Пойтахт жамоат транспортида: тўловсиз юрган йўловчилар ва кондиционер муаммоси
2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида автобусларда нақд пулда йўл ҳақи тўлаш бекор қилиниши билан бирга, жамоат транспорти тизимида туб ўзгаришлар бошланди. Энди йўлкира фақат банк карталари, мобил иловалар ёки QR-чипталар орқали тўланади. Расмийларга кўра, бу қарор йўловчилар сонининг 30−40 фоизга ошишига сабаб бўлган, тизим шаффофлашган ва хавфсизлик ортган. Бироқ, амалиётда барчаси шунчалик силлиқ кечмаётгани аён бўлмоқда.
Шаҳар бекатларининг кўпчилиги электр тармоғига уланмаган, ахборот дўконлари йўқ, ва кўплаб йўловчилар ҳали ҳам тўлов тизимларига тўлиқ мослашмаган. Айниқса, кекса авлод вакиллари ёки банк картаси бўлмаган фуқаролар учун бу ўзгариш қўшимча ташвиш туғдирмоқда. Шунингдек, ҳайдовчилар орасида ҳам норозилик мавжуд: айримлари йўлкира учун тўлов ҳайдовчининг назоратидан чиқиб кетганидан норози, айримлари эса янги тартиб интизомга ижобий таъсир қилганини тан олади.
Рақамлаштириш ғояси ўз-ўзидан тўғри бўлса-да, мавжуд инфратузилма ва аҳолининг тайёргарлиги билан боғлиқ муаммолар унинг самарали ишлашига тўсқинлик қилмоқда. Шу боис, нақд пулсиз тизим тўлақонли ишлаши учун фақат техник жорий этиш эмас, балки ижтимоий, ахборот ва инфратузилма йўналишларида ҳам комплекс ечимлар зарурлигини кўрсатмоқда.
Тошкент жамоат транспортида нақд пул тўловининг бекор қилиниши жамоатчилик орасида турлича муносабатларга сабаб бўлмоқда. Транспорт тизими раҳбарлари тизим тўлиқ ишлаётганини ва йўловчилар сони ошганини таъкидлаётган бўлса-да, “Ishonch.uz” таҳририяти бу даъволар ҳақиқатга қанчалик яқинлигини ўрганиш мақсадида бир қатор автобус йўналишларида кузатув олиб борди.
Биз 2, 145, 100, 51, 115, 72, 24, 88, 9T ва 199 сонли автобусларга чиқиб, йўловчиларнинг ҳақиқатан ҳам йўлкира тўлаётгани, ҳайдовчилар ва назоратчиларнинг ҳолати, бекатларда инфратузилма мавжудлиги каби масалаларни жойида ўрганди.
Масалан, 51 сонли автобусда олиб борилган кузатувлар эътиборга лойиқ. Олой бозори — Юнусобод бозори оралиғида қатнов қилган автобусда жами 5 нафар мактаб ўқувчиси тўлов қилмасдан тушиб кетганини кузатди. Улар автобусга чиққач, ҳеч қандай карта ёки QR-чиптадан фойдаланмаган, ва бу ҳаракат ҳайдовчи томонидан ҳам назорат қилинмаган.
Шунингдек, 24 сонли автобусда Юнусобод бозори — Alfraganus университети оралиғида жами 12 нафар йўловчи ҳеч қандай тўлов қилмасдан йўлини давом эттирди. Бу эса жорий тизимда назоратнинг сустлиги, тўловни тасдиқлаш механизмларининг етарли даражада ишламаётганини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда жамоат транспортида айрим йўловчиларнинг тўловсиз ҳаракатланиши жиддий муаммога айланган. Биз битта автобусда ўзоғи билан 10 минут юрганмизда шу воқеага гувоҳ бўлдик. Кун давомида битта автобусда нечи нафардан ортиқ йўловчи тўлов қилмасдан манзилига етиб олган экана.
Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича: “Бу ҳолат биз ҳайдовчиларни анчадан бери ўйлантириб келмоқда. Бундай вазият бизга бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, бу масалани кўтарадиган бўлсак, маъмурият томонидан танбеҳ эшитишимиз мумкин.”
Олдинларда эса вазият бошқача бўлган деярли автобусларда назоратчиси бўлган шунинг учун — барча йўловчилар ўз вақтида пул тўларди ва бу борада унча катта муаммолар кузатилмас эди.
Шунингдек, тўлов қилмаслик ҳолатларига нисбатан жарималар ҳам нисбатан кам эди. Ҳозирги вақтда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, автобусда чипта олмасдан ёки тўлов қилмасдан ҳаракатланган шахслар учун жарима белгиланган бўлиб, у 37,5 минг сўм — яъни белгиланган БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида ҳисобланади.
