Россияда мигрантлар учун тўловлар кескин оширилиши мумкин
Давлат Думаси келаси ҳафта чет эл фуқаролари учун давлат божларини бир неча баробарга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини муҳокама қилади.
Қуйи палата раиси Вячеслав Володиннинг маълум қилишича, Россия фуқаролигини олиш учун тўланадиган бож ҳозирги 4 200 рублдан 50 минг рублгача — қарийб 12 баравар оширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, вақтинча яшаш учун рухсатнома тўлови 1 920 рублдан 15 минг рублгача, яшаш гувоҳномаси учун бож эса 6 минг рублдан 30 минг рублгача кўтарилиши мумкин.
Бундан ташқари, хорижий ишчиларни жалб этиш учун бериладиган рухсатнома бўйича ҳам тўловларни ошириш таклиф қилинган. Унга кўра, ҳар бир мутахассис учун давлат божи 15 минг рублни ташкил этиши мумкин.
Расмийларга кўра, мазкур ўзгаришлар федерал бюджетга йилига қўшимча 15 миллиард рубл маблағ келтириши кутилмоқда. Володиннинг таъкидлашича, янги чоралар миграция соҳасида тартибни кучайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, у Россияда яшовчи чет элликлар мамлакат тилини билиши, қонунларга риоя қилиши ҳамда миллий анъана, тарих ва маданиятни ҳурмат қилиши шартлигини эслатди.
Маълум қилинишича, 2024 йилдан буён Россияда миграция сиёсатига оид 22 та федерал қонун қабул қилинган бўлиб, ҳозирда яна 10 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0