Испанияда Марказий Осиё ҳақидаги янги илмий қарашлар вужудга келмоқда
Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини қайта баҳолашга қаратилган илмий тадқиқотлар тобора кўпаймоқда. Бу жараёнда минтақа тарихи фақат муайян давлатлар ёки халқлар тарихи сифатида эмас, балки инсоният тараққиётининг муҳим қисми сифатида ҳам ўрганиляпти. Ана шундай муҳим илмий ишлардан бири Испанияда нашр этилган “Un milenio de globalizaciones en el Asia Central. De los albores de la Edad Media a la contemporaneidad” (“Марказий Осиёда минг йиллик глобаллашувлар: Илк ўрта асрлардан бугунгача”) китобидир.
Мазкур асар академик Азамат Зиё ҳамда Севиля, Кадис ва Валиядолид университетлари тарихчиларининг кўп йиллик ҳамкорлиги натижаси сифатида дунё юзини кўрди. Китобдан ўрин олган “Марказий Осиёнинг ялпи цивилизациялашув йўли” номли мақола эса Марказий Осиё тарихи бўйича шаклланган кўплаб қарашларга янгича назар ташлаши билан аҳамиятлидир.
Мақолада илгари сурилган асосий ғоялардан бири Турон цивилизацияси инсоният тарихидаги энг қадимги ва таъсирчан цивилизацион ўчоқлардан бири ҳисобланиши. Муаллиф фикрича, минтақа тарихи ташқи таъсирлар натижасида эмас, балки ўзининг ички тараққиёт қонуниятлари асосида шаклланган.
Таҳлилларга кўра, бундан 8000 йил аввал минтақада ўтроқ ҳаёт тарзи ва деҳқончилик пайдо бўлган. Кейинчалик сунъий суғориш тизимлари, шаҳарсозлик маданияти ва давлатчилик анъаналари шаклланиб, улар бутун минтақа тараққиётининг асосига айланади.Тадқиқотда Турон ҳудудида шаклланган қадимги савдо алоқалари алоҳида ўрин эгаллайди. Муаллифнинг таъкидлашича, машҳур Ипак йўлидан анча аввал Лаъл йўли, Ложувард йўли, Бадахшон йўли ва Туз йўли каби халқаро иқтисодий алоқалар тармоғи мавжуд бўлган.
Бу йўллар нафақат товарлар ҳаракатини таъминлаган, балки илм-фан, маданият, диний ғоялар ва технологияларнинг тарқалишига ҳам хизмат қилган. Шу маънода Турон инсоният тарихидаги дастлабки глобаллашув жараёнларининг муҳим марказларидан бири сифатида баҳоланади.
Мақолада Турон цивилизациясининг жаҳон маънавий меросига қўшган ҳиссаси ҳам кенг ёритилган. Хусусан, зардуштийлик, буддавийлик ва ислом цивилизациялари ривожида минтақа муҳим ўрин тутгани таъкидланади. Марказий Осиё асрлар давомида турли маданиятлар ва диний қарашлар учрашган ҳудуд бўлиб келган. Бу эса бағрикенглик, илмга ҳурмат ва маънавий тараққиёт муҳитини шакллантирган.
Мақоланинг энг салмоқли қисмларидан бири IX–XII асрлар ҳамда Темурийлар даврига бағишлангани. Муаллиф Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Термиз, Насаф, Кеш, Фарғона ва Тошкент каби марказларда етишиб чиққан юзлаб олимларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини таҳлил қилади. Европа Уйғониш даври ва илмий инқилобининг илдизлари маълум маънода Марказий Осиё илмий муҳити билан ҳам боғлиқ экани таъкидланади.
Тадқиқотда Амир Темур шахсига алоҳида эътибор қаратилган. Муаллиф уни фақат буюк саркарда сифатида эмас, балки улкан геосиёсий ва цивилизацион маконни бирлаштирган давлат арбоби сифатида баҳолайди.
Самарқанд марказига айланган Темурийлар давлати иқтисодий, маданий ва илмий тараққиёт учун кенг имкониятлар яратди. Натижада XIV–XV асрларда минтақада Иккинчи Уйғониш даври шаклланди. Бу жараён Улуғбек, Али Қушчи, Жомий ва Алишер Навоий каби буюк шахслар фаолиятида ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Мақолада XIX асрнинг иккинчи ярмида минтақа Россия империяси томонидан босиб олингани ҳам қайд этилади. Муаллиф бу даврни Турон цивилизацияси тараққиётидаги мураккаб босқичлардан бири сифатида баҳолайди. Шу билан бирга, тарихий жараёнлар қанчалик оғир бўлмасин, минтақа ўзининг цивилизацион салоҳиятини сақлаб қолгани таъкидланади.
Академик Азамат Зиё мақоласини рамзий хулоса билан якунлайди: “Ўзбекларда бир доно мақол бор: оққан дарё оқаверади”.
Испанияда нашр этилган мазкур тадқиқот ана шу ҳақиқатни илмий далиллар ва таҳлиллар асосида кўрсатишга уриниши билан аҳамиятлидир. У нафақат Марказий Осиё тарихи, балки инсоният цивилизацияси тарихи ҳақидаги тасаввурларни ҳам бойитади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0