Аммо, ушбу жарималарнинг жорий этилиши ва унинг самарали қўлланилиши ҳам муаммони тўлиқ ҳал эта олмаяпти. Шу боис, жамоат транспортида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жарималарнинг самарали қўлланилишини таъминлаш ва йўловчиларни тўлов қилишга мажбурлаш борасида янада қатъий чоралар кўрилиши зарур.
Яна бир долзарб муаммо: автобуслардаги кондиционер муаммоси Йўловчилар билан мулоқот давомида аниқланишича, ёзнинг иссиқ кунларида кўплаб автобусларда кондиционер ёқилмайди. Бу ҳолат йўловчиларга катта ноқулайлик туғдирмоқда. Биз неча нафар йўловчи билан бўлган суҳбат қилганмизда улар қуйидагича фикр билдирди: “Шахсан ўзим бир неча марта мурожаат қилганман. Ёзда иссиқда автобусда ҳаво йўқлиги чидаб бўлмас даражага етади. Ҳайдовчилардан кондиционерни ёқишни сўрасак, эътибор беришмайди. Бундай шикоятларим бўйича бир неча бор мурожаат қилганман, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади.”
Бу ҳолат ҳам жамоат транспорти сифати ва хизмат кўрсатиш маданияти билан боғлиқ муҳим масала эканини кўрсатмоқда. Рақамлаштириш ва тўлов тизимидаги ўзгаришлар қатори, техник қулайликлар, хусусан ёзда кондиционер ишлаши каби инсон саломатлигига бевосита таъсир қилувчи омиллар ҳам эътиборсиз қолмаслиги керак. Фуқаро 1062 қисқа рақамига мурожаат қилганда, уларнинг мурожаати кўриб чиқилмайди ёки юзаки жавоблар билан чекланилади. Айрим ҳолларда мурожаатга расмий тарзда "автобус эски", "эҳтиёт қисмлар йўқ" каби баҳоналар билан жавоб берилади. Бундай ёндашув фуқароларнинг ишончини пасайтиради ва муаммоларнинг ечими чўзилишига сабаб бўлмоқда. Мурожаатларнинг ҳар бири жиддий кўриб чиқилиши, аниқ ва асосли жавоблар берилиши лозим. Ахир бу рақам халқ учун хизмат қилиши керак! Ёки бўлмаса кондиционер ёқмаслгни кўпинча иккита муаммоси бўлиши мумкун
1. Техник носозликлар Автобуслардаги кондиционер тизимлари вақт ўтиши билан эскиради ёки турли техник муаммоларга дуч келади. Масалан, кондиционер компрессори ишлашни тўхтатиши, совутиш суюқлиги (фреон) йўқолиши ёки тизим ичидаги филтрлар ифлосланиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатларда кондиционер яхши совутмайди ёки умуман ишламайди. Шунингдек, автобусларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тизими етарлича самарали ташкил этилмаган бўлиши мумкин. Мавсумий кўриклар етарлича ўтказилмаса, кичик носозликлар ўз вақтида бартараф этилмай, каттароқ муаммога айланади. Натижада кондиционер тизими ишламай қолади, йўловчилар эса иссиқ ва ноқулай шароитда саёҳат қилишга мажбур бўлади.
2. Энергия тежаш
Кўплаб автобус компаниялари учун ёнилғи ва электр энергияси харажатлари катта муаммо ҳисобланади. Кондиционер тизимлари электр қувватининг катта қисмини сарфлайди, айниқса катта йўловчи ташувчи автобусларда.
Шу сабабли баъзи компаниялар иссиқ мавсумда кондиционерни доимий равишда ёқмай, уни фақат қисқа вақтлар давомида ишлатади ёки умуман ўчиришга қарор қилади. Бу энергияни тежашга ёрдам беради, аммо йўловчилар учун ноқулайлик туғдиради. Айниқса, шаҳар ичидаги тирбандликларда ёки узун йўлларда, кондиционерсиз саёҳат қилиш айниқса қийин бўлади.
Бу муаммо нафақат йўловчиларнинг шикоятига сабаб бўлади, балки уларнинг транспортга бўлган ишончини ҳам камайтиради. Шу боис, транспорт хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар энергияни тежаш билан бирга, йўловчиларга қулайлик яратиш ўртасида мувозанатни сақлашга интилиши зарур.
Тошкентда нақд пулсиз тўлов тизимининг жорий этилиши транспорт соҳасида ижобий ўзгаришларни келтирди, аммо инфратузилма ва аҳоли тайёргарлигидаги камчиликлар тизим самарадорлигини пасайтирмоқда. Тўлов назоратининг сустлиги ва кондиционерларнинг ишламаслиги эса йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун техник хизмат кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш зарур.
Даврон ЭРГАШЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0