иттифоқ ва республикамизнинг соҳага оид илмий-тадқиқот институтларида лойиҳанинг техник-иқтисодий шартлари ишлаб чиқилади.
Хулосаларда ғарбий Сибирь дарёларининг сувлари Оқ денгиз орқали Шимолий муз океанига етиб бориши, аммо 20-25 миллиард кубметр сув океан балансига мутлақо таъсир этмаслиги айтилади. Бу ҳажмдаги сувнинг Марказий Осиёга етиб келиши эса, минтақанинг сув балансига ижобий таъсир кўрсатиши, хусусан, миллионлаб гектар янги ерлар ўзлаштирилишига, пахта ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми ошишига олиб келиши исботлаб берилади.
80-йилларнинг ўрталарига келиб, лойиҳа тайёр ҳолга келади, уни амалга ошириш учун 10-12 миллиард рубль ажратиш тўғрисида ҳукумат қарори ҳам чиқади.
Замон ўзгариб, «қайта қуриш» даври бошланиб, «мафкурабоши» Егор Лигачев мазкур лойиҳа самарасиз экани, ғарбий Сибирь дарёларининг йўналишини ўзгартириш минтақа учун зиён келтирилишини ўзича «исботлаб», Кремль раҳбарияти кўнглига ваҳима солади ва уни бу ғоядан қайтаришга эришади.
Аслида Сибирь дарёларининг умумий ҳажмидан бор-йўғи етти фоизигина йўналишини ўзгартириши ҳеч қандай фожиага олиб келмас эди. «Афсунгар сиёсатчи»нинг топшириғи билан Иттифоқда «жамоатчилик фикри»ни шакллантириш кампанияси бошлаб юборилади. Залигин, Распутин сингари ёзувчилар ва бошқа олимларнинг марказий нашрларда чиқишлари уюштирилади. Хуллас, собиқ Иттифоқ Компартиясининг Сиёсий бюроси «жамоатчилик фикри»га таяниб, мазкур лойиҳани бекор қилишга «мажбур бўлади».
Россияда Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган Шоқосим Шоисломов ўзининг «Вспоминая...о будущем» («Келажак ҳақида ўйлар») китобида бу лойиҳа атрофида фикр юритади. Унинг ёзишича, юқоридаги воқеадан тахминан ўн беш йиллар ўтгач, Москва мэри Юрий Лужков мазкур лойиҳани қайта тиклашга уринади.
Ҳатто, рус матбуотида «Сув бу товар, уни сотиш керак», деган талқинлар пайдо бўлади.
– Сув ва қишлоқ хўжалиги бўйича йирик мутахассис, давлат арбоби Исмоил Жўрабеков топшириғига кўра, Юрий Михайлович билан бир неча марта мазкур масала юзасидан учрашганман. У менга Россия Президенти Владимир Путин ташаббуси билан экспертлар ва мутахассислар хулосаси тайёрланганини айтиб берган, – деб эслайди Шоқосим Исмонович.
Экспертлар гуруҳи раҳбари этиб академик Данилов-Данильян тайинланади. Олимнинг совет даврида ҳам мазкур лойиҳага қарши чиққани ёдга олинса, бу сафарги хулосасини тахмин қилиш ақли расо кишига мушкуллик туғдирмайди...
Ғарб олимларининг келажак тахминларига кўра, дунё океани суви сатҳининг кўтарилиши оқибатида керагидан ортиқ сувга эга бўлган Буюк Британия ва Нидерландия айрим ҳудудларини йўқотиши ёки сув остида қолиши мумкин. Сувга зор давлатлар эса бундан буён қурғоқчилик ва сувсизликка баттар дучор бўладилар, деб ўйлайдилар.
Сув балансини тўғри тақсимлаш бугунги куннинг долзарб мавзуси. Дипломатнинг қатъий фикрича, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳисобга олганда истиқболда Сибирь дарёлари бизнинг минтақамизга етиб келади. Янги ҳисоб-китоблар бўйича, лойиҳанинг нархи 25 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин. Муҳими, истак ва сиёсий ирода керак, холос.
Шу ўринда ота-боболаримиз 40 кун ичида фақат кетмон билан Катта Фарғона каналини бунёд этганликларини эслаб ўтиш лозим...
Бугун қўшни давлатда қурилаётган «Қўштепа» канали баланси учун Сибирь сувлари ниҳоятда зарур. Қозоғистон ва Туркманистон мазкур улуғвор лойиҳани қўллашларига шубҳа йўқ.
Сибирь дарёлари нафақат минтақамиз, балки қўшни республикалар учун ҳам манфаатли. Канал кенг ва чуқур қурилган тақдирда ундан кемалар эркин ҳаракатланишига имкон яратилади. Бу ўзаро савдо айланмаси ишида камхаржликка олиб келади. Ҳар давлатда бандаргоҳ-портлар қуриладики, кўплаб янги иш ўринлари пайдо бўлади.
«Волга – Дон» ва «Москва» канали каби шлюз-насос тизими ишлаб чиқиш зарурияти туғилади. Сувнинг бир қисми баҳорда тупроқларни шўрдан тозалашда, бошқаси ёзда вегетация даврида фойдаланиш учун сув омборларига йўналтирилади. Сувнинг қолган қисмини Орол денгизини тўлдириш учун сарфлаш мумкин.
Биргина Ўзбекистон мисолида олинадиган бўлса, сувсиз қақраб ётган чўл ҳудудларида миллионлаб гектар ерлар ўзлаштирилади, минглаб инсонлар иш билан таъминланади. Қишлоқ хўжалиги, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини яна бир неча баробарга ошириш имкони юзага келади.
Қолаверса, минтақамизда сезиларли равишда иқлим ўзгариши кузатилмоқда. Аҳоли тобора кўпаяр экан, 2050 йилга бориб мамлакатимизда яшовчилар, фаразларга кўра, 50 миллион кишига етади. Шунинг баробарида минтақада сув учун кураш хавфи сезиларли ошади...
Аброр ХОН
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0