«IELTS»  НАЖОТ ҚАЛЪАСИ(МИ?)

Ёдингизда бўлса, мамлакатимиз 2022 йилда илк маротаба PISA тестларида қатнашган эди. Унда ўқиш саводхонлиги бўйича ўқувчиларнинг атиги 12,2 фоизи 2-даражага, 1,8 фоизи 3-даражага ва 0,1 фоизи 4-даражага эришганди. Бу паст кўрсаткичлар анча вақт муҳокамалар марказига кўчганди.

14:12 | 15.09.2026
65
«IELTS»  НАЖОТ ҚАЛЪАСИ(МИ?)
Катталаштириш

Аниқлик киритиб ўтсак, мазкур тестда ёшлар ўз она тилидаги матнларни ўқиб, ундаги мантиқий боғлиқликни топиш, муаллифнинг мақсадини таҳлил қилиш ва танқидий хулоса чиқаришда сезиларли даражада қийинчиликка дуч келишган. Яъни, «техник ўқиш» бор, аммо асл мазмунни тушуниш даражаси жуда аянчли экани ўртага чиққан.

Асл муаммо ҳам шунда. Бугунги жамият бор эътибори ва сармоясини инглиз тили сертификати (IELTS)га қаратган бир пайтда, она тилида фикрлаш ва мушоҳада юритиш қобилияти иккинчи даражали масалага айланиб қолди. Ота­оналар фарзандининг инглизча луғат ёдлашига қувонади, лекин фарзандининг ўзбек тилидаги битта жиддий мақолани тушуниб, таҳлил қила олмаслиги билан иши йўқ. Ота-оналар бор будини, йиллаб йиққан сармоясини ўқув марказларига – «IELTS» аталмиш «нажот қалъаси»га сарфлаяпти.

«Golden Pages» маълумотларига кўра, биргина Тошкентнинг ўзида 677 та ўқув маркази расмий рўйхатга олинган. Шундан 409 таси бевосита инглиз тилини ўқитиш билан шуғулланади. Халқаро мактаблар сони 16 та бўлса, таълим тили инглиз тили бўлган, кучайтирилган тартибдаги мактаблар сони 21 тани ташкил қилади. Бу кичик рақамлар эмас. Биргина «Everest» ўқув марказининг Тошкент шаҳрида 21 та филиали, ўн беш мингдан ортиқ таҳсил олувчиси бор. «Inter Nation», «Cambridge learning centr», «Tompson school» каби ўқув марказларини қўшиб ҳисоблаганда, юз минглаб ёшларимиз инглиз тилини чуқур ўрганиш билан машғул.

Тўғри, тил ўрганиш осон жараён эмас, бунинг учун инсондан йиллаб сабр ва интизом билан меҳнат қилиш талаб этилади. Қўшимчасига, Тошкент шаҳрида курслар нархи 500 минг сўмдан 2 миллион сўмгача етган. Аслида ўқувчилар мактаб даврида ҳеч қандай қўшимча харажатларсиз инглиз тилини ўзлаштириши керак. Ҳозирда 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соатда ўқувчиларнинг ярми ҳам «B1» даражага эга бўлолмаётгани давлатимиз раҳбари томонидан қаттиқ танқид остига олингани ҳам бежиз эмас. Вазият шу ҳолга келдики, ёшлар назарида чет тилини (асосан инглиз тили) ўрганиш инсоннинг ижтимоий-интеллектуал даражасини кўрсатувчи ўлчовга айланган.

Сўнгги пайтларда жамият сифатидаги энг катта хатоларимиздан бири ҳам инглиз тилини барча муаммоларимизнинг ечими сифатида кўра бошлаганимиздир. Айрим ҳолларда 8 балл олган ёш йигит физика ёки математикадан ҳеч нарсани тушунмаса-да, жамият назарида оламшумул ихтиро қилгандек гавдаланмоқда.

Аксарият тил ўрганувчилар «IELTSсиз ўқишга киролмайман, ишга жойлаша олмайман, ойлигим ошмайди», деган фикрда келажакларини бир парча қоғозга боғлаб қўйишган. Аслида IELTS, TOEFL ёки бошқа тестларнинг асосий мақсади инсоннинг чет тилида дарсларга қатнашиши, матнни тушуниши ва фикрини етказа олишини аниқлашдир. Бу каби тестлар мутахассислик ёки касбий маҳорат ўрнини босмайди. Шундай бўлса-да, грант, имтиёз, устама, ишга олиш каби масалаларда IELTSнинг «оғирлиги» ортиб кетгани натижасида ёшлар кўпинча ўз йўналишидаги билимни чуқурлаштириш ўрнига, баллни оширишга вақт, куч ва маблағини сарфламоқда. Чунки инглиз тилининг ўзини яхши биладиган мутахассислар камчиликни ташкил қилади. Акс ҳолда ишга олинаётган ходимни биргина инглизча суҳбат орқали баҳолаш, ҳеч қандай сертификат талаб қилмаслик ҳам мумкин. Аммо керакли даражани мустақил аниқлай олмайдиган иш берувчилар IELTS ва CEFR каби сертификатларга таяниб иш кўришмоқда.

