+30C

+30C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Йўл ҳаракати қоидаларини ўқитишга жиддий қараш вақти келмадими?

37 19:19 | 05.06.2026 19:19

Мавзуни ўрганиш жараёнида пойтахтимиздаги 110- ва 145- мактаблар олдига бориб, ўқувчилар билан суҳбатлашдик. Улардан «Мактабда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш учун махсус жиҳозланган хона борми? Сиз у ерга киргансизми?» деб сўрадик.


Кўпчилик ўқувчилар бундай хона борлигини билмаслигини, айримлари эса умуман кириб кўрмаганини айтишди. Фақат бир-икки нафар ўқувчигина мактабда шундай хона мавжудлигини таъкидлади.


Бор бўлса ҳам, бу хонага ҳамма ўқувчилар ҳам кирмаган. Биз Мирзо Улуғбек туманидаги йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишда энг намунали ҳисобланган 256-мактабда бўлганимизда ҳам у ерда махсус хона фақат кўргазмали плакатлардан иборатлигини кўрдик. Амалий ва жонли дарслар ўтиш учун эса шароит етарли эмас.


2022 йил апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 212- сонли қарори тасдиқланиб, унда Ички ишлар вазирлигига Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари» намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ушбу лойиҳалар асосида 2022 — 2025 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари»ни ташкил этиш дастури ва ижросини таъминлаш белгиланган. Қарорга биноан умумтаълим мактабларида йўл-ҳаракати қоидаларини ўргатишга мўлжалланган махсус хоналардан ташқари, амалий дарслар учун майдончалар ташкил этилиши белгиланган. Аммо орадан шунча вақт ўтганига қарамасдан, ўқувчиларга йўл-ҳаракати қоидаларини ўргатиш қониқарсиз аҳволда. Оқибатда эса дарсдан қайтаётганда, репититорга бораётганда, кўчага, дўконга чиққанида қанчадан-қанча болалар йўл транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлмоқда. Албатта, унда қоидабузар ҳайдовчиларнинг ҳам катта айби бор, аммо ҳавфни ҳис қилиш хусусиятининг шакллантирилмаётгани, эҳтиёткорликка яхши ўргата олмаётганимиз ҳам болаларимизни қийин ва бахтсиз ҳодисаларга дучор этмоқда.


Статистика.. Қани эди у ҳақда билмасак…


Ички ишлар органлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисаларида юзлаб болалар жабр кўради. Уларнинг кўпчилиги мактабга бораётганда ёки қайтиб келаётганда ҳалокатга учрайди. Автобусдан тушиб йўлни кесиб ўтиш, пиёдалар йўлагидан юриш ёки катталар назоратисиз ҳаракат қилиш баъзан фожиа билан якунланмоқда.


Энг ачинарлиси, айрим мамлакатларда болалар ўртасидаги оғир касалликлардан кўра, йўл-транспорт ҳодисалари кўпроқ ҳаётга зомин бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистонда 2024 йилда 2199 нафар одам ЙТҲда вафот этган бўлиб, уларнинг 281 нафарини болалар ташкил этган бўлса, 2025 йилда 2188 нафар ўлим ҳолати кўрсаткичининг 245таси болаларга таалуқли. Шунинг учун бу масалага фақат ҳайдовчиларнинг масъулияти сифатида қараш етарли эмас. Аввало, болаларни хавфсиз ҳаракат қилишга ўргатишимиз керак. Хўш, бугун замонни интерактив технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайдиган, қуруқ маърузалар қулоққа кирмайдиган бир даврда дунё давлатлари ўз болаларига йўл ҳаракати қоидаларини ва хавфларини қандай ўргатмоқда?


Германия тажрибаси


Болалар хавфсизлиги бўйича энг яхши натижаларга эришган давлатлар йўл қоидаларини оддий фан эмас, балки ҳаётни сақлаб қолиш кўникмаси сифатида ўргатади.


Германия бу борада энг илғор давлатлардан бири ҳисобланади. Мазкур давлатда яшаётган юртдошимиз Маърифат Нурнинг айтишича, илк билимлар боғчада содда, бироқ амалий ўтилади. Мактабда эса йўл ҳаракати тарбияси биринчи синфдан бошланади. Болалар махсус машғулот майдончаларида велосипед ҳайдаш, пиёда ҳаракатланиш ва хавфли вазиятларни аниқлашни амалда ўрганади. Бу жараёнда мактаб, полиция ва ота-оналар ҳамкорликда иштирок этади. Германияда ҳатто мактаб йўллари бўйича махсус машқлар ва велосипед имтиҳонлари ўтказилади.


Болалар учун ташкил этиладиган дарслар жуда таъсирчан бўлиб, полиция ходимлари махсус манекенлар ёки саҳналаштирилган вазиятлар орқали машина зарбаси қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатиб беришади. Натижада ўқувчилар ўз кўзи билан хавфни кўриб, қоидаларни китобдан ўқиганидан кўра яхшироқ эслаб қолади.


– Бир сафар мен ҳам мактабнинг махсус майдончасидаги шундай тадбирда қатнашдим, – дейди Маърифат Нур. – Полициячи амаки бурнининг устидан ясама узун бурун тақиб олди. Йўл четида белгиланган жойда турмасдан ичкарироқ тургани учун, юриб келаётган машина унинг бурнини уриб кетди ва у ерга думалади. Шунда полициячи «Ана, кўрдингизми, белгиланган жойда турмаганим, шошим ўтмоқчи бўлганим учун, машина бурнимга зарар етказди. Бошқа сафар қўлим ёки оёғимга зарар етказиши мумкин. Ҳаттоки, бутун танамни уриб кетса, вафот этишим ҳам ҳеч гап эмас» дея тушунтирди. Йўл қаторларидаги кўринмас ҳавфларни кичик элетромобилчалар ёрдамида кўрсатиб беришди. Ўша машғулот нафақат болалар, балки биз ота-оналар учун ҳам қизиқарли бўлганди.


Япония амалиёти бутун дунё учун намуна


Ўзбекистонда кўнгилли волонтёр бўлиб ишлаган педагог-психолог Сатоко Огава Япония тажрибаси ҳақида гапирар экан, йўл ҳаракати хавфсизлиги таълими бутун ўқув жараёнига сингдирилганини таъкидлади. Болаларга фақат қоидалар эмас, хавфни олдиндан сезиш ва баҳолаш кўникмаси ҳам ўргатилади. Дарслар алоҳида тарзда ҳам, жисмоний тарбия, синф соатлари ва махсус машғулотлар билан бирлаштирилган тарзда ҳам бўлиб ўтади. Мактаб – полиция – оилалар ҳамкорликда махсус семинарлар ташкил этилади. Унда амалиёт майдончаларида каскадёрлар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари саҳналаштирилади. Болалар хавфли ҳаракатнинг оқибатини ўз кўзи билан кўради. Мутахассислар фикрича, бундай амалиёт болалар хотирасида узоқ сақланади ва хавфсизлик маданиятини шакллантиради. Шу боис бундай жонли йўл ҳаракати дарслари бутун дунёда қизиқиш уйғотмоқда.


Ички ишлар ходими қачон дарсга кирган?


Ўқувчилар билан мулоқотимизда биз уларга ушбу савол билан ҳам юзландик. Афсуски, жавоблар қониқарсиз бўлди. Кимдир «Ҳа кирган, қайси бир йили, аниқ эсимда йўқ» деган жаввобни берса, айримлари «Йўқ, бизда бундай дарс бўлмаган» деди, айримлар эса жорий ўқув йилида бир марта шундай учрашув бўлганини эслади.


Дарсликларда йўл қоидаларига оид мавзулар борми?


Бир пайтлар йўл-ҳаракати қоидаларини ўрганишга бағишланган алоҳида дарслар ҳозир йўқ, қисқаришга учраган. Бироқ у қайсидир фан ичида қўшиб ўтилса керак, деган фикрда эдик. Биз суҳбатлашган педагоглар ҳам «Келажак соати» ва «Тарбия» дарсларидагина йўл қоидалари ҳақида мавзулар бўлиши кераклигини баён этишди. Аммо 256- мактабга бориб, дарсликларни топиб, айнан шу фанлардан машғулот ўтадиган устозлар билан гаплашиганимизда кўрдикки, «Келажак соати»га киритилган мавзулар ичида йўл қоидаларига бағишлангани йўқ. «Тарбия» дарсида эса 2- ва 4- синф дарслигида бир соатдан жамоат транспорти ҳақидаги мавзу киритилган холос. Ана шу мавзулар ўтилганда, муаллимлар йўл қоидалари ҳақида ҳам гапириб кетишар экан. Амалий дарслар эса, агар уларни «амалий дарс» деб аташ мумкин бўлса, кўргазмали қуроллар асосидагина бутун мактаб ўқувчилари учун бир йилда бир марта ўтилса ўтилади, бўлмасам йўқ.


Энди айтингчи, йўлларда нобуд бўлган болалар тириклигида мактабида бундай дарсларда қатнашганмикан? Агар уларга амалий дарсларда пиёдалар йўлакчасидан ўтиш, ҳайдовчиларнинг кўриш бурчаги, тормоз масофаси ва юқори тезликнинг хавфини ҳис қилиш кабилар ўргатилганида 2024 йилдаги 281 нафар боланинг ёки 2025 йилда вафот этган 245 боланинг 50 ёки 30 фоизи, ҳеч бўлмаганда 10 фоизи ўша дарсдаги билимлари ас қотиб, тирик қолган бўлармиди?


Назария кам, амалиёт эса умуман етишмайди


Мавзуни ўрганиш чоғида биз интервью олган болаларнинг жавобидан аксарият мактабларда пиёдалар йўлакчаси макети, светофор модели, велосипед майдончалари, йўл белгиларини амалда ўрганиш имконияти йўқлиги маълум бўлди. Мутахассислар болаларнинг йўлдаги хавфни тўлиқ англаш қобилияти 12–14 ёшларда шаклланишини таъкидлайди. Шу сабабли уларни эрта ёшдан тайёрлаш муҳим. Болалар учун хавфсиз йўл муҳитини яратиш фақат йўл белгиларини ёдлатиш билан чекланмаслиги керак. Қолаверса, TikTok, YouTube ва видеоўйинлар даврида болага йўл-ҳаракати қоидаларини фақат оғзаки тушунтириш етарли эмас. Улар реал кўчаларда машқ қилиши, пиёдалар йўлакчасидан ўтишни амалда бажариши, ҳайдовчиларнинг кўриш бурчаги, тормоз масофаси ва юқори тезликнинг хавфини ҳис қилиши лозим. Чорраҳалардаги йўл-ҳаракати назариясида «қармоқ» деб аталувчи хавфли ҳолатлар қайси пайтда юз бериши, қачон бола унинг домига тушиб қолиши мумкинлиги кўрсатиб берилмас экан, «қуруқ» ўргатаётганимиз самара бермайди. Таклифимиз, Ички ишлар ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорликда дарсликларга бундай мавзуларни киритиши, уларни плакатлар орқалигина эмас, балки амалий ва жонли дарслар орқали ўргатиш чора-тадбирларини кўриши зарур ва лозим.


Юртимиз мактабларида ҳам йўл-ҳаракати қоидалари бўйича замонавий ўқув майдончалари, мини-кўчалар, светофорлар ва интерактив симуляторлар ташкил қилиш вақти аллақачон келган.


Чунки йўлларимиз автоуловлар билан тўла бир даврда уларга “эҳтиёт бўл” дейишнинг ўзи камлик қилади. Болаларни хавфни ҳис қилишга ўргатсаккина, уларнинг соғлиғини ҳам асрай олишимиз мумкин.


Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид