Молия вазирлиги пенсия ёшини нима учун оширилиб бориши ҳақида изоҳ берди
Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда. Молия вазирлиги бунинг асосий сабабларини демографик ўзгаришлар, аҳолининг умр кўриш давомийлиги ортиши ва пенсия тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш зарурати билан изоҳлади.

Ўзбекистонда умумий пенсия ёши 1993 йилдан буён ўзгармаган. Шу даврда аҳолининг турмуш шароити ва тиббий хизматлар яхшиланиши натижасида туғилишда кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги 67,9 ёшдан 75,4 ёшга етган.
Шу билан бирга, пенсия ёшига етганидан кейин ҳам меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқаролар сони ортиб бормоқда.
Молия вазирлиги қайд этишича, яна бир муҳим омил — аҳолининг демографик кексайиши. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда пенсионерларнинг умумий аҳолига нисбати 2025 йилдаги 11,2 фоиздан 2040 йилга бориб 15 фоизга етиши кутилмоқда.
Аҳоли таркибида пенсионерлар улушининг ортиши келгусида пенсия тўловларини молиялаштиришда меҳнат қилаётган авлод зиммасига тушадиган юкни ошириши мумкин.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, 2024 йилда ташкилотга аъзо давлатларда ўртача нормал пенсия ёши эркакларда 64,7 ёш, аёлларда эса 63,9 ёшни ташкил этган.
Шу сабабли Ўзбекистонда пенсия ёшини бирданига эмас, балки босқичма-босқич — ҳар йили 3 ойдан ошириб бориш таклиф этилмоқда.
Молия вазирлигига кўра, ушбу ёндашувдан кўзланган асосий мақсад пенсия тизимини демографик ўзгаришларга мослаштириш ва унинг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлашдан иборат.







