Нафақа, моддий ёрдам, цемент... яна нима истайсиз?
Нафақалар, моддий ёрдамлар, субсидиялар, имтиёзли кредитлар – буларнинг барчаси инсонни мушкул аҳволдан чиқариш, у оёққа туриб олиши учун яратилган имкониятдир.
Бироқ айрим ҳолатларда ана шу эзгу мақсад нотўғри тушунилиб, ижтимоий ёрдам доимий тирикчилик манбаи сифатида қабул қилинаётгани кузатилмоқда. Бу жамиятда боқимандалик кайфияти кучайишига сабаб бўлаётгани билан хавотирлидир.
Ана шундай ҳолатлардан бири уйчилик Н.Қ. мисолида намоён бўлди. У уч нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбияламоқда. Давлат унга мунтазам равишда болалар нафақаси тўлаб келмоқда. Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 1 миллион 800 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ҳам ажратилган. Ва яна маҳаллий солиқ тушумларининг 10 фоизли улуши ҳисобидан хонадонни таъмирлаш учун 2 тонна цемент олиб берилган. Яъни мутасадди ташкилотлар ва давлат томонидан муайян кўмак чоралари кўрилган.
Бироқ Н.Қ. шунча ёрдам олаётганига қарамасдан, турли давлат идораларига яна моддий кўмак сўраб мурожаат қилишда давом этмоқда. Ачинарлиси, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, меҳнат қилиш, касб ўрганиш ёки даромад манбаи яратиш орқали турмушини яхшилашга интилиш ўрнига, тайёр ёрдамни кутишга одатланиб қолган.
Аслида ижтимоий ёрдамнинг мазмун-моҳияти мутлақо бошқача. У инсонни боқиманда қилиш учун эмас, аксинча, қийин вазиятдан чиқиб кетишига кўмаклашиш учун берилади. Инсон қўллаб-қувватлов орқали ўзини тиклаб олиб, кейин мустақил ҳаёт кечиришга интилсагина, бу ёрдам ўз самарасини беради.
Ҳаёт шуни кўрсатадики, меҳнат қилиб топилган ризқнинг қадри ҳам, баракаси ҳам бошқача бўлади. Тайёр ёрдам эса эҳтиёжни вақтинчалик қондириши мумкин, аммо инсон ҳаётга муносабатини ўзгартирмаса, муаммоси ечим топмайди. Шу боис айрим кишиларга ижтимоий кўмак бериш билан бир қаторда, уларда меҳнатга интилиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик қилиш ва ўз ҳаёти учун масъулият ҳиссини шакллантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, фаровон турмушга тинимсиз изланишлар, ҳаракат ва ҳалол меҳнат орқали эришилади.
Анваржон ҲАЛИМОВ
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0