Россияда мигрантлар пул ўтказмасига 5 фоизлик йиғим таклиф қилинди

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) чет эл фуқароларининг Россиядан бошқа давлатларга пул ўтказмаларига 5 фоиз миқдорида мажбурий йиғим жорий этишни таклиф қилди. Бу таклиф Молия вазирига юборилган.

09:50 | 18.09.2026
32
Россияда мигрантлар пул ўтказмасига 5 фоизлик йиғим таклиф қилинди
Катталаштириш

ЛДПР раҳбари Леонид Слуцкийнинг билдиришича, агар ташаббус қабул қилинса, банклар ва тўлов тизимлари ҳар бир ўтказма суммасининг 5 фоизини автоматик равишда ушлаб қолиб, федерал бюджетга ўтказади.

«Агар пул Россияда ишлаб топилган бўлса, унинг бир қисми шу ерда қолиб, иқтисодиётимиз ва халқимиз учун ишлаши керак», — деди Слуцкий.
Партия маълумотларига кўра, ҳозир чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россиядан хорижга пул ўтказмалари алоҳида солиқ ёки мажбурий йиғимга тортилмайди.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мигрантлар ҳар йили Россиядан қарийб 25 миллиард доллар олиб чиқиб кетади. 2025 йилда Россиядан Қирғизистонга 3,2 миллиард доллар, Ўзбекистонга эса қарийб 18,9 миллиард доллар миқдорида пул ўтказилгани мисол сифатида келтирилган.

ЛДПР бу йиғим федерал бюджетга қўшимча даромад келтириши, шунингдек, чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши билан боғлиқ айрим бюджет харажатларини қоплашга хизмат қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Ҳозирча бу фақат партиянинг таклифи. Мигрантларнинг хорижга пул ўтказмаларига 5 фоизлик йиғим жорий этиш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади