“Қора олтинчи”лар ташкилоти: ОPЕК нима ва нега муҳим?
2026 йил 28 апрель ойи охирида БАА Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEK) аъзолигидан чиқишини эълон қилди. Бу Яқин Шарқдаги асосий нефт экспортчисининг гуруҳдан биринчи марта чиқиб кетишидир. БАА бутун OPEK ишлаб чиқаришининг 11,9 фоизини ташкил қилади. Бунга Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви, БААга ҳужумлар ва Ҳормуз бўғозидаги чигал вазият сабаб бўлди. Хўш, OPEK қандай ташкилот ва нима учун муҳим, БАА нега ундан чиқиб кетди деган саволлар туғилади.
Нефт дунёдаги асосий энергия манбаи ва замонавий иқтисодиёт учун муҳим хомашё ҳисобланади. Кўпгина мамлакатларнинг фаровонлиги ва барқарорлиги нефт бозорига боғлиқ. Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEK – ингл. The Organization of the Petroleum Exporting Countries) эса 1960 йилда нефт қазиб олиш сиёсатини мувофиқлаштириш, мунтазам маҳсулот етказиб беришни таъминлаш ва бозорларни барқарорлаштириш учун ташкил этилган ҳукуматлараро тузилмадир. У аъзо давлатлар ўртасида квоталар шаклида тақсимланадиган умумий ишлаб чиқариш лимити белгилаш орқали нефть нархларини тартибга солади.
Ташкилот йирик нефт қазиб олувчи давлатлар – Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони, Қувайт ва Венесуэла томонидан ташкил этилган. OPEK аъзолари сони бир неча бор ўзгарган. Ҳозирда ташкилот 12 та давлатдан иборат: бешта асосчи давлатдан ташқари, булар Жазоир, Габон, Конго Республикаси, Ливия, Нигерия, Бирлашган Араб Амирликлари (собиқ) ва Экваториал Гвинеядир. Бу мамлакатлар дунёдаги тасдиқланган нефть захираларининг тахминан учдан икки қисмини ташкил қилади, бу захираларнинг тахминан 65% Яқин Шарқда жойлашган. OPEK аъзолари глобал нефт қазиб олишнинг тахминан 40 фоизини ташкил қилади.
OPEKнинг бошқарув органи - бу аъзо давлатлар конференцияси бўлиб, у мунтазам равишда, одатда нефт ва энергетика вазирлари даражасида йиғилади. Тузилманинг бош ижрочи органи Вена шаҳрида жойлашган Бош котиб бошчилигидаги доимий котибият саналади. Ташкилот бюджети ишлаб чиқариш ёки экспорт ҳажмидан қатъи назар (ўртача 1-2 миллион доллар) аъзо давлатларнинг йиллик тенг бадаллари ҳисобидан шакллантирилади.
OPEK хартиясига кўра, аъзолик “хом нефтнинг катта миқдорда соф экспортига эга бўлган ва манфаатлари одатда аъзо давлатларнинг манфаатларига мос келадиган ҳар қандай мамлакат” учун очиқ. Янги аъзоларни қабул қилиш ёки аъзоликни тиклаш тўғрисидаги қарор OPEK конференциясида қабул қилинади. Барча аъзо давлатларнинг учдан тўрт қисмининг ижобий овози етарли, шу билан бирга таъсисчи давлатларнинг розилиги талаб қилинади. Агар номзод давлат аъзоликка эга бўлмаса, унга ассоциациялашган аъзо мақоми берилиши мумкин, бу унга OPEK бошқарув органининг барча йиғилишларида иштирок этиш ҳуқуқини беради, аммо овоз бериш ҳуқуқисиз. Бу мақом шунингдек, таъсисчи давлатларнинг овозларини ҳам қўшган ҳолда OPEK аъзоларининг учдан тўрт қисмининг розилигини талаб қилади.
Агар бирор мамлакат ташкилотдан чиқишга қарор қилса, у ўз қарорини конференцияда эълон қилиши шарт. Чиқиш кейинги календар йилининг бошида кучга киради, чунки мамлакат ўзининг молиявий мажбуриятларини бажармасдан ташкилотни тарк эта олмайди.
OPEK тарихида ўтган асрнинг 70-йиллари муҳим ўрин тутади. Ташкилот ва Қўшма Штатлар қарама-қаршилиги президент Никсон Америка иқтисодиётини рағбатлантириш мақсадида олтин стандартини бекор қилганида – долларни олтин нархидан ажратганда кучайди. Бу нефт экспортчилари учун молиявий йўқотишларга олиб келди, улар ўз даромадларини долларда олишарди. Кейин, 1973 йил октябрь ойида “Қиёмат куни” уруши содир бўлди, бу Исроилнинг араб дунёси билан тўртинчи можароси эди. Ғарб мамлакатлари Исроилни қўллаб-қувватладилар. OPEK аъзолари ишлаб чиқаришни кескин қисқартиришди, нефт нархларини 70 фоизга оширишди ва кейин Қўшма Штатлар, Нидерландия ва Португалияга етказиб беришга эмбарго қўйишди. Бу нефт танқислиги, инфляциянинг ўсиши ва кейинчалик Ғарб мамлакатлари учун стагфляцияга олиб келди.
Нефт бозоридаги вазият ўн йилликнинг охиригача давом этди: 1973 йилдан 1980 йилгача бир баррел учун нарх ўн баравар ошди. OPEK аъзоларининг хазиналари нефт долларлари билан тўлдирилди. Кўпгина мамлакатлар кенг кўламли иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширдилар ва чет элларга, жумладан, Қўшма Штатлар ва Европага инвестиция киритдилар. OPEK шунингдек, халқаро ривожланиш жамғармасини ҳам ташкил этди.
Ғарб мамлакатлари янги шароитларга дарҳол мослаша олмадилар, аммо охир-оқибат умумий энергия сарфини камайтирдилар ва бошқа нефт манбаларини, масалан, Норвегия, Буюк Британия ва Мексикани топдилар. СССР ҳам доллар зонасига экспортини кўпайтирди: 1970 йилда у 67 миллион тонна нефт экспорт қилган бўлса, беш йилдан сўнг у 93,1 миллион тоннага, 1980 йилга келиб эса 119 миллион тоннага кўтарилди.
Қизиқ томони, ушбу ташкилот аъзолари орасида урушлар содир бўлган. 1980-йилларда нефт нархи пасайиб кетди. 1986 йилга келиб, OPEK аъзоларининг даромадлари 60-80 фоизга камайди. Вазият 1980 йилдан 1988 йилгача давом этган Эрон-Ироқ уруши билан янада оғирлашди, ўшанда икки OPEK аъзоси тўқнашди. Кейин 1990-1991-йиллардаги Форс кўрфази уруши юз берди, Ироқ Қувайтга бостириб кирди. Бу маълум вақт ташкилотнинг бирлигига путур етказди.
OPEK аъзолари сони бир неча бор ўзгарган. Энг сўнгги аъзолар Экваториал Гвинея (2017 йил май) ва Конго Республикаси (2018 йил июн) бўлган. Ташкилот тарихида аъзоларнинг чиқиб кетиши ва қайтишига оид бир нечта мисоллар мавжуд. Масалан, 1973 йилда қўшилган Эквадор OPEKни икки марта тарк этди: 1992 йилда квоталар бўйича келишмовчиликлар туфайли, 2007 йил ноябр ойида қайта қўшилди ва кейин 2020 йил январь ойида бюджет тақчиллиги ва катта ташқи қарз шароитида даромадларни кўпайтириш зарурати туфайли яна чиқиб кетди. Габон 1975 йилдан 1995 йилгача OPEK аъзоси бўлган, аъзолик бадаллари бўйича низолар туфайли чиқиб кетган ва 2016 йилда қайта қўшилган. 1962 йилдан бери аъзо бўлган Индонезия 2009 йилда ташкилотни тарк этди ва соф экспортчи мақомини йўқотди. У 2016 йилда қайтиб келди, аммо ўша йилнинг ноябрь ойида зарур ишлаб чиқариш ҳажмини таъминлай олмагани учун яна аъзолигини тўхтатди.
Шунингдек, тузилмани бутунлай тарк этган мамлакатлар ҳам бор. Қатар 2019 йил 1 январда ташкилотни тарк этди ва буни “техник қадам” деб атади, чунки мамлакат газ қазиб олишга эътибор қаратган эди. Ангола 2024 йил январ ойида OPEKни тарк этди ва квоталарга қарши эканлигини эълон қилди. У чекловлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бюджет даромадларини сақлаб қолишга тўсқинлик қилаётганига ишонган.
2026 йил 28 апрелда БАА OPEK ва OPEK + (OPEK аъзолари ва Россияни ҳам ўз ичига олган яна 10 та давлатдан иборат коалиция)дан чиқиб кетаётганини эълон қилди. 2026 йил феврал ойида Ҳормуз бўғози блокадасидан олдин БААнинг квотаси кунига 3-3,5 миллион баррелни ташкил этди (Саудия Арабистони ва Ироқдан кейин учинчи ўринда), бу OPEK умумий ишлаб чиқаришининг 11,9 фоизини, OPEK + ишлаб чиқаришининг 7,3 фоизини ва глобал ишлаб чиқаришнинг тахминан 4 фоизини ташкил қилади.
Мамлакат энергетика вазири Суҳайл ал-Мазруий ташкилотдан чиқиш қарорини нефт сиёсатини мустақил равишда белгилаш истаги билан изоҳлади. Сўнгги йилларда мамлакат OPEK квоталарига қарши чиқди, бу қийматларни жуда паст деб ҳисоблади (БАА аслида кунига қарийб 5 миллион баррел ишлаб чиқариш қувватига эга). Нима бўлганда ҳам, БААнинг ушбу қарори жаҳон бозорига таъсир қилиши ва ташкилот обрўсига хавф солиши аниқ.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0