Мутахассислар бу жараённи дунёдаги илмий-техник ахборотларнинг катта қисми инглиз тилида экани билан боғлашади. Бирламчи манбаларга чиқиш, замонавий тадқиқотларни ўқиш ва халқаро ҳамкорлик қилиш учун инглиз тили кўп эшикларни очади. Лекин иккинчи томондан, жамиятда «тақлид механизми» ҳам кучли. Кимдир 7 ёки 8 олган бўлса, бошқаларга ҳам шу рақам «шарт» бўлиб кўринади. Ота-она ҳам, муҳит ҳам кўпинча заруратни эмас, шов-шувли натижани талаб қилади. Оқибатда йигит-қизнинг ўзига керак бўлган даража 6 бўлса ҳам, у 8 ортидан қувиб, вақтини ҳам, асабини ҳам, юқори балл учун сарфлайди. Айримлар эса нима учун кераклигини аниқ билмаган ҳолда, фақат «келажагимга керак» деган мавҳум тасаввур билан яна ва яна тест топширишда давом этади. Энг қизиғи, олинаётган сертификатларнинг ҳеч бири умумий инглиз тилини яхши билишимизни англатмайди. Қуйида келтириладиган таҳлиллар ҳам бу фикрнинг яққол далилидир.

Ўзбекистоннинг EF English Proficiency Index (EF EPI) халқаро рейтингидаги иштироки сўнгги йилларда турғунлик ва пасайиш динамикасини кўрсатмоқда. Мазкур индекс дунёда инглиз тилини она тили сифатида ишлатмайдиган давлатлар орасида аҳолининг тил билиш даражасини белгилайдиган энг йирик кўрсаткич бўлиб, у мамлакатларнинг глобал меҳнат бозори ва иқтисодий интеграцияга тайёрлигини ифодалайди. Афсуски, сўнгги уч йиллик таҳлиллар мамлакатимизда инглиз тилини ўзлаштириш борасидаги вазият яхшиланмаётганини кўрсатмоқда. 2023 йилда 113 та давлат орасида 93-ўринни эгаллаган бўлсак, 2024 йилда 98-ўринга, 2025 йилги ҳисоботга кўра эса 123 мамлакат ичида 104-ўринга тушиб кетдик. Ўртача баллнинг 439 дан 429 пунктгача пасайиши инглиз тилига бўлган оммавий қизиқиш ҳали-ҳануз сифатли натижага айланмаётганини кўрсатади.

Бу рақамлар ортида янада жиддий муаммо яширинган. Бизда тил ўрганиш кўпинча моҳиятга эмас, балки шаклга, яъни қуруқ сертификат ва имтиёзлар ортидан қувишга айланиб қолди. Тилни фақат моддий манфаат ёки чет элга кетиш воситаси деб билиш, ёшларнинг чин маънодаги интеллектуал салоҳиятини бўғиб қўймоқда. Натижада инглиз тилида гапира оладиган, аммо уни илм-фан ва миллий тараққиётга хизмат қилдиришга қодир бўлмаган қатлам шаклланмоқда. Биз тилни шунчаки техник кўникма сифатида ўзлаштириб, унинг қобиғида яширинган ёт маданиятларга кўр-кўрона сиғиниш, ўзликдан узоқлашиш даражасига тушиб боряпмиз.

Мухтасар айтганда, инсон ўз она тилини чуқур билмас экан, нечта чет тилини билишидан қатъи назар, унинг тафаккури юзаки бўлиб қолаверади. Тил – фақат мулоқот воситаси эмас, фикрлаш қуроли, маданият ва тарихни узатувчи асосий кўприкдир. Шу маънода, 50 мингта тил билиш ҳам инсонни маънан бой қилмаслиги мумкин, агар у ўз она тилида тўлиқ фикрлай олмаса...

Тилшунослар вазиятга ечим сифатида чет тиллардан воз кечиш эмас, балки мувозанатни барқарор ушлаш лозимлигини айтишади. Аввало, боғча ва мактаб таълимида она тилига жиддий эътибор қаратилиши, болаларнинг нутқи, фикр баёни, ўқиш ва ёзиш савияси юқори даражада шакллантирилиши керак.

Хулоса шуки, чет тилларни ўрганиш тараққиёт йўли, аммо бу йўл она тили пойдевори устига қурилмаса, барқарор бўлмайди. Миллат сифатида сақланиб қолиш, ривожланиш ва дунёга ўз сўзини айта олиш учун, энг аввало, она тилимизда мустаҳкам тафаккурга эга бўлишимиз шарт!

Адҳам ЭГАМБEРДИЕВ

